Линклар

Шошилинч хабар
05 июн 2020, Тошкент вақти: 18:23

OzodDayjest: Алимент тўламаслик учун фарзандини сувга чўктирган ота 18 йилга қамалди


Иллюстратив сурат.

Лариса Толмачёва иши бўйича судга журналистлар қўйилмади. Самарқандда бир неча минг йиллик нодир тошлар талон-торож этилмоқда. Наманганда ота алиментдан қочиб фарзандини сувга чўктирди.

_____________________________________________________________

Жамоатчилик кенг муҳокама қилган жиноятга доир суд мажлисига журналистлар киритилмади


Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани судида фуқаро Лариса Толмачёва устидан навбатдаги суд иши бошланди (www.repost.uz, 18 февраль). Аёл 2019 йил 4 июнь куни Юнусобод туманида ўз автомобилида тўрт нафар ўсмирни босиб кетган эди. Болалардан бири воқеа жойида вафот этган. Маҳкама очиқ ҳисобланса-да, Repost нашри журналистлари суд залига киритилмаган.

Ўсмирнинг ўлими бўйича иш жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлган. Вафот этган ўсмирнинг амакиси Михаил Ахпержаньянц бир неча марта журналистларни суд мажлисида иштирок этишга ва воқеаларни кенг ёритишга чақирган.

Repost журналистлари суд залига киришга уринган, аммо судья Элза Шамсутдинова ОАВ вакилларини чиқариб юборган.

Аввалроқ “Севимли” телеканали, Qalampir.uz ава Gazeta.uz интернет нашри журналистларининг қонуний ҳуқуқлардан фойдаланишига Андижон вилояти ҳамда Тошкент шаҳридаги судьялар тўсқинлик қилган.

Самарқандда бир неча минг йиллик ноёб топилмалар йўқ қилинмоқда


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Аламли қишлоғи ҳудудида жойлашган Қорача (Қароқчи) тоғидан топилган қадимий маданий бойликлар йўқ қилинмоқда (www.kun.uz, 16 февраль). Қишлоқдаги Ўрта ҳовуз манзилида мезолит-неолит даври ёдгорлиги, жумладан, кўҳна тош буюмлар, танга, сопол ашёлар ва кўплаб қоятош расмлари топилган. Қайд этилишича, археологлар жиддий изланса, бу ердан яна кўплаб нодир ашёлар топишлари мумкин. Аммо мазкур ҳудуд ҳалигача муҳофаза этилмаган. Оқибатда қоятошлар шунчаки қурилиш ашёси сифатида ишлатилмоқда.

“Нега бизнинг олимларимиз ижобий маънода саргузаштталаб эмас? Нега бундай объектлар тезлик билан илм эгаларини жалб қилмайди, ўша ҳудудларда ўрганишлар олиб борилмайди, муҳофаза қилинмайди?” деб ёзади нашр.

Мақолада Қорача тоғидаги ноёб моддий-маънавий бойликларни зудлик билан муҳофазага олиш ва чуқур тадқиқ этиш тавсия қилинган.

Алиментдан қочиб фарзандини сувга чўктирган ота узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди


Наманганда мудҳиш жиноят қайд этилди: ота алимент пулидан қочиб ҳали 2 ёшга тўлмаган фарзандини сувга чўктирди (“Ҳуқуқ”, 20 февраль). Бу ҳақда Бош прокуратура вакили Лазизжон Баракаев маълум қилган. Оилавий низо сабаб эр ва хотин алоҳида яшаган ва суд ота зиммасига даромадининг 70 фоизи алимент сифатида тўлаш мажбуриятини юклаган. Исми ошкор этилмаган ота собиқ хотини қарамоғидаги ўғлини олиб қочади ва Шимолий Фарғона каналига улоқтиради. Сўнг ўзи Наманган шаҳри ички ишлар бўлимига бориб, айбига иқрорлик билдиради.

Қайд этилишича, қасддан одам ўлдиришда айбланган эркак 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазонинг дастлабки икки йили турма режимида ўталиши белгиланган.

Аввалроқ Фарғона вилоятида ҳам шу каби жиноят содир этилган эди. 22 миллион сўмлик алимент пулини тўлашни истамаган 29 ёшли шахс ҳали қонунан ажрашмаган хотини ва икки боласини Катта Фарғона каналига чўктириб юборганди.

XS
SM
MD
LG