Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:17

Вилоятларда арзон кўмир чайқовчилар қўлига ўтиб кетмоқда. Давлат тест маркази ниҳоят тест тизими ўзини оқламаганини эътироф этди. Қўқон ва Тошкентда яна коллеж ўқувчилари иштирокида пичоқлашлар қайд этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Президент танқидидан кейин Давлат тест маркази тест тизими ўзини оқламаганини тан олди

Ўзбекистон Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев ҳозирга қадар амалда бўлган олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовлари ўзини оқламаганини тан олди (“Жамият”, 24 ноябрь). Қайд этилишича, абитуриентлар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани боис тест жараёнини ўтказиш учун аудиториялар тайёрлаш, жараённи назорат қилувчи педагогларни жалб этиш қийинчиликлар туғдирмоқда. Қолаверса, тест натижаларини текшириш 15-17 кунга чўзилмоқда. Оқибатда сансалорлик, ўзибўларчилик юзага келган. 2018-2019 ўқув йилидан эса кириш тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлиб-бўлиб ўтказилади ва натижалар синов ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади. Ҳозирга қадар тест жараёнидаги адолатсизликлар, тизимидаги камчиликлар ҳақида жамоатчилик гапирган. Аммо Давлат тест маркази барчасини рад этиб келган. Мавжуд камчиликларга Ўзбекистон Президенти эътибор қаратганидан кейин Давлат тест маркази раҳбарияти мавжуд муаммоларни тан олишга мажбур бўлмоқда.

Ҳукумат ажратган арзон кўмирни чайқовчилар қимматга пулламоқда

Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолига ажратилган арзон кўмир чайқовчилар қўлига ўтиши оқибатида унинг нархи қимматламоқда (“Оила даврасида”, 30 ноябрь). Бу йилги қишки мавсум учун кўмирнинг 1 тоннаси нархи 156 минг 600 сўм этиб белгиланган. Аммо ҳудудларда аҳоли кўмирни бир неча баравар қимматга олишга мажбур бўлмоқда. Масалан, Андижон вилояти аҳолига кўра, арзон кўмирни олиш учун навбат келаси йилда келади, шу боис қимматга бўлса-да, бозордан харид қилган маъқул. “Ахир, ўйлаб кўрайлик, аҳолига мўлжалланган 589 минг тонна кўмир, 260 минг тонна брикет маҳсулоти ўз эгасига бораётган бўлса, унда одамлар бозорда нима қилиб юрибди?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета. Шу билан бирга, аҳолига арзон нархда ажратилган кўмир сифати кўнгилдагидек эмаслиги, майда ва уваланиб кетаётгани ҳам қайд этилган.

Фарғона вилояти ИИБ Қўқондаги пичоқлашув ҳақида матбуотга ахборот беришдан бош тортди

Фарғона вилояти ИИБ Қўқон шаҳрида коллеж талабалари ўртасидаги пичоқлашув ҳақида матбуотга ахборот беришдан бош тортди. “Даракчи” нашрига кўра, Қўқон нефть ва газ саноати коллежининг биринчи босқич ўқувчиси ўз синфдошини пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар тарқалган. Шундан кейин газета бу ҳақда маълумот олиш учун дастлаб Қўқон ИИБга, сўнгра Фарғона вилояти ИИБга расман мурожаат қилган. Аммо Фарғона ИИБ тергов кетаётганини асос қилиб, маълумот беришни рад этган. Газетага кўра, Тошкент шаҳар ИИББ ва шаҳар прокуратураси ҳар пайшанба куни жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган жиноий ишлар юзасидан қонун доирасида изоҳ бермоқда. “Энди савол туғилади: наҳотки, Тошкент шаҳар ИИББ ва Тошкент шаҳар прокуратураси Фарғона вилояти ИИБ асос қилиб кўрсатаётган талабларни бузаётган бўлса?! Йўқ, асло ундай эмас, шунчаки улар қонунчиликда белгиланган талабнинг мазмун-моҳиятини ўз фойдасига эмас, балки халқ, жаамият фойдасига талқин қилади”, деб ёзади “Даракчи” нашри.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG