Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:20

OzodDayjest: Танзила Норбоева амалдорлар беҳуда гапга муккасидан кетгани сабабини очиқлади


Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева.

Олий Мажлис сенати раиси маҳаллий амалдорлар нега беҳуда гапларни кўп гапираётгани масаласига ойдинлик киритди. Ҳокимлар улашаётган машиналар қайси манбадан олинаётгани борасида шубҳали саволлар туғилмоқда. Ҳаво ифлосланиши ўзбекистонликлар умрини қисқартираётир. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Норбоева матбуотдан қочаётган амалдорлар ҳақида гапирди


Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева маҳаллий амалдорлар нега беҳуда гапларни кўп гапираётгани масаласига ойдинлик киритди (www.gazeta.uz, 18 ноябрь). “Халқ очиқ мулоқотни ҳамда ўз орзу-умидларини эркин билдиришни соғинган эди. Амалдорлар эса бундай мулоқотга одатланмаган”, дейди Т. Норбоева Alter Ego видеолойиҳаси доирасидаги интервьюсида.

Қайд этилишича, амалдорлар халқ ва оммавий ахборот воситалари билан мулоқотни ўрганиши учун яна 3-5 йил керак бўлади. Ўтган 3 йиллик муддат эса ушбу кўникмани эгаллашга камлик қилади. Айни пайтда ОАВ билан мулоқотдан қочаётган мансабдорлар ҳам вақти келиб бундай йўл тута олмай қолади.

Норбоева халқ ижтимоий тармоқ орқали ҳукумат фаолиятига баҳо бераётганини ижобий ҳол, деб атаган.

“Ҳукумат катализатор каби муаммоларни кўтариб чиқаётган ҳамда мушкулотларни ҳал этишга ҳисса қўшаётган инсонлар борлигидан хурсанд бўлиши керак... Бу борада хафагарчилик бўлмаслиги керак”, дейди Сенат раиси.

Шуҳрат Ғаниев томонидан совға қилинган қимматбаҳо машинанинг молиявий манбаси – “ҳокимлик сири”


Сўнгги пайтларда вилоят ҳокимлари томонидан йиғим-теримда фаол қатнашган пахтакорларга машина совға қилингани ҳақида кўплаб хабарлар тарқатилди (“Даракчи”, 21 ноябрь). Кенг жамоатчиликни эса ушбу совғалар қайси манба, қайси маблағ эвазига берилаётгани қизиқтирмоқда.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев кластер усулида пахта етиштирган тадбиркорнинг онасига “Малибу” совға қилган эди. Журналистнинг ушбу совға қайси манбадан экани борасидаги саволига вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари “Бу вилоят ҳокимлигининг ички сири, мен ошкор этолмайман”, деб жавоб берган.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эса ўзи томонидан 10 дан зиёд кишига совға қилинган автомобиллар кластер корхоналари раҳбарлари томонидан олиб берилганини маълум қилган.

“ОАВда тарқалаётган ахборотларда кластер корхоналари ва уларнинг саховатпеша раҳбарлари номи ёзилмай, аксинча, “ҳокимнинг совғаси” сифатида талқин қилиниб, ҳокимлар “сахий қаҳрамон” сифатида кўрсатилмоқда. Бу эса кенг жамоатчиликда турли шубҳа ва саволларни туғдиряпти”, деб ёзади нашр.

Ҳаво ифлослиги туфайли ўзбекистонликлар умри ўртача 1,5 йилга қисқармоқда


Ўзбекистонликлар ҳаво ифлослиги туфайли ўртача 1,5 йиллик умрини йўқотмоқда. Бу дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири, деб ёзади Hook.report нашри Health Effects Institute ташкилоти тадқиқотларига таяниб. Ушбу кўрсаткич ҳавонинг бир кубометрида мавжуд зарарли моддалар миқдорини ҳисоблаш орқали аниқланган. Олимларнинг фикрича, ҳаводаги хавфли жисмларнинг ҳар 5 микрограмми инсон умрини бир ойга қисқартиради.

Жорий йил баҳорида ўзбек матбуотида AirVisual ташкилотининг статистикаси ҳам эълон қилинганди. Унда Ўзбекистон ҳавоси энг ифлосланган 16 та давлат қаторидан жой олган. AirVisual маълумотига кўра, Ўзбекистонда бир кубометр ҳавога киши соғлиғи учун зарарли бўлган 34,3 мкг қаттиқ заррачалар тўғри келади.

Электр қуввати ишлаб чиқариш, саноат, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти, чиқиндиларни нооқилона йўқ қилиш ва транспорт ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари саналади.

Шарҳларни кўринг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG