Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2018, Тошкент вақти: 02:06

OzodDayjest: Фарғонада ўзи ва боласи жонига қасд қилган аёл қутқарилди


Иллюстратив сурат.

Зўравон боғча тарбиячисини “юқори”даги қариндоши ҳимоя қилиб келгани аниқланди. Фарғоналик аёл 2 ёшли боласи билан ўзини каналга ташлади. Ангренда ошпаз аёл касбдошини пичоқлади.

_____________________________________________________________

Зўравон боғча тарбиячиси аввал ҳам болаларга қўл кўтаргани аниқланди

​Тошкент шаҳри Учтепа туманида жойлашган 20-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Садоқат Раҳматуллаев 2011 йилда туғилган М.А.ни ургани акс этган видео тарқалиши ортидан ушбу ҳолатни Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин ўз назоратига олди (“Даракчи”, 25 январь). Аниқланишича, С.Раҳматуллаева фаолияти давомида аввал ҳам тарбияланувчиларга қўпол муносабатда бўлган ва бу борада ота-оналардан бир неча бор шикоятлар келиб тушган. Мактабгача таълим вазирлигига кўра, боғча мудираси Н.Исаева бир неча марта С.Раҳматуллаевани ишдан бўшатишга ҳаракат қилган, аммо тарбиячи “юқори” органларда фаолияти юритувчи қариндошлари орқали босим ўтказган ва ишини сақлаб қолган. Аммо бу гал вазирлик аралашуви билан зўравон боғча тарбиячиси ишдан бўшатилган. С.Раҳматуллаеванинг болага қўл кўтаргани видеокамера орқали фош этилган. Шунга кўра зўравонликларни вақтида аниқлаш учун мамлакатдаги барча боғчаларда видеокузатув тизимини йўлга қўйиш кераклиги таклиф этилмоқда.

Фарғоналик аёл ўзи ва норасида боласи жонига қасд қилишга уринди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи аёл ўзи ва 2 ёшли боласининг жонига қасд қилишга уринди (“Ҳуқуқ”, 25 январь). Исми ошкор этилмаган аёл Катта Фарғона канали қирғоғида фарзанди билан ўзини сувга ташламоқчи бўлиб турганида, уни шу ердан хизмат машинасида ўтиб кетаётган туман ҳокими ўринбосари М.Мўйдинова кўриб қолади. Ҳоким ўринбосари машинани тўхтатиб, аёл ёнига боради ва нима сабабдан бундай қилаётганини сўраб, тинчлантиришга уринади. Аммо аёл боласини бағрига босганча ўзини сувга ташлайди. Шу ердан ўтиб кетаётган уч нафар йигит сувнинг совуқлигига қарамай, ўзларини каналга отиб, аёл ва унинг фарзандини қутқаришади ва шифохонага етказишади. Аёлнинг нега ўзи ва норасидаси жонига қасд қилгани сабаби очиқланмаган. Қайд этилишича, Фарғона вилоят прокуратураси аёл ва унинг боласини қутқариб қолган Қодиржон Тўйчиев, Азизбек Бўтаев ва Абдулҳаким Ғуломовларга расман ташаккурнома эълон қилган.

Ангренда ошпаз аёл ҳамкасбига пичоқ урди

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган “Ангрен-ленд” ошхонасида жанжал юз берди. Шу ерда ошпаз бўлиб ишловчи М.Ҳ. бошқа ошхонада ишловчи ҳамкасби А.А. исмли йигит билан гап талашиб қолди (“Постда”, 20 январь). Оқибатда ошпаз қиз ошпаз йигитнинг қорнига пичоқ урган. Жабрланувчи зудлик билан шифохонага ётқизилган. Аёлга эса жиноий иш очилган.

ИИВ матбуот хизмати ўтган ҳафтада аёллар иштирокида рўй берган яна бир пичоқбозлик ҳақида хабар берган. Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи Ҳ.Шалола ўз уйида таниши Н.Шоҳида билан жанжаллашиб қолган. Жаҳлига эрк берган уй соҳибаси кутилмаганда Шоҳиданинг кўкрагига пичоқ урган. Бу жабрланувчи ҳам шифохонага ётқизилган. Аёлларни жиноятга етаклаган сабаблар маълум қилинмаган.

XS
SM
MD
LG