Линклар

OzodDayjest: Фарғонада 60 ёшли аёл ғайритабиий усулда жинсий яқинликка мажбурлаган эрини ўлдирди


Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда ноёб арчаларни кесган шахс озодликдан маҳрум этилди. Тошкентда 26 ёшли йигитнинг ўлимига “тез ёрдам” кечикиши cабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Бухорода ишга қабул қилиш эвазига пора талаб қилган мансабдор ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда етти ойи ичида 105 та оилавий қотиллик рўй берди

Жорий йил 20 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи 60 ёшли аёл 67 яшар эрининг жонига қасд қилди (“Постда”, 1 сентябрь). Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, марҳум эр спиртли ичимликларга муккасидан кетган бўлиб, қирқ йил бир ёстиққа бош қўйган рафиқасини маст ҳолда муттасил калтаклаб, хўрлаб келган. Қариб қуйилмаган қария хурмача қилиқлари билан маҳаллада ҳам отнинг қашқасидек ҳаммага маълум бўлган. Қотиллик рўй бергани куни ҳам муштумзўр эр бўкиб спиртли ичимлик ичгач, кампирини роса калтаклаган, кейин уни маънан эзиб, ғайритабиий усулда жинсий яқинлик қилишга мажбурлаган. Бу хўрликларга чидолмаган аёл ухлаб қолган эрини лом билан уриб ўлдирган.

ИИВ нашрига кўра, жорий йилнинг 7 ойида оила-турмуш доирасида 105 та қотиллик жинояти содир этилган. Жумладан, 34 та ҳолатда эр хотинининг, 5 та ҳолатда хотин эрининг жонига қасд қилган. Бошқа ҳолатларда эса қариндошлар ўзаро бир-бировининг жонига қасд қилган.

26 ёшли йигитнинг ўлимига “тез ёрдам” кечикиши cабаб бўлгани эҳтимоли текширилмоқда

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани “Ташсельмаш” мавзесида портлаган трансформаторни таъмирлаш чоғи ҳаётдан бевақт кўз юмган 27 ёшли йигитнинг ўлимига “тез ёрдам” хизматининг кечикиб кетгани сабаб бўлиши мумкин (“Даракчи”, 7 сентябрь). Воқеага шоҳид бўлган Сабина Қодировага кўра, 8 июль куни 12 лар атрофида трансформаторда аввал портлаш, сўнг ёнғин юз берган. Яшнобод туман электр корхонасидан таъмирлаш бригадаси келиб, техника хавфсиз қоидаларига риоя қилмай, электр энергияни ўчирмасдан таъмирлаш ишларини бошлаган. Соат 18 ларга яқин яна портлаш рўй бериб, тўлқин электр корхонаси ходимларидан бирини четга улоқтирган. Маҳаллий аҳоли тез ёрдам (103) ва хусусий “МДС” (1080) га қўнғироқ қилган. 30-40 дақиқадан кейин келган “тез ёрдам” жабрланган йигитга ёрдам бермагани тахмин қилинмоқда. Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султоновга кўра эса тиббий бригада зарурий чораларни кўрган, аммо уринишлар самара бермаган. Аммо ижтимоий тармоқларда “тез ёрдам” ходимлари масъулиятсизлик ва ҳаракатсизликда айбланган. Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича иш қўзғатилган ва суриштирув олиб борилмоқда.

Бухорода ишга қабул қилиш эвазига пора талаб қилган таълим мансабдори ушланди

Бухоро шаҳри халқ таълими бўлимида гуруҳ раҳбари лавозимида фаолият юритиб келган аёл пора билан қўлга олинди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, исми ошкор этилмаган мансабдор ҳузурига олий маълумотли физика-математика ўқитувчиси иш сўраб келган. Халқ таълими расмийси эса ишга жойлаш эвазига ўқитувчидан 300 АҚШ доллари талаб қилган. Қайд этилишича, таълим мансабдори порани олаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан ушланган.

Ноёб Зарафшон арчаларига болта урган шахс озодликдан маҳрум этилди

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қўшкўл қишлоғи ҳудудида табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси ўтказган рейдларда ноёб арчаларни кесиш ҳоллари аниқланди (“Ҳуқуқ”, 7 сентябрь). Масалан, шу қишлоқлик Абдумурод Ибатов 54 дона ноёб Зарафшон арчасини ўзбошимчалик билан кесиб, дўкони томини ёпишга ишлатган. “Қашқадарё тижорат-савдо” фирмасида мудир бўлиб ишлаган А.Ибатовнинг ўсимлик дунёсига келтирган моддий зарари 68,7 миллион сўм деб баҳоланган. Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани суди А.Ибатовни 2 йил озодликдан маҳрум этган. Айни чоқда, унга амнистия қўллангани хабар қилинган. Бир неча юз йил яшайдиган Зарафшон арчаси ноёб ўсимликлар сирасига киради ва усиз тоғ табиатини тасаввур қилиб бўлмайди, деб ёзади прокуратура нашри.

Матбуот: Куёвларда ҳамият қолмади – ётоқдаги тўшаккача келин олиб келади...

Самарқанд шаҳри “Лолазор” маҳалласидаги ёш оила келиннинг куёвга “Диванга қаттиқроқ ўтирманг, бунга дадажонимнинг пули кетган” деган таънаси сабаб бузилиб кетди (“Ҳуррият”, 6 сентябрь). Бу ҳақда маҳалла раиси Ҳасан Турсунқулов маълум қилган. Раисга кўра, айрим бемаъни маросим ва одатлар оилаларнинг бузилишига сабаб бўлибгина қолмай, ота-оналарга катта машаққат туғдирмоқда. “Самарқандда куёвга сомса юбориш одати кимўзарга айланиб кетган. Бунда қиз томонидан ҳар фаслга мослаб куёвга юборилаётган сарполар, парфюмерия буюмлари, қайнона-қайноталарига олтин тақинчоқлар, катта лаганларда сомса, ширинликларнинг адоғига етолмайсиз. Бундан ташқари, келин томонидан тикиб келинадиган парданинг ўзи беш-олти миллионга айланади, мебелу уй анжомларини қаерда ишлаб чиқарилганию не-не машаққатлар эвазига келганини гапирмасаям бўлади. Шу бемаъни урф-одатларни деб ота-оналар четга ишлашга чиқиб, касалманд бўлиб келяпти... Келин турмуш ўртоғининг уйига ётоғидаги тўшагигача олиб бораётгани йигитларимизнинг ҳамиятига тегмай қўйди”, дейди маҳалла раиси Ҳ.Турсунқулов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG