Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

OzodDayjest: Тошкентда каналлар бўйида ноқонуний қурилган иншоотлар бузилмоқда


Тошкентдаги Анҳор канали (иллюстратив сурат).
Тошкентдаги Анҳор канали (иллюстратив сурат).

Прокуратура Тошкент каналлари бўйида бузилаётган бинолар юзасидан изоҳ берди. Матбуот Халқ таълими вазирлигини мактаб муаммосига бепарволиги важидан танқид қилди. Сурхондарёда бир неча асрлик мадраса масъуллар эътиборсизлиги сабаб вайрон бўлмоқда.

_____________________________________________________________

Халқ таълими вазирлиги мактаб муаммосига бепарволиги важидан танқид қилинди

Самарқанд вилояти Нуробод тумани Товоқбулоқ қишлоғидаги 51-умумтаълим мактаби ачинарли аҳволда (“Оила даврасида”, 29 ноябрь). Таълим даргоҳида ҳатто компьютер хонаси ҳам йўқ. Спорт майдони эса 2025 йилда қурилиши мўлжалланган. Таълим сифати пасайиб кетган илм даргоҳида кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда. Масалан, тарих фанини жисмоний тарбия мутахассиси ўқитгани қайд этилган. Газета мактаб муаммосидан юзасидан Халқ таълими вазирлигига бир неча бор мактуб йўллаган. Аммо вазирлик мурожаатга бир энлик жавоб ёзишни ҳам эп кўрмаган. Боз устига, ишонч телефони орқали ҳам боғланиб бўлмаган. “Вазирликнинг ўзи мурожаатга мана шундай бепарволарча муносабатда бўлса, қишлоқдаги оддий фуқаролар додини кимга айтсин?!” деб ёзади газета.

Тошкент шаҳри каналлари бўйидаги ноқонуний деб топилган иншоотлар бузиб ташланаяпти

“Тоза канал” тадбири доирасида Тошкент шаҳри каналлари бўйидаги ноқонуний деб топилган иншоотларни оммавий бузиб ташлаш давом этмоқда. Шаҳар прокуратураси вакили Сайёдбек Жумабоевнинг “Ҳуқуқ” газетаси орқали маълум қилишича, ҳозирга қадар ноқонуний деб топилган 1474 қурилманинг 1277 таси бузиб ташланди. Қолган биноларни бузиш эса давом этмоқда. Хатлов пайтида шаҳардаги узунлиги 75 километр бўлган 37 та ички канал ёпилиб кетгани аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда Тошкентда 92 та канал ва коллектор қолган. Қайд этилишича, бино ва иншоотларни бузиш бўйича судларга 630 дан ортиқ даъво аризалари киритилган.

Сурхондарёда қаровсиз қолган кўҳна обида нурамоқда

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Саид оталиқ мадрасаси қаровсиз қолгани оқибатида нураб бормоқда (“Ҳуррият”, 28 ноябрь). XVII асрда қурилган мадраса 1997 йилда таъмирлана бошлаган. Лекин таъмир ўлда-жўлда қолиб кетган. Эътиборсизлик оқибатида мадраса емирилиб, чўкиб бормоқда. “Бунга эътибор берадиган на бир раҳбар бор, на бир ҳимматли бой”, деб ёзади муаллиф. Газетанинг хавотир билан эслатишича, аввалроқ ана шундай эътиборсизлик оқибатида Денов беклигининг бундан ҳам қадимий қўрғони вайрон бўлган. “Шу мадраса ёки қўрғон Самарқандда, Бухорода, Хивада, ана борингки, Сурхондарёдан бошқа вилоятда бўлганда обод бўлиб кетармиди? Бундай хор бўлиб ётмасмиди?” деган маҳаллий қариялардан бири газета мухбирига.

XS
SM
MD
LG