Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

OzodDayjest: Бўлажак кундошиникига совчи бўлиб боришга мажбурланган аёл ўзини осди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қашқадарёда кўҳна обида хароб ва қаровсиз аҳволда қолди. Эри томонидан тинимсиз калтакланган аёл ўз жонига қасд қилди. Армияга юбориш эвазига пора олган масъуллар ушланди.

________________________________________________

Қашқадарёдаги қадимий обида таъмирига ажратилган маблағ қаерга ғойиб бўлди?

Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги ўрта асрнинг машҳур фақиҳ алломаси Шамсиддин Ҳалвоний мангу қўним топган қадимий мажмуа хароб ва қаровсиз аҳволда (“Жамият”, 1 февраль). XI-XII асрда тикланган кулоҳи гумбазли мажмуа асл қиёфасини йўқотган. Табиат ҳодисалар ва одамларнинг эътиборсизлиги, қолаверса, термитлар ҳужуми вилоятдаги энг қадимий мажмуани ачинарли аҳволга солиб қўйган. Хусусан, 2017-2018 йилларда қабр битиклари ва сопол қопламаларга жиддий шикаст етган. Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябридаги қарорига кўра, Шамсиддин Ҳалвоний мажмуасини таъмирлаш учун давлат бюджетидан 100 минг АҚШ доллари ажратилиши белгиланган. Қашқадарё вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Халиловга кўра, маблағ нега ажратилмагани борасида Маданият вазирлиги ва бошқа мутасаддиларга қайта-қайта мурожаат қилинган, аммо бирор натижа чиқмаган.

Иккинчи хотинга уйланмоқчи бўлган эркак биринчи аёлини совчиликка мажбурлади

Ўзбекистонда эрининг таҳқир ва калтаклашларига чидолмаган аёл ўз жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 7 февраль). Бу ҳақда бош прокуратура алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Ҳикматилла Эгамбердиев маълум қилган. Исми ошкор этилмаган эркак икки фарзанд туғиб берган рафиқаси билан жанжаллашиб, уни калтаклаш, ҳақоратлашни одат қилган. Сўнг у қўшхотинликни, яъни бир хонадонда икки аёл билан яшашни ихтиёр қилган. Аммо бунга рафиқаси қаршилик қилган. Бундан баттар қутуриб кетган эркак аёлини янада кўпроқ калтаклай бошлаган. Вазият шу даражага бориб етганки, маст ҳолда уйига қайтган эр аёлини бўлажак кундошиникига совчиликка боришга мажбурлаган. Калтаклар ва таҳқирларга чидай олмаган аёл уйи дарвозахонасида ўзини осган. Аёлини ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган эрга суд томонидан тегишли жазо тайинлангани айтилган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Андижонда армияга юбориш эвазига пора олган масъуллар ушланди

Андижон вилоят мудофаа ишлари бошқармаси доимий чақирув комиссияси масъуллари пора билан ушланди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради. Доимий чақирув комиссияси катта шифокорлари Қодиров ҳамда Исроилова икки нафар йигитдан 600 доллардан пора талаб қилган. Бунинг эвазига эса йигитларни тиббий кўрикда ҳарбий хизматга яроқли деб топиш ва шу орқали ҳарбий хизматга юборишни ҳал этиш ваъда қилинган. Икки масъул жиноят устида ушланган. Хабар қилинишича, прокуратура уларга нисбатан очилган жиноий ишни тергов қилмоқда. Аввалроқ Сирдарё вилояти Сардоба тумани мудофаа ишлари бўлими бўлинма бошлиғи Онарбой Шомуродов ва нозир Одил Пўлатов чақирув муддатини узайтириш эвазига ҳарбий хизмат ёшидаги йигитдан пора олаётганда ушлангани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG