Линклар

Шошилинч хабар
29 феврал 2020, Тошкент вақти: 00:17

OzodDayjest: Россиялик ҳуқуқ фаоли ЕОИИга кириш ўзбек муҳожирлари ҳаётини оғирлаштиришидан баҳс этди


Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик.

Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши Россиядаги кўп сонли ўзбек мигрантлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Пенсия ёши қай тартибда оширилиши очиқланди. Хонанда Отабек Мадраҳимов кўп йиллик тақиқдан кейин Америкага кетиб қолгани маълум бўлди.

_____________________________________________________________

Ҳуқуқ фаоли: ЕОИИга кириш Россиядаги ўзбек муҳожирлари ҳаётига кучли салбий таъсир кўрсатади


Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши Россиядаги кўп сонли ўзбек мигрантлари фаолиятига кучли салбий таъсир кўрсатади, дейди Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик (www.kun.uz, 26 январь). Масалан, Қирғизистон ЕОИИга аъзоси бўлиб киргач, Россияда ушбу мамлакат фуқароларини ҳибсга олиш ҳолати кўпайган.

Ҳуқуқ фаоли Россиядаги миллатчилик юзасидан ҳам хавотир билдирган.

“Ўзбекистонда мени кўзим кўк бўлгани сабабли тўхтатишларини умуман тасаввур қила олмайман. Лекин бу ерда (Россияда – таҳр.) кўзинг кўк бўлмагани учун сени тўхтатишади. Россия билан таққослаганда, Ўзбекистон қонунга амал қиладиган давлат. Россия миллатчироқ давлат ҳисобланади”, деган у.

Сўнгги вақтларда жамоатчилик муҳокамалари марказида турган ЕОИИга кириш масаласида президент Шавкат Мирзиёев ҳам муносабат билдирди. Давлат раҳбарига кўра, бу ўринда гап аъзолик ҳақида эмас, балки кузатувчи мақомида ҳамкорлик қилиш ҳақида кетмоқда.

6 йилдан буён сарсон юрган ногиронлар жамияти эшик-ромсиз бинода жон сақламоқда


Ногиронлар жамиятининг Юнусобод туман бўлими 6 йилдан буён бошпанасиз сарсон бўлиб юрибди (“Миллий тикланиш”, 2020 йил 4-сон). Туман ҳокимлиги эса жамиятни жой билан таъминлашни пайсалга солиб келмоқда. Аслида, 2018 йилда ногиронлар жамияти учун туман ҳудудидан иккита хона ажратилган. Аммо Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов Юнусобод туман ҳокимлигига тайинлангач, хоналар яна олиб қўйилган. Ногиронлар жамияти туман бўлими раҳбари Бахтиёр Исмоиловга кўра, қайта-қайта уринишларга қарамай, ҳоким Р. Усмоновнинг қабулига кира олишмаган. Айни пайтда ногиронлар жамияти эшик-ромсиз омонат бинода жон сақламоқда. “Миллий тикланиш” партияси расмий нашри туман раҳбарини ногиронлар муаммосини ҳал этишга даъват қилган.

Кўп йил аввал ғойиб бўлган хонанда Отабек Мадраҳимов Америкадан “топилди”


Ўз даврида эстрада хонандаси сифатида шуҳрат қозонган, аммо “қора рўйхат” сабаб катта саҳнани тарк этишга мажбур бўлган Отабек Мадраҳимов кўп йиллик танаффусдан кейин илк бор матбуотга интервью берди (“Даракчи”, 30 январь). Хонанда ўзининг юлдузли дамлари билан бирга ижодига қўйилган тақиқ ҳақида ҳам гапирган. Унинг айтишича, “запрет” сабаб бир неча марта концертлари бекор қилинган, саҳна ва телеэкрандан четлаштирилган. Оз эмас, 15 йил давом этган тақиқ сабаб у оиласи билан АҚШга кетишга мажбур бўлган. “Бу ерга келганимга 6 йил бўлди... Бутунлай бегона бўлган жойга келиб, ҳаммасини бошидан бошлаш, оёққа туриш осон бўлгани йўқ”, деган О.Мадраҳимов. Хонандага кўра, у қўшиқ айтишни тўхтатгани йўқ, ҳамон ўша қозонда қайнамоқда.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG