Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2018, Тошкент вақти: 01:44

OzodDayjest: Аравакаш йигит суд ижрочилари кўз ўнгида хотини ва қайин синглисини ўлдирди


Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда ўлим кўрсаткичи 10,3 фоизга ошди. Чирчиқда яқинларини ўлдирган сурхондарёлик йигит узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. Қашқадарёда чақалоқ ўлими ҳолатини ҳуқуқ идоралари ўрганмоқда.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда аёллар эркаклардан кўпроқ яшамоқда

Ўтган 5 йил давомида Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи 10,3 фоизга (бунда эркаклар ўлими 11,3 фоизга, аёллар ўлими эса 9,2 фоизга) ўсган. Мазкур рақамлар “Оила” илмий амалий маркази томонидан матбуот нашрларига тақдим этилган. Марказ тадқиқотларига кўра, мамлакатда эркакларнинг умр кўриш давомийлиги 2017 йилда 71,3 ёш, аёлларники эса 76,1 ёшни ташкил этган, яъни эркаклар аёлларга қараганда 3-5 йил кам яшамоқда. Ҳар иккала жинс вакилларининг умр давомийлиги энг паст кўрсаткичи Сирдарё вилоятида қайд этилган: эркаклар – 68,5 ёш, аёллар – 72,6 ёш. Маълум бўлишича, 2017 йилда мамлакат бўйича 715,5 минг чақалоқ туғилган бўлса, 160,7 минг киши вафот этган. Шу тариқа аҳолининг табиий ўсиши 554,8 минг нафарни ташкил қилган. Ўтган йили республикада 306 минг никоҳ тузилган бўлса, 31,9 минг ажрим қайд этилган.

Чирчиқда хотини ва қайнсинглисини ўлдирган йигит 24 йилга қамалди

Асли сурхондарёлик йигит Чирчиқ шаҳрида мудҳиш қотилликка қўл урди (“Ҳуқуқ”, 2018 йил 39-сон). 28 ёшли йигит уйлангач, тайинли ҳунари йўқлиги боис Сурхондарёдан Чирчиққа келиб, шаҳар деҳқон бозорида аравакашлик қила бошлаган. Аммо йўқчилик, турмуш “мушт”лари сабаб йигит ва унинг хотини орасига совуқчилик тушган. Пировардида аёл эри билан ажрашиш ва ўзига тегишли мол-мулкни қайтаришни сўраб судга мурожаат қилган. Суд қарори чиққач, аёл синглиси ҳамда суд ижрочилари ҳамроҳлигида мол-мулк хатлови учун эриникига келган. Хатлов жараёнида аёл айрим буюмлар эскирганини айтиб, эридан янгисини олиб беришни талаб қилган. Жаҳл отига минган аравакаш йигит суд ижрочилари кўз ўнгида хотини ва қайнсинглисини чавақлаб ўлдирган. Бош прокуратура вакили Бегзод Латиповга кўра, “арзимаган буюмларни деб” икки инсонни ўлдирган йигит 24 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қашқадарёда чақалоқ ўлими ҳолатини ҳуқуқ идоралари ўрганмоқда

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри туғруқхонасида Фотима Расулованинг чақалоғи нобуд бўлди. Ф.Расулованинг онаси Хуршида Ғайбиева бу ҳолат юзасидан “Жамият” газетасига арз қилган. Х.Ғайбиеванинг ҳикоя қилишича, қизининг ҳомиласи ўнинчи ойга қараб кетаётгани ва қорнида кучли оғриқ пайдо бўлгани боис уни Қарши шаҳри туғруқхонасига олиб борган. Шифокорлардан чақалоқни жарроҳлик йўли билан дунёга келтиришни илтимос қилган. Аммо шифокорлар буни рад этиб, қийноқ (қорин соҳасини босиш) йўли билан болани дунёга келтиришга уринган. Х.Ғайбиева дорихонага чиққан пайтда чақалоқ нобуд бўлган. Шифокорлар унга набираси бир ҳафтача аввал она қорнида ўлганини айтган. Аммо Х.Ғайбиева бу иддаога ишонмаётир. Чунки айни шу туғруқхона шифокорлари туғруқ кунига қадар қизини бир неча марта текшириб, бола она қорнида соғлом ривожланмоқда, дея хулоса берган. Қайд этилишича, ушбу ҳолатни ҳуқуқ идораларига ўрганмоқда. Қарши шаҳри туғруқхонаси бош шифокори Салима Очилова экспертиза хулосаси 20 кундан кейин чиқишини маълум қилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG