Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 19:10

OzodDayjest: Эрининг калтаклашлари жонидан ўтиб кетган аёл ўзини осди


Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда эри муттасил калтаклаган аёл охир-оқибат ўз жонига қасд қилди. Бош прокуратура МИБни ўз қанотига олгани эътироз уйғотди. Блогер Гусейн Гасановни кўрган ўзбекистонлик фанат йигитларнинг ҳуши бошидан учди.

_____________________________________________________________

Қашқадарёда эрининг калтакларидан безган аёл ўз жонига қасд қилди


Қашқадарё вилояти Нишон туманида яшовчи 37 ёшли эркак ўз жонига қасд қилган аёлининг ўлимида айбдор, деб топилди (“Ҳуқуқ”, 19 cентябрь). Исми ошкор этилмаган эркак рафиқасини муттасил калтаклаган, гоҳида эса тегирмонхонага қамаб, нон-сувсиз қолдирган. Аёл ушбу ҳолат юзасидан маҳалла идораси ҳамда туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилган. Орада асаб касалликлари шифохонасида даволаниб чиққан. Аммо ўртадаги икки фарзандни ўйлаб яна оиласига қайтган. Яна давом этган зўравонликлар жонидан ўтиб кетган аёл ўзини осган. Қайд этилишича, эркак судда хотини ўлимида айби йўқлигини айтган. Аммо унинг ўғли отаси онасини муттасил калтаклаб келгани ҳақида гувоҳлик берган. Судланувчи 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

МИБнинг прокуратура қаноти остида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келмоқда


Мажбурий ижро бюросининг прокуратура қаноти остида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келмоқда. Телеграмдаги Davletovuz каналига кўра, прокуратура амалда ўз ходимини жавобгарликка тортиши эҳтимоли жуда паст. Бу эса ўзаро тийиб туриш тамойилига зиддир. Шу боис МИБни прокуратура тизимидан чиқариш, бюронинг ўтган 2-3 йиллик фаолиятини элакдан ўтказиб, мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлигини ўрганиб кўриш лозим.

Қайд этилишича, сентябрь ойида бош прокуратура уч марта МИБ ходимига қаршилик кўрсатилгани ҳақида расмий хабар тарқатди. Бироқ бирор марта ҳам фуқаронинг ҳуқуқини бузган МИБ ходими ҳақида ахборот бермади. Davletovuz канали МИБни фақат жабрдийда қилиб кўрсатиш ҳолатини амалдорларнинг халқни айбдор қилиш “касали” билан изоҳлаган.

Ўзбекистонлик фанат йигитлар блогер Гусейн Гасановни кўриб ўзини йўқотиб қўйди


Россиялик блогер Гусейн Гасанов 15 сентябрь куни Тошкентдаги Central park’да ўзбекистонлик мухлислари билан учрашди (www.daryo.uz, 16 сенятбрь). Қайд этилишича, асосан йигитлардан иборат бўлган мухлислар блогернинг ортидан югурган, у билан кўришиш мақсадида ички ишлар ходимларининг қаршилигини ҳам енгиб ўтишга ҳаракат қилган.

Гусейн Гасанов Ўзбекистонга сафари давомида Самарқанд ва Қўқонда ҳам бўлган. У мамлакат президентининг куёви Отабек Умаров таклифига кўра келгани хабар қилинган. Жумладан, блогер ижтимоий тармоқдаги саҳифасига О.Умаров билан бирга тушган суратини жойлаган.

2019 йил февралда турк актёри Бурак Ўзчивит Ўзбекистонга келганида унинг ортидан ўзбекистонлик қизларнинг югургани акс этган видеолар тарқалган ва бу ҳол жамоатчилик томонидан кескин танқид қилинганди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG