Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:11

OzodDayjest: Президент қизларидан сохта қаҳрамон ясашга уриниш қораланди


Президент қизларига нисбатан маддоҳлик авж олаётгани танқид қилинди. Пойтахтдаги новвойхоналарнинг учдан бир қисми санитар-гигиеник талабларга жавоб бермайди. Шоир Мирзо Кенжабек президент девонида ишлаган йилларини ўзи учун шараф деб ҳисобламаслигини айтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Президент қизларига нисбатан маддоҳлик авж олаётганидан хавотир билдирилди

Оммавий ахборот воситаларида президент Шавкат Мирзиёевнинг қизларига маддоҳлик, уларни кўтар-кўтар қилиш кучаймоқда (www.bong.uz, 23 июль). Давлат раҳбарининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раиси ўринбосари, кичик қизи Шаҳноза Мирзиёев Мактабгача таълим вазирлигининг мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишламоқда. Муаллиф Исомиддин Пўлатовга кўра, оммавий ахборот воситалари президент қизларининг оддий гапларини ҳам янги қитъа кашф этилгандек байроқ қилиб кўтармоқда, уларнинг кундалик ҳаётда қиладиган ишлари идеал сифатида талқин қилинмоқда. Журналистларнинг президент қизларидан сохта қаҳрамон ясашга уриниши эса халқнинг ғашига тегмоқда.

“Эски саҳнага янги қаҳрамонни чиқаришга уриняпмиз. Ваҳоланки, бу хайрихоҳлигимизни, мадҳияга ишқибозлигимизни президентнинг қизларига мутлақо қизиғи йўқ. Қизиғи бўлгандаям, фойдаси йўқ. Фойдаси йўқлигини, аксинча, жуда жиддий зарар келтиришини Гулнора Каримова мисолида кўрдик”, дея хулоса қилади муаллиф.

Тошкентдаги новвойхоналарнинг учдан бири санитария талабига жавоб бермайди

Тошкентда нон маҳсулотларининг каттагина қисми ҳовли-хонадонларда жойлашган новвойхоналарда ишлаб чиқарилмоқда, уларнинг учдан бир қисми эса санитар-гигиеник талабларга жавоб бермайди (“XXI аср”, 25 июль). Республика ишчи гуруҳи “Обод маҳалла” давлат дастури ижросини ўрганиш мақсадида ўтказган текширувларда ушбу ҳолат аниқланган. Масалан, новвойхоналардан бирида ишлаб чиқарилганига ярим асрдан ошган, қорайиб кетган чўмилиш ваннасида хамир қорилаётгани қайд этилган. Таъкидланишича, новвойхоналарда санитар-гигиеник назоратни кучайтириш лозим.

Шоир Мирзо Кенжабек президент девонида ишлаган йилларини “хижолатли давр” деб атади

Шоир, таржимон ва тасаввуфшунос олим Мирзо Кенжабек 1990-йилларда президент девонида ишлаган кезларини “хижолатли давр”, деб атади (www.kun.uz, 20 июль). “Президент девонида ишлаган йилларимни ўзим учун шараф, деб ҳисобламайман. Бу мен учун хижолатли бир давр эди. Нима учун? Мен партия, сиёсат мактабини кўрмаган йигит бўлганман. Бизда кўпроқ бетгачопарликка ўхшаш, ҳаётнинг камчиликларини юртнинг каттасига очиқ-очиқ айтишга ўхшаган ҳоллар кўп бўлардики, бу сиёсий доирада етишган шахсларнинг одобига унчалик мувофиқ келмас эди”, деб хотирлаган шоир М. Кенжабек президент Ислом Каримов маъмуриятидаги фаолият даврини. Ижодкор ўша кезлар кўп ҳаётий нарсалардан кўнгли қолганини ҳам қайд этган. “Хўш, биз нега қўлимиздан келадиган нарсаларни қилишга қодир бўлмадик? Бизни маҳдуд бўлиб яшашга нима мажбур қилди? Ўзимизни жамиятдан олиб қочишга нима мажбур қилди? Биз бошимизга сиёсий тўқмоқ тушади деган қўрқув билан қачонгача яшашимиз мумкин? Жамиятдаги ноҳақлик бўлиб туюлган ана шу нарсалар, одамлар орасидан душман қидириш кайфиятлари мени, халқ тили билан айтганда, “қўлни ювиб қўлтиққа уриш”га мажбур қилди”, деган шоир М. Кенжабек.

XS
SM
MD
LG