Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:25

Наманганда президент келишига буғдойзор бузилди, йўл четига тахта тўсиқлар ўрнатилмоқда


Uzbekistan - mayor of Pop district is preparing the district for Mirziyaev's visit

Наманган вилоят, Поп туманида фермер Шерали Аҳмадалиевнинг катта йўл бўйидаги 7 гектар ерда кўкариб турган буғдойзори унинг рухсатисиз бир кечада шудгор қилинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермернинг айтишича, туман ҳокими ўринбосари шу йўлдан ўтиши эҳтимоли бўлган президентнинг кўзи кеч экилган буғдойга тушиб қолмаслиги учун ўзбошимчалик билан буғдойзорга трактор солдирган.

Поп тумани фермерлари, шунингдек, туман ҳокими катта йўл ёқасини тахта билан тўсишга мажбурлаётганидан шикоят қилди.

Фермер Шерали Аҳмадалиевнинг ҳайдаб ташланган буғдойзори
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00

Поп туманидаги қишлоқ хўжалиги ерларини мақбуллаштириш лойиҳасига тушган “Мирзаниёз Мирзаумар” фермер хўжалиги раҳбари 36 яшар Шерали Аҳмадалиевнинг Озодликка айтишича, унинг кўкариб турган 7 гектар буғдойзори бир кечада ҳайдаб ташланган:

- Бир ҳафтача олдин замҳоким Акром Қўчқоров билан Шавкат ака деган мутахассис келиб, буғдойни кўрди. Акром ака кўчати яхши экан, президентимиз келгунларича буни ўстириш керак, 100-150 килодан дори бериб, сув қўйиш керак, деди. Мен, ака, 300 килодан солишни мўлжал қилиб турибман, дедим. Шунда замҳоким, давай солинглар, деди-да кетди. Мен уйимда сақлаб турган 2 тонна ўғитни солиб, суғордим. Орадан бир ҳафтача ўтиб, бир куни эрталаб далага борсам, ғалла йўқ. Ҳаммасини кечаси билан ҳайдаб ташлашибди. Югуриб Акром акани идорасига борсам, у чиқяпти экан. Ака, нега бундай қилдингиз десам, менинг хабарим йўқ, деди-да, машинасига ўтириб қочиб кетди. Ҳокимиятдан сўрасам, муҳтарам президентимиз келиб кўрсалар, кайфиятлари бузилмасин, деб шундай қилишган, дейишди.

Фермернинг айтишича, уруғлик кеч берилгани сабаб буғдой ривожи бироз кеч қолган:

- Ўзлари ноябрнинг охирида уруғликни беришди. Ерни тайёрлаш, уруғлик, эктириш, суғориш, минерал ўғит, биласизми анча маблағимиз ва меҳнатимизни сарфладик. Менга алам қилгани, буғдойнинг эгаси менману, лекин мендан бир оғиз ҳам сўрашмади. Худди ўғрига ўхшаб кечаси келиб ҳайдаб ташлашди. Хотиним қўлига кетмон олиб суғорган эди, ишчиларим қанча меҳнат қилган эди. Уволини айтмайсизми буни. Президентнинг кўзига яхши кўриниш учун деҳқонни қақшатадиган бундай кўзбўямачилик кимга керак?

Поп туманида президент келишига дала четларига тўсиқлар қўйилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:16 0:00

Поплик бошқа фермер Умида Иброҳимованинг айтишича, туман ҳокимлиги президентни кўзбўямачилик билан кутиб олиш учун, бундан бошқа ишларни ҳам амалга оширмоқда:

- Туман ҳокими президент ўтиши эҳтимоли бўлган йўлнинг икки четига полга ишлатиладиган ўн иккилик (қалинлиги 12 мм - таҳр.) тахтадан четан қилдиряпти. Фермерлар ўз ёнларидан бозордан тахта сотиб олиб, усталарга икки қатор тахта қоқилган забор ясаттириб кетяпти. Километрлаб қилдиряпти. Қилмаганингни ерингни оламан деяпти. Бунақа кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор?

Озодлик туман ҳокими Аъзамжон Султонов ва унинг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Акром Қўчқоровнинг мобил телефонларига кун давомида қўнғироқ қилди. Аммо, мулозимларнинг телефони жавоб бермади.

Ўзбекистонда Президент, Бош вазирнинг вилоятларга ташрифидан олдин объектларни чиройли кўрсатиш мақсадида кўзбўямачилик қилиш ҳолатлари учраб туради.

Президент Мирзиёев 2018 йил 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги йиғилишда унинг жойларга ташрифи олдидан ижтимоий соҳа вакилларининг ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани, айрим жойларда жиддий “кўзбўямачилик”ка йўл қилинаётганини кескин танқид қилганди.

30 март куни Жиззах вилоятига борган президент Шавкат Мирзиëевга президент топшириғига мувофиқ қурилган “Зарбдор текстил” МЧЖ га гўё иш бошлагандек қилиб кўрсатилган ва ишчилар ролини коллеж ўқувчилари ўйнаб берган эди.

2017 йилнинг ноябрь ойида Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи олдидан жиззахликлар уйларининг шиферларини тунукага алмаштириб, уни қизилга бўяшга мажбурланган эди. Бельгиядан келтириб, кўчаларга ўтқазилган гул ва дарахтлар қурий бошлагач, кўчатларнинг ҳар бирига биттадан одам бириктирилганди.

2017 йилнинг апрелида бир-биридан мустақил тингловчилар президентнинг Жиззах вилоятига сафаридан олдин кўчаларда йиллардан буён қилинмаган ободонлаштириш ишлари зудлик билан бошлаб юборилганини Озодликка хабар қилган эди.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG