Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2022, Тошкент вақти: 04:24

Президент топшириғи. Самарқандда собиқ туман ҳокими судланмоқда


Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича судида Самарқанд тумани собиқ ҳокими Носир Мавлонов бошчилигидаги 4 мансабдор шахс устидан суд бўлмоқда. Маҳкамага собиқ ҳоким билан бир қаторда унинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбари тортилган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил февралда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун 10 мулозимни ишдан олганди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ишдан олинганларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган коррупция тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноят иши очиш масаласи кўрилишини билдирган.

Самарқанд халқаро аэропорти терминалида вилоят мутасаддилари иштирокида ўтқазилган йиғилиш ўта танқидий руҳда ўтган ва президент вилоятда ижобий ўзгаришлар кузатилмаётганлигидан шикоят қилган.

Президент ташрифидан беш кун ўтиб Самарқанд вилоят прокурори лавозимида ишлаб келган Равшан Машарипов ҳам лавозимидан бўшатилган ва Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига прокурор этиб тайинланган. Вилоят прокурорининг ишдан олинишига айнан президент Мирзиёевнинг ташрифи сабаб бўлганлиги юзасидан маълумотлар мавжуд эмас.

Озодлик тасарруфидаги мавжуд ҳужжатларга, президент танқидига учраган собиқ туман ҳокими Носир Мавлонов, гўёки “ўз аризасига биноан” вазифасидан озод этилган.

Бугунга келиб, Самарқанд вилоят прокурори томонидан Носир Мавлоновга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”) 207-моддаси (“Мансабга совуққонлик билан қараш”) ва 229/4-моддаси (“Ер бериш тартибини бузиш”) билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича айблов эълон қилинган.

Ушбу жиноят иши судида бевосита қатнашаётган маҳаллий фаолнинг шахсини очиқламаслик шарти билан Озодликка билдиришича, собиқ туман ҳокими Носир Мавлонов 2019-2021 йилларда сувли ерларни муомаладан чиқариш ва қурилишга ажратиш давомида, давлатга тўланиши керак бўлган зарарни қоплаш чораларини кўрмагани, аукционсиз тўғридан-тўғри ер ажратиш бўйича қарор чиқаргани, фермер хўжаликлари фойдаланувида бўлган ерларини мажбуран олиб қўйгани ва бошқа ҳолатлар бўйича судланмоқда.

Шунингдек, маҳаллий фаол жорий йил 30 август куни бўлиб ўтган суд муҳокамаси давлат айбловчиси - прокурор иштирокисиз бўлгани ва унда мутахассис сифатида жалб қилинган Давлат кадастр агентлиги ходимлари сўроқ қилинганини айтмоқда.

Носир Мавлонов 1971 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган ва 1996 йилдан асосан солиқ идораларида фаолият кўрсатиб келган. Мулозим 2019 йил Самарқанд туман ҳокими лавозимига тайинланган ва унгача Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган бўлган.

Айни пайтда, судланувчи курсисига келган Носир Мавлоновни Самарқанд вилоят суди судьялари малака ҳайъати собиқ раиси, ўтмишда айнан Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди раиси лавозимида ишлаган Тўлқин Қодиров бошчилигидаги адвокатлар гуруҳи ҳимоя қилмоқда.

Ҳозирда ҳимоячи адвокатга айланган Тўлқин Қодиров, 2021 йилнинг июлида судья мақомида бўлган ва Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича ҳайъати таркибида блогер Отабек Сатторийнинг апелляция судини ҳам кўриб чиққанди. Ўшанда у блогерга тайинланган 6,5 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз ўз кучида қолдирган.

Отабек Сатторий президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келганидан буён биринчилардан қамалган блогерлардан бири. Сатторийдан сўнг матлакатда блогерлик фаолияти ортидан қамалганларнинг сони ошиб бормоқда. Озодлик жорий йил июль ойининг ўзида 4 та маҳаллий блогерларнинг қамалганлиги ҳақида хабар берган эди.

Судялар олий кенгаши матбуот котибининг Озодликка билдиришича, ҳозирда адвокат мақомидаги Тўлқин Қодиров жорий йилнинг 4 февралида “60 ёшга тўлгани ва судьяликдан чарчагани” сабабли ўз аризасига биноан муддатидан олдин судьяликдан кетган.

Самарқандлик таниқли журналист Каримберди Тўрамурод 2019 йилнинг сентябр ойида "Самарқандда янги мафия" сарлавҳаси остидаги видео орқали вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органларининг фуқароларга туҳмат уюштириб уларни асоссиз жиноий жавобгарликка тартиб келганлиги ҳақида хабар берган эди.

Журналист ушбу жараёнларга ўша пайтдаги Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди раиси лавозимида ишлаган Тўлқин Қодировнинг ҳам алоқадорлиги ҳақида айтиб ўтган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримберди Тўрамурод томонидан эълон қилинган мақолани мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни обрўсизлантириш орқали уларнинг қонуний фаолиятига нисбатан нафрат уйғотишга қаратилган очиқ ҳаракат деб баҳолаган эди.

Президент Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан буён ҳокимларнинг ер ажратиш билан боғлиқ ваколатларини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамасдан мамлакатдаги ер билан боғлиқ муносабатлар энг коррупциялашган тизимлардан бири экани айтилади.

Озодлик собиқ туман ҳокими Носир Мавлоновнинг ноқонуний ер ажратганлиги фаолияти билан боғлиқ суд жараёнини кузатишда давом этади.

Форум

XS
SM
MD
LG