Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 21:48

OzodDayjest: Одамлардан пул олиб ишга жўнатмаётган хусусий агентликлар тафтиш қилинади


Ўзбек блогери дронлар хавфли эканига оид фаразларни “аҳмоқона” деб атади. Qalampir.uz нашри қўполлиги учун ишдан бўшатилган ҳукумат ходимига “адвокатлик” қилди. Одамлардан пул олиб ишга жўнатмаётган хусусий агентликлар текширилади.

_____________________________________________________________

Блогер дронлар хавфли экани ҳақидаги фаразни “аҳмоқона” деб атади

Вазирлар Маҳкамаси учувчисиз бошқариладиган қурилмалар, яъни дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришни таклиф этмоқда. 20 август куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига қарор лойиҳаси жойлаштирилган.

Блогер Ферузхон Ёқубхўжаев Телеграмдаги саҳифасида дронлар хавфли экани ҳақидаги фаразларни “аҳмоқона” деб атаган. “Учувчисиз бошқариладиган фуқаровий қурилмаларга оид ваҳима ва жазаванинг боиси нима эканини ҳеч тушуна олмадим. Наҳотки, бутун бошли ҳукуматда кучишлатар тузилмаларнинг ялпи васвасаси таъсири тушмаган маърифатли инсонлар топилмаса?” деган Ф. Ёқубхўжаев.

Блогернинг куюниб ёзишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўз мамлакатида дронлардан фойдаланиб, эркин видеотасвирга ололмайди. Хорижда съёмка қилиб ватанига қайтган тақдирда ҳам қурилмадан рухсатсиз фойдалангани учун жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, учувчисиз бошқариладиган қурилмалардан рухсатсиз фойдаланганлик учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жиноий жазо белгиланган.

Қўполлиги учун ишдан бўшатилган ҳукумат ходимига “адвокатлик қилган” нашр кескин танқидга учради

Qalampir.uz нашри жорий йил 16 август куни тадбиркорга қўполлик қилгани ҳамда уни ҳақоратлагани ортидан ишдан бўшатилган Вазирлар Маҳкамаси ходими Э.Н.ни оқлаб чиқди (www.qalampir.uz, 21 август). Мақолада ҳукуматнинг ижтимоий тармоқдаги видеотасвирга асосланиб ўз ходимини ишдан бўшатиши янглиш қарор, дея баҳоланган. “Бу худди тумов бўлган бурунни кесиб ташлашдек гап. Шу кетишда ахборот майдонида шахсий манфаатлари йўлида иш олиб борувчи “корчалонлар” кўпайиб, ташкилот ёки идора вакилини шарманда қилиш йўли билан ўз мақсадига эришиш осонлашади. Ахир қачонгача ходимни бўшатиш билан масалани узил-кесил ҳал қилиш мумкин?! Бу ҳолат давом этаверса, давлат идораларида ишлайдиган ходим қоладими?!” деб ёзади интернет нашр.

Мазкур мақола ижтимоий тармоқларда кескин танқидга учради. Кўп сонли фойдаланувчилар ушбу материални “буюртма мақола”, “сафсата”, “хушомадгўйлик” дея баҳолади. Муаллиф эса номаъқул хатти-ҳаракати учун адолатли тарзда ишдан бўшатилган масъул ходимга адвокатлик қилишда айбланди. “Давлат хизматчиси ўз номи билан хизматчи бўлиши керак. Чет элда ҳатто президентларни ҳам бундан баттар аҳволга солишади. Лекин ўшалар ҳам бунчалик калондимоғ эмас. Эпласа ишласин, агар фуқароларнинг мурожаати ёқмаса, уйида товуқ боқсин”, деб ёзди фойдаланувчилардан бири.

“Сиздек мансабдорга адвокат қиладиган журналистлар бор экан, ҳеч қачон фуқаролик жамияти қура олмаймиз”, деб ёзди бошқа бир фойдаланувчи.

Одамлардан пул олиб ишга жўнатмаётган хусусий агентликлар тафтиш қилинади

Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан шуғулланаётган айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни норози қилиш ҳолатлари кузатилмоқда, деб хабар беради “Даракчи” нашри. Баъзи агентликлар ишга жойлаштириш учун одамлардан 100 фоиз тўловни ундириб, ваъдасини бажармаяпти. Фуқаролар хусусий агентликдан пулини қайтаришни талаб қилса, маблағ қайтарилмаяпти ёки хизмат кўрсатилмаган бўлса-да маблағнинг бир қисми ушлаб қолинмоқда. Қайд этилишича, Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятидаги 8 та хусусий агентлик фаолияти яқин кунларда тафтиш этилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ишга жойлаштириш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳақида (71) 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилишни сўраган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG