Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 00:04

OzodDayjest: Ўзбек расмийлари хорижий паспорт олишда коррупцияга барҳам берилишини айтмоқда


ИИВ расмийси хорижга чиқиш паспорти бўйича саволларга аниқлик киритди. Мактабларга ўрнатилаётган турникетлар айримлар учун сердаромад бизнесга айланаётир. Ўзбекистонда илк бор буйрак кўчириш операцияси ўтказилди.

_____________________________________________________________

Ўзбек мулозими: Хорижга чиқиш учун ҳужжат беришда коррупцияга барҳам берилади

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиев мамлакатда хорижга чиқиш учун янги биопаспорт жорий этилиши борасидаги саволларга ойдинлик киритди (“Жамият”, 17 ноябрь). Қайд этилишича, 2019 йил 1 январдан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикери бекор қилинади ва хорижга чиқиш учун биометрик паспорт жорий этилади. Ўзбекистон билан виза режими ўрнатилган давлатларга бормоқчи бўлган ватандошлар 2019 йил 1 январидан янги паспорт олиши лозим. Аммо Ўзбекистон билан визасиз режим ўрнатилган Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Россия, Украина ва Грузия каби давлатларга 2021 йил 1 январигача 2011 йилги намунадаги, амалдаги биометрик паспорт билан сафар қилиш мумкин. Б.Шорихсиев хорижга чиқиш паспортини олиш муддати 10 иш кунига қисқартирилгани ҳамда бу жараёнда коррупция ва бюрократик тўсиқларга барҳам берилишинии таъкидлаган.

Мактабларда ўрнатилган турникет айримлар учун сердаромад бизнесга айланмоқда

Ўқувчиларни назорат қилиш мақсадида мактабларга ўрнатилаётган турникетлар айримлар учун сердаромад бизнесга айланмоқда (“Оила даврасида”, 23 ноябрь). Масалан, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактабида турникет ўрнатиш учун ота-оналардан 30 минг сўмдан йиғилган. Ота-оналар, бундан ташқари, фарзандининг мактабга кириш ва чиқиш вақти хусусидаги SMS-хабар учун ҳар ойда 10 минг сўмдан тўлаб туриши лозим. Газета ҳисоб-китобига кўра, турникет ўрнатиш ва ўқувчиларга махсус карта тарқатиш учун битта мактаб бўйича ўртача 45 миллион сўм, SMS-хабар учун эса ҳар ойда 15 миллион сўм йиғилади. Бу эса жуда катта суммадир. Қайд этилишича, ўқувчиларнинг чўнтаги бировлар учун даромад манбаи бўлиб қолмаслиги керак.

Ўзбекистон тарихида илк бор буйрак кўчириб ўтказилди

Тошкентдаги академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказида мамлакат тарихида илк марта трансплантология бўйича операция ўтказилди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида яшовчи Амиржон Отабековнинг иккала буйраги қуриб қолган. Икки ярим соат давом этган операция чоғи унга отасининг битта буйраги кўчириб ўтказилган. Республика маркази Қон-томир ва трансплантология бўлими раҳбари, профессор Фазлитдин Баҳритдинов айни пайтда Ўзбекистонда 12 мингга яқин буйрак етишмовчилигига мойил касаллар борлигини маълум қилган. Шифокорга кўра, аксар беморлар учун трансплантация бирдан-бир чора бўлиб қолмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG