Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:47

OzodDayjest: Харидорлар мактаб бозоридаги нархлардан нолимоқда


Мактаб бозоридаги нархлар харидорлар норозилигига сабаб бўлаяпти. Тошкентдаги анҳорга ғарқ бўлган “Нексия”дан икки жасад топилди. Жанозада азадорлар томонидан пул тарқатиш одати кескин танқид қилинди.

_____________________________________________________________

Мактаб бозорида нарх қиммат, терминал ҳам ишламаётир

Янги ўқув йили арафасида мактаб учун керак буюмлар нархи қиммат экани кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 17 август). Айрим тикув цехлари мактаб формалари баҳосини сунъий равишда оширмоқда. Ота-оналар Тошкентда бир комплект форма 250 минг сўмга тушаётганини маълум қилган. Аслида эса мактаб формаси ота-оналарга енгиллик яратиши, нархи ҳамёнбоп бўлиши кўзда тутилган. Қолаверса, мактаб бозорларида пластик карточкалар орқали тўловни қабул қилишдан бош тортиш ҳоллари кузатилмоқда. “Бозордаги нечта дўконга кирган бўлсак, бирортасида терминалга кўзимиз тушмади... Савол туғилади: қани узлуксиз ишлаётган ўша терминал? Нега ҳанузгача тўловларда тафовут бор? Нима учун тадбиркору сотувчилар пластик карта учун қўшимча устамани эмин-эркин сўрайди?” деб ёзади газета.

Тошкентдаги анҳорда ширакайф икки киши чўкиб ўлди

Тошкент шаҳрининг Оқтепа майдонидан оқиб ўтувчи анҳорга “Нексия” автомобили ғарқ бўлди (“Постда”, 12 август). Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчи-ғаввослари машинани олиб чиқишга муваффақ бўлган. Машина ичидан икки кишининг мурдаси топилган. Текширувдан кейин улар спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда машинага ўтиргани аниқланган. Ғаввосларга кўра, сув тубига чўкиб кетган одам узоғи билан 5-6 дақиқа ичида олиб чиқилса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси рухсат этилмаган ёки қутқарув хизмати ташкил этилмаган ҳавзаларда чўкиш ҳоллари қайд этилаётганини маълум қилган. Бошқарма ватандошларни хавфсизликни таъминлаш имконсиз бўлган овлоқ жойларда чўмилишдан қайтарган.

Кимга тўй, кимга аза: жанозада пул тарқатиш одати давом этмоқда

Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида бошига мусибат тушган азадорларнинг жонлиқ сўйиб, келган-кетганларга “ҳайрот пули” тарқатиши ҳамон давом этмоқда (“XXI аср”, 17 август). Бу ҳол “инсонийлик шаънига тўғри келмайдиган”, “қайғули” одат дея сифатланган. “Баҳонани қаранг: ёши улуғ инсоннинг дунёдан ўтиши таъзия эмас, “тўй” эмиш бу маросим! Кимга тўй, кимга аза деганларидек, бир оиланинг мусибати ортидан ўзининг нафсини нопок тўйдиришни кўзлаган касларнинг ўйлаб топган “одат”ини қандай изоҳлаш мумкин? Ўйлаймизки, бу масалада Ўзбекистон мусулмонлари идораси, қолаверса, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси мутасаддилари ҳам жиддий чоралар кўриши керак”, деб ёзади либерал-демократик партия нашри.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG