Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:14

OzodDayjest: Алиментдан қутулиш учун хотинини ўлдирмоқчи бўлган йигит 15 йилга қамалди


Тошкентда камералар ҳайдовчилар юрагини така-пука қилмоқда. Алиментдан қутулишни ўйлаган эр хотинини ўлдириш учун қотил ёллади. Ёзувчи Шароф Бошбеков театр саҳнаси нотиқлар минбарига айлантирилганини танқид қилди.

_____________________________________________________________

Тошкент чорраҳаларида камералар ишга тушгач, ҳайдовчиларнинг юраги така-пука

Тошкент чорраҳаларида видеокамералар ўрнатилгач, қоидабузарликлар камайди, аммо бу ҳол ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда (“Жамият”, 10 ноябрь). Камералар боис йўлларда тиқилинчлар юзага келмоқда. Қолаверса, қоидабузарликка йўл қўймаслик хаёлидаги ҳайдовчилар аварияга ҳам йўл қўймоқда. “Чорраҳага яқинлашгани сари ҳайдовчининг юраги така-пука бўлишга тушади: ишқилиб, “яшил” ўчгунча ўтиб олай-да! Сабабки, яшил бир-икки липиллайди-да, кейин сариқ, кўз очиб юмгунча қизил чироқ порлайди... Буям майлия, чорраҳага яқинлашаётганда ҳайдовчининг бир кўзи светофорда, иккинчиси йўлда бўлгани сабаб ҳушёрликни бой бериши хавфи ҳам йўқ эмас. Оқибатки, олдидаги машинани туртвориши мумкин. Бунақа вазиятларни кўряпмиз, ахир”, деб ёзади газета. Қайд этилишича, бундай кўнгилсизликларни камайтириш учун сонияларни кўрсатувчи светофорлар ўрнатиш лозим.

Ота икки фарзандининг онасини ўлдиргани қотил ёллади

Тошкент вилоятида яшовчи шахс хотинини ўлдиришга одам ёллади, аммо қотиллик амалга ошмай қолди (“Ҳуқуқ”, 16 ноябрь). Исми ошкор этилмаган шахс хотини билан 10 йилдан ошиқ вақт яшаб, икки фарзандли бўлган. Сўнг хотинини хиёнатда гумон қилиб, у билан ажрашган. Суд эркакка икки фарзанди учун алимент тўлаш мажбуриятини юклаган. Бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Олимжон Набиевга кўра, бир муддат алимент тўлаб юрган эркак бу “муаммо”дан қутулиш учун хотинини ўлдиришга қарор қилади ва бунинг учун жиянини ёллайди. Бунинг эвазига жиянига 3 миллион сўм пул ва Россияга қочиб кетиши учун авиачипта ваъда қилади. Аммо жияни тоғаси қотилликни режалаштираётгани ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар бериши ортидан жиноятнинг олди олинади. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди айбланувчига 15 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Шароф Бошбеков театрдаги аҳвол ҳақида: Биз оҳуни аравага қўшдик

Таниқли ёзувчи Шароф Бошбеков ўзбек театр саҳнаси нотиқлар минбарига, томошабинлар эса лекция тингловчиларига айлантирилганини танқид қилди (“Ҳуррият”, 15 ноябрь). Ёзувчига кўра, театрнинг азалий вазифасини тўғри тушунмасликда оқибатида бу санъат ачинарли аҳволга тушиб қолган. “Томошабин театрга мавзу ёки муаммо учун эмас, томоша кўргани келади. Афсуски, биз театрнинг ана шу азалий ва табиий вазифасини бир четга суриб, унга жуда кўп вазифалар юкладик. Бир тасаввур қилинг, хушманзара гўшада ниҳоятда гўзал бир оҳу юрибди. Табиат унга инсон кўзини қувонтиришдек эзгу вазифа юклаган. Биз эса уни бундай вазифадан озод этиб, бошқа вазифа юкладик, яъни... аравага қўшдик! Оқибатда гўзаллик нобуд бўлди, аравадаги юк ҳам жойида қолаверди… Ва ниҳоят театр биз кўриб турган бугунги аҳволга тушиб қолди. Энди чора қидиряпмиз. Қидиришга қидиряпмиз-у, лекин ҳали ҳам “оҳу аравага қўшилганча” турибди”, дейди ёзувчи Ш.Бошбеков.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG