Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2021, Тошкент вақти: 17:34

OzodDayjest: Матбуот фонди раҳбари: Ҳукуматпарварликни ватанпарварлик деб хаспўшлаш авж олди


Матбуот фонди раҳбари ҳукуматпарварликни ватанпарварлик билан қориштирмаслик лозимлигини урғулади. Хоразмда “Дамас” учун “шапка” сўраган GM Uzbekistan ширкати ходими қўлга олинди. “Тошкент Сити”ни реклама қилган Майк Тайсон танқидга учради.

_____________________________________________________________

Матбуот фонди раҳбари: Ҳукуматпарварликни ватанпарварлик деб хаспўшлаш авж олди

Ўзбекистонда халқ тафаккурининг ўзгармаётгани президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён икки йил давомида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўсиқ бўлмоқда (“Жамият”, 14 декабрь). Ўзбекистон мустақил босма ОАВни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Саидабдулазиз Юсуповга кўра, мамлакатда ватанпарварлик ва ҳукуматпарварлик деган тушунчалар қориштириб юборилган. Айниқса оммавий ахборот воситалари ва маънавий тарғибот ишларида бу яққол намоён бўлмоқда. “Гўёки ватанпарварлик деб ўйлаб қилаётган ишларимиз, ўтказаётган тарғибот тадбирларимиз, олаётган фильмларимиз, ёзилаётган асарларимиз, шеърларимизнинг кўп қисми аслида ҳукуматпарварликдан бошқа нарса эмас. Ватанпарварликнинг ҳукуматпарварликдан фарқи шундаки, ватанпарвар ўзидан кечиб, ватан учун ҳар нарсага тайёрликни англатади. Ҳукуматпарварлик эса ҳукуматдан рағбат олиш учун ўзидан бошқа ҳамма нарсадан воз кечишга тайёрликни англатади”, деб ёзади С. Юсупов. Қайд этилишича, кўпчилик миллатга қайишиш ўрнига миллат хизматчиси бўлган ҳукуматга ён босишни, яъни ҳукуматпарварликни ватанпарварлик, деб ўйламоқда.

“Дамас” учун 2200 доллар “шапка” талаб қилган “GM Uzbekistan” ширкати ходими қўлга олинди

“GM Uzbekistan” ширкатининг Хоразм вилоят филиали ходими автомобиль сотиб олиш ниятида бўлган ватандошдан 2200 доллар “шапка” олаётганда ушланди (“Ҳуқуқ”, 20 декабрь). Бу ҳақда Хоразм вилоят прокуратураси вакили Дилшод Абдуллаев маълум қилган. Исми ошкор этилмаган ходим хивалик аёл “Дамас” автомобили харид қилиш ниятида эканидан хабар топган. Тайёр “ўлжа”ни қўлдан чиқаришни истамаган компания ходими харидордан машинани тезроқ чиқариб бериш эвазига 2200 доллар пул талаб қилган. Аёл эса филиал ходимининг ноқонуний талаби ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган. Қайд этилишича, “GM Uzbekistan” вакили кўрсатилган суммани олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.

“Тошкент Сити” рекламасига “татиуровкали муштумзўр” – Майк Тайсон жалб этилгани танқидга учради

“Тошкент Сити” лойиҳаси доирасида қурилаётган тураржойлар рекламасига профессионал бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсоннинг жалб этилгани танқидга учради (“Ҳуррият”, 19 декабрь). “Тошкент Сити”да яшаш учун “клиент” чорлаб, башарасига татиуровкалар урилган ажнабий муштумзўр расмини ҳар қадамда кўчаларга осиб ташлаймиз, телевидениеда тинмай намойиш қиламиз. “Қара, шундай буюк инсон Тошкентдан уй олмоқчи. Яшасанг шундай одам билан яша-да!” Ундан идеал яратамиз”, деб ёзади газета. Эслатиб ўтамиз, дастлаб Майк Тайсон “Тошкент Сити” мажмуасида қурилаётган тураржойларни тарғиб-ташвиқ этаётгани акс этган реклама тушунмовчиликларга сабаб бўлган эди. Кейинроқ ҳашаматли тураржойларни сотиш билан шуғулланаётган “Dream City Development” ширкати америкалик боксчи чиндан ҳам мазкур ҳудуддаги квартиралардан бирининг эгаси эканини маълум қилди. Аммо ширкат М. Тайсон квартирага қай тарзда эга чиққани (сотиб олганми ёки унга ҳадя қилинганми), америкалик боксчига Тошкентдан доимий прописка бериладими-йўқми каби саволларга ойдинлик киритмаган.

XS
SM
MD
LG