Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:47

OzodDayjest: Тошкент бозорларида гўшт нархи борасида кўзбўямачилик қилинмоқда


Ўзбекистон пойтахтидаги аксар бозорларида гўшт нархи бўйича аҳолини алдаш ҳоллари давом этаяпти. Қашқадарёлик она хорижга кетиш учун 2,5 ёшли ўғлини 2000 долларга пуллади. Кинодан илҳомланиб, ИИБ ходимини жароҳатлаган риштонлик ҳайдовчи жавобгарликка тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Гўшт савдосида кўзбўямачилик: мақсад халқни алдашми?

Тошкентнинг аксар бозорларида гўшт нархи борасида аҳолини алдаш давом этмоқда (“Оила даврасида”, 3 август). Расталарда “1 килограмм гўшт 25 минг сўм” деган ёзув ёпиштирилган, амалда эса 30 минг сўмдан 40 минг сўмгача сотилмоқда. Сотувчилар сохта нарх-наво кўрсатилган ёрлиқлар бозорлар маъмурияти томонидан ёпиштирилганини айтган. Харидорлар эса бу тарзда одамларни алдаб, кўзбўямачилик қилишни қоралаб, ўз норозилигини билдирган. “Бозорларда нима учун бундай ёзувлар осиляпти? Халқни алдаш учунми ёки қоғоздаги арзон гўштни қидириб, сарсон-саргардон бўлиб юриши учунми? Гўшт бу нархда сотилмас экан, бу ёзувлардан нима наф?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

Фарзандини “бозорга олиб борилган қўй каби” сотишга уринган она озодликдан маҳрум этилди

Тошкент шаҳри Сергели туманида чақалоқфурушлик билан боғлиқ жиноят фош этилди (“Постда”, 29 июль). Асли қашқадарёлик Азиза Эшқораева Тошкентда фоҳишалик билан шуғулланиб юриб, шу вилоятлик уста билан танишиб қолган. Иккиси қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб ўғил фарзандли бўлган. Бу орада чақалоқнинг отаси ишлаш учун Россияга кетган. Ўғлини икки ярим ёшгача парваришлаган аёл уни сотишдан келган даромад эвазига хорижга кетишни режалаштирган. “Онасининг қўлидан ушлаб олиб, атрофга олазарак боқаётган Лазизбек эса туққан волидаси аллақандай буюм каби сотиб юбораётгани, гўё бозорга олиб борилган қўй каби савдолашилаётганини англамас эди”, деб ёзади ИИБ нашри. Шу тариқа А.Эшқораева икки ярим ёшли боласини 2000 долларга сотишга уринаётганда ҳуқуқ идоралари томонидан қўлга олинган. Қайд этилишича, чақалоқфурушнинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ мажлисида кўрилган ва Азиза Эшқораевага Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жазо тайинланган.

Фарғонада ИИБ ходимини чет эл киноларидаги каби босиб кетмоқчи бўлган ҳайдовчи жазоланди

Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи автомобиль эгаси йўлда тўхтатган ИИБ ходимига бўйсунмади, боз устига, унга жароҳат етказди (“Ҳуқуқ”, 3 август). ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими “Нексия” автомобили эгасини қоидабузарлиги учун тўхтатган, аммо у бўйсунмаган. Шундан кейин ИИБ ходими машинани тўхтатиш учун капоти устига ётиб олган. Исми ошкор этилмаган ҳайдовчи эса унга жароҳат етказиб қочиб кетган. Қўлга олингач, ҳужжатидаги камчиликлар боис ИИБ ходимига бўйсунмаганини маълум қилган. ИИБ ходимига жароҳат етказган ҳайдовчига тегишли жазо берилган. Қайд этилишича, ҳуқуқбузар ҳайдовчи хориж фильмларидаги полициячидан қочиш эпизодларидан илҳомланган.

XS
SM
MD
LG