Линклар

Шошилинч хабар
09 апрел 2020, Тошкент вақти: 13:49

OzodDayjest: Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос “авторитар давлат” тавқи лаънатидан қутулиш йўлини кўрсатди


Иллюстратив сурат.

Ҳуқуқшунос Конституциявий суд чеклов туфайли ўз вазифасини бажара олмаяпти, деган фикрда. Ўзбекистонда мебель нархи ошиб кетиши башорат қилинди. ДНК текшируви 20 йил аввалги сирни фош қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________

Конституциявий суд фалаж ҳолатда эканидан хавотир билдирилди


Ўзбекистон Конституциявий суди чеклов туфайли ўз вазифасини бажара олмаяпти, деб ҳисоблайди ҳуқуқшунос Рустам Абдуғофуров (www.sof.uz, 30 ноябрь). “Муҳим масалаларда ўз сўзини айта олмаяпти ва амалда фалаж ҳолатида. Конституциявий суд ўзининг 24 йиллик узоқ фаолияти давомида (агар уни “фаолият” деб аташ мумкин бўлса) шу пайтгача атиги 32 та ҳуқуқий масала бўйича қарор қабул қилган, холос”, деб ёзади у.

Ҳуқуқшуносга кўра, 2017 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциявий суд тўғрисидаги қонун якка шахслар томонидан ушбу судга ариза киритишга изн бермайди. Таъкидланишича, Асосий қонун ҳақиқий маънода ишлаши учун эса Конституциявий судга якка шахслар томонидан ариза топширишга қонунан рухсат берилиши керак. Ҳозир эса чиқарилаётган қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг Конституция принципларига мувофиқ келиш-келмаслиги масаласи очиқ қолмоқда.

Ҳуқуқшунос Р.Абдуғофуров мамлакат президентига Конституциявий судга якка шахслар томонидан ариза бeрилишини таъминловчи қонунчилик ташаббуси билан чиқишни тавсия этган. Акс ҳолда, мамлакат бундан кейин ҳам “авторитар давлат” тавқи лаънатини ташиб юраверишидан огоҳлантирган.

Янги акциз солиғи мебель нархини ошириб юбориши мумкин


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳаси қабул қилингудек бўлса, Ўзбекистонда мебель нархи ошиб кетади. Бу ҳақда Телеграмдаги Davletov.uz канали хабар беради. Қарор лойиҳаси “Ёғоч-қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади. Унга кўра, мамлакатга импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига 2020 йил 1 январидан бошлаб қатьий 25 АҚШ доллари ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатъий 30 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи жорий этилади.

Қайд этилишича, акциз солиғидан мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган кичик бизнес вакиллари жабр кўради. Имконияти етмаган тадбиркорлар ўз фаолиятини тўхтатади ва янги ишсизлар пайдо бўлади.

ДНК текширувидан сўнг тошкентлик аёлнинг хиёнати маълум бўлди


ДНК текширувидан сўнг Тошкент вилоятида яшовчи аёлнинг салкам 20 йил аввалги хиёнати фош бўлди (“Ҳуқуқ”, 5 декабрь). Бу ҳақда Хадича Сулаймонова номидаги республика суд-экспертизаси маркази лаборатория мудири Дилобар Аҳмедова маълум қилган. 17 ёшлардаги ўсмир мактаб битирув кечаси куни бедарак йўқолади. Маълум вақтдан кейин ўша ўсмирнинг белгилари бўлган жасад топилади. Мурданинг шахсини аниқлаш мақсадида ДНК экспертизаси ўтказилади. Текширув учун йўқолган боланинг ота-онасидан намуна олинади. Экспертизадан сўнг ҳалок бўлган ўсмирнинг отаси бошқа шахс экани, яъни унинг онаси хиёнат қилгани маълум бўлади. Оиланинг кейинги тақдири ва ҳолатга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ДНК экспертизасига эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2010 йилда 388 та экспертиза бажарилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 1834 тага етган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG