Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Пригожиннинг ўлими: энди нима бўлиши мумкинлиги ҳақида беш савол


"Вагнер" ёлланма жангарилар гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин. 21 август, 2023.
"Вагнер" ёлланма жангарилар гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин. 21 август, 2023.

"Вагнер" гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин 30 август куни махфий равишда Санкт-Петербургнинг Порохов қабристонида кўмилди. Унинг ўлими Россия, Путин, генераллар, Украинадаги уруш ва “Вагнер” ширкати учун нимани англатади?

27 август куни Евгений Пригожиннинг Embraer 600 учоғи Москва шимолида ҳалокатга учраганидан тўрт кун ўтиб, Россия ҳукумати “Вагнер” ёлланма аскарлари бошлиғи ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.

Россия Тергов қўмитаси эълон қилмасидан бурун Владимир Путин Пригожиннинг ўлими ҳақида гапирган эди. Бу Пригожиннинг қиёфадошлари ва “саҳналаштирилган” учоқ ҳалокати ҳақидаги гап-сўзлар урчиётган вақтда эълон қилинди.

Россия президенти 24 август куни Пригожин ҳақида ўтган замонда гапириб, у билан 1990-йиллар бошида Санкт-Петербургда бўлган биринчи учрашувини эслади. Путин унинг “ҳаётда жиддий хатоларга йўл қўйганини” таъкидлади.

Пригожиннинг шахсини тасдиқлаган тергов экспертизаси натижаларига қарамай, унинг ўлими оқибатлари Россия ва Путин учун, шунингдек, Москва ҳарбий раҳбарияти ва Украинадаги уруш, шунингдек, “Вагнер” ширкатининг ўзи ва урушнинг ашаддий тарафдорлари учун мавҳум бўлиб қолмоқда.

Украинага босқин: 548-кун | Кремль Пригожин учоғининг қулашига алоқадорлигини рад этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:06 0:00

Путин заифлашдими?

Учоқ ҳалокатга учрашидан роппа-роса икки ой олдин Пригожин бошлаган исён Россия етакчиси сифатида Путин дуч келган энг жиддий муаммо бўлди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи таъкидлаганидек, бу "Владимир Путиннинг 23 йиллик ҳокимиятида Россия давлатига қилинган энг тўғридан-тўғри ҳужум" эди.

Ҳатто қўзғолончиларни сотқинлар ва қўзғолоннинг ўзини "орқадан пичоқ санчиш" деб атаган Путин жиноятчиларни жазолаш учун (ҳеч бўлмаганда омма кўзида) кам иш қилди. Бир неча кундан кейин, расман хабар қилинганидек, у Кремлда Пригожин ва исёнчиларнинг баъзи иштирокчилари билан учрашди. Пригожин озодликда қолди, Россия ва Беларус ўртасида қатнаб юрди, Африкада пайдо бўлди.

Бунга Пригожиннинг бир неча ой давомида Путиннинг ҳарбий раҳбариятини очиқчасига ҳақорат қилиб келганини қўшинг. Кўп йиллик Кремль кузатувчилари учун ўтмишда хоин деб кўрилган одамларга, хусусан, Александр Литвиненко ва Сергей Скрипалга раҳм-шафқат кўрсатмаган Россия президенти бу сафар заиф кўринди.

“Пригожинни жазолашнинг аниқ белгилари йўқлиги тизимнинг ночорлиги ва бўшашгани белгиси сифатида талқин қилина бошлади”, деб ёзади Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Александр Баунов 24 август кунги таҳлилий ҳисоботида.

Энди Пригожин вафот этди – у кучли заҳардан эмас, дрон зарбасидан эмас, машинага ўрнатилган ўқ ёки бомбадан эмас, балки шахсий учоғи тўғридан-тўғри ҳавода қулатиб ўлдирилди. Кремль бунга алоқадорлигини инкор этса ҳам, расмийлар билдиришича, бортдаги 10 кишининг барчаси ўлган ҳалокатни мафия фильмларидаги саҳналарга қиёслаш мумкин.

"Мафия фильмларида бўлгани каби: урушаётган гуруҳлар ва уларнинг бошлиқлари бир жойга тўпланиб, кейинроқ бири иккинчисини отиб ташлайди ёки "Чўқинтирган ота" фильмидаги каби, улар бир-бирини йўқ қилишдан олдин ярашишади", деб ёзади Баунов.

Путинга таҳдидлар сақланиб қолмоқда. Россия элитаси орасида унинг Украинага бостириб кириш ҳақидаги қарори тўғрилиги ва бу урушни қандай олиб бораётганига шубҳалар кучаймоқда. Ҳозирда ҳарбий харажатлар боис Россия иқтисодиёти танг аҳволга тушмоқда. Путин март ойида бўлиб ўтадиган сайловларда янги олти йиллик муддатга сайланиши кутилмоқда, бироқ урушдаги муваффақиятсизликлар ва келажак мавҳумлиги сайлов кампаниясини қийинлаштириши мумкин.

Шунга қарамай, Путинга очиқдан-очиқ қарши чиққан одамнинг бевақт ўлими унга қарши чиқишни ўйлайдиганларга кучли сигнал беради – ҳеч бўлмаганда ҳозирча "тўнтаришга уринишга қарши". Аммо узоқ муддатда бу унга қимматга тушиши мумкин.

"Пригожинни ўлдириш орқали Путин қисқа муддатли ғалабага эришди ва ҳокимиятини мустаҳкамлади", деб ёзади АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол. “Бироқ, узоқ муддатда Путиннинг ташқи сиёсат мақсадларини чет элда, хусусан, Украинада амалга ошириш имконияти учун салбий оқибатлар қисқа муддатли фойдадан кўпроқ бўлиши мумкин."

"Путин нуқтаи назаридан, шунингдек, хавфсизлик кучлари ва ҳарбий хизматчиларнинг кўпчилиги учун Пригожиннинг ўлими ҳар қандай потенциал исёнчи учун сабоқ бўлиши керак, – деб таъкидлайди Россия сиёсати бўйича эксперт Татьяна Становая ўзининг Telegram каналида. – Пригожиннинг ўлими у билан охиригача қолган ёки уни очиқ қўллаб-қувватлаган ҳар бир киши учун тўғридан-тўғри таҳдиддир. Бу норозилик уйғотишдан кўра кўпроқ қўрқитади. Шунинг учун ҳеч қандай махсус реакция кутилмаслиги керак. Нафрат ва норозилик бўлади, лекин сиёсий оқибатлар бўлмайди."

Уруш дўзах. “Махсус ҳарбий операция” нима бўлади?

Сўнгги бир ярим йил ичида Пригожиннинг вагнерчилари Украинанинг бир қанча ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларда жуда сезиларли, баъзан эса асосий роль ўйнади. “Вагнер” қўшинлари 2022 йил баҳорида Донбассдаги Мариупол порт шаҳрини қамал қилишда қатнашди ва май ойида Бахмутга 10 ойлик ҳужум бошида бўлишди.

Пригожин россияликлар нафақат унинг ёлланма аскарлари мавжудлиги, балки минглаб маҳбуслар ҳам борлиги ва қурбонлар ҳақида билишини истарди.

Аммо “Вагнер” қўшинлари Украинанинг қарши ҳужумига қарши курашаётган юз минглаб рус аскарларининг кичик бир қисми бўлса ҳам, Киев уруш тўлқинини ўзгартиришига умид қилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, “Вагнер” келажаги борасидаги ноаниқлик Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига сезиларли таъсир кўрсатиши даргумон. Кремль аллақачон барча қўшинларни мудофаа вазирлигининг расмий қўмондонлигига ўтказишга ҳаракат қилмоқда ва бу жараён тезлашиши мумкин.

"Россия раҳбари бу урушни 18 ой давом эттиролди ва Украинанинг ўз ҳудудининг катта қисмини озод қилиш ҳаракатларини секинлаштирган омил “Вагнер”нинг жанг майдонидаги мақтовли натижалари туфайли эмас, балки ҳукумат сафарбар қилиши мумкин бўлган катта ресурс, Россия иқтисодиётини сақлаб қолишга ёрдам берадиган одамлар тажрибаси ва Путиннинг қатъий позициясидир", деб ёзади Карнегининг Берлинда жойлашган Россия ва Евросиё маркази директори Александр Габуев Financial Times нашрига.

Айни пайтда, Пригожиннинг ўртадан олиб ташланиши унинг икки рақиби: мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи, генерал Валерий Герасимовнинг таъсирини кучайтиради.

Путин ва Кремлнинг юқори қўмондонлигини таъқиб этиши мумкин бир ҳолат бор: Пригожин ва унинг ҳамфикрлари Шойгу ва Герасимовни кўпинча уларнинг қўмондонлик услуби, хатти-ҳаракати ва Украинада ҳарбий ҳаракатлар бўйича қарорларини танқид қиларди. Ташқи кузатувчилар учун уларнинг танқиди асосли эди.

Бу воқeа милитаристлар ва миллатчиларни тинчлантирадими?

Мутахассислар таъкидлашича, Пригожиннинг таъсири сабабларидан бири унинг Шойгу ва Герасимовни танқид қилгани эди: у Россия ҳарбий тузилмаларида институционал муаммолардан азият чекаётган оддий ҳарбий хизматчилар шикоятларини айтганди.

Пригожиннинг айблови янада диққат тортар эди, чунки Кремль Украинадаги ҳарбий амалиётларни оммавий танқид қилганларни "Россия Федерацияси Қуролли Кучларини обрўсизлантириш" моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортади. Урушни танқид қилган ёки унга қарши чиққан ўнлаб руслар қамоққа ташланган, аммо Пригожин эмас.

“Вагнер” раҳбарининг йўқ қилиниши энг кескин танқид овозини ўчиради, аммо Шойгу ва Герасимовга нисбатан чуқур шубҳалар сақланиб қолади ва агар Украина ўзининг қарши ҳужумида жиддий муваффақиятга эришса, бу шубҳалар янада кучаяди.

Пригожин танқид қилган ягона одам эмас эди. Голландия суди томонидан 2014 йилда Украина узра Малайзиянинг MH17 учоғи уриб туширилишига алоқадорликда айбланган собиқ разведка ходими Игорь Гиркин ҳам ўзининг кескин танқидлари билан машҳур. Пригожин сингари, Гиркин ҳам қўмондонлардан ва Путиндан умумий сафарбарлик эълон қилишни ва Украинага қарши кўпроқ куч ишлатишни, уни ер билан яксон қилишни хоҳлайди. Июль ойида Гиркин Путинни “қўрқоқ ва уқувсиз” деб атаган эди.

Бироқ, Пригожин каби Гиркиннинг ҳам овозини ўчиришди. Июль ойида, бу баёнотдан бир неча кун ўтиб, у экстремистик айбловлар билан ҳибсга олинган ва шу кунгача Москвадаги машҳур Лефортово қамоқхонасида кейинги тергов ва судни кутмоқда.

Тўғри, бу қарама-қаршилик қандай якунлангани ҳалигача номаълум. 24 август куни Гиркиннинг Telegram каналида у Пригожинни “Россия душмани” деб атаган ва сиёсий тўнтаришлар ҳақида огоҳлантирувчи ғалати хабар пайдо бўлди.

"Мен хафа бўлдим деб айта олмайман, чунки Пригожин нафақат менинг шахсий душманим, балки Россиянинг ҳам душмани эди, – дейилади постда. – Шу билан бирга, содир бўлган воқеа менда ижобий муносабат уйғотмайди, негаки бу Россиядаги тартибсизликлар янада чуқурлашиб бораётгани далилидир."

Энди “Вагнeр”га нима бўлади?

Хусусий ҳарбий шаиркатлар Россия қонунчилиги билан расман тақиқланган. Аммо бу тақиқ ташаббускор ишбилармонларни турли разведка идоралари ёки давлат назорати остида уларни ташкил қилишдан қайтармади.

“Вагнер” бундай ширкатларнинг энг машҳури ва обрўлиси эди: унинг жангчилари ўз байроқларини тикиб, Мали, Марказий Африка Республикаси, Судан, Ливия ва Сурия каби мамлакатларда ўз изини қолдирди, Украинани айтмаса ҳам бўлади.

“Вагнер”нинг кенгайиши асосан унинг тузилиши билан боғлиқ эди. Компания Марказий Африка Республикасида олтин қазиб олиш ва савдо қилиш каби бизнес лойиҳаларидан яхши даромад олган. Бундан ташқари, у иттифоқчилар хавфсизлигидан, масалан, Суриядаги режимга тегишли нефть ва газ иншоотларини қўриқлашдан ҳам даромад олган.

Компаниянинг ана шу охирги иши Москва таъсир доирасини кенгайтирди, айниқса, у АҚШ ёки Франция билан рақобатлашадиган жойда. Буни қаттиқ ва юмшоқ кучнинг бир кўриниши деб ҳисоблаш мумкин, бу Москвага ўз айбини тан олмаслик имкониятини берарди.

Шу сабабли, аксар мутахассислар “Вагнер”нинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига ишонмайди: унинг жангчилари шафқатсиз ёлланма аскарлар сифатида обрў қозонган.

“Вагнер”нинг Украинадаги очиқ ҳарбий тузилмалари Мудофаа вазирлигининг бевосита назоратига ўтиши мумкин бўлганидек, унинг тижорат корхоналари ҳам, эҳтимол, Россия разведка идоралари ёки бошқа давлат идоралари назоратига ўтиши мумкин.

Шунга қарамай, Пригожинсиз “Вагнер” заифлашиши мумкин. Бу, шунингдек, сўнгги йилларда яратилган ва айрим ҳолларда давлат билан чамбарчас боғланган бошқа “хусусий” ҳарбий ширкатларга йўл очиши мумкин.

"Гeнeрал армагeддон"га нима бўлади?

Ушбу драманинг яна бир ўйинчиси – ўтган йили бир неча ой давомида Украинадаги урушни бошқарган рус ҳарбий раҳбари Генерал Сергей Суровикиндир.

Унинг "Генерал Армагеддон" лақабидан кўриниб турибдики, Аэрокосмик кучларни ҳам бошқарган Суровикин янада шафқатсиз қўмондон ҳисобланган ва шунинг учун ҳам Пригожин, Гиркин ва бошқалар унинг раҳбарлигини қўллаб-қувватлаган.

Суровикин 2022 йил октябрь ойида Украинадаги операция қўмондонлигини қабул қилганидан кўп ўтмай, аҳолини қўрқитиш ва Киев ҳукуматини таслим бўлишга мажбурлаш мақсадида рус қўшинларига Украина электр тармоғи ва бошқа фуқаролик инфратузилмасини бомбалашни буюрди.

Тахминларга кўра, Пригожин Суровикин билан 2010 йиллар ўрталарида, у Суриядаги Россия қўшинлари қўмондони бўлганда яқинлашган. Ўшанда “Вагнер” жангарилари Суриянинг нефть ва газ иншоотларини қўриқлаётган эди.

Бироқ, Суровикин бор-йўғи икки ой ишлади ва Путин уни лавозимидан четлатиб, ўрнига Пригожин танқид қилган Герасимовни қўйди.

Суровикиннинг Россия мудофаа тузилмаларида тарафдорлари бор эди, Пригожин Бахмут яқинида жанг қилаётган ўз қўшинларини таъминлаш учун уларга таянган. Бироқ баҳорда Пригожин етарлича ўқ-дори олмаганидан шикоят қилди.

Пригожин 23 июнь куни исён кўтарганида, Суровикин кутилмаганда пайдо бўлиб, исёнчи “Вагнер” қўшинларини чекинишга чақирди. Айрим кузатувчилар Суровикин мурожаатининг ҳақиқийлигига шубҳа қилиб, уни шундай мурожаат билан чиқишга мажбурлашган бўлиши мумкин деб айтишди. Айрим америкалик расмийларга кўра эса, Суровикин исён ҳақида олдиндан билган бўлиши мумкин.

Исён тугагандан сўнг, Суровикин кўздан ғойиб бўлди ва унинг ҳибсга олингани, уй қамоғида экани, қамоқхонада ёки ундан ҳам баттари бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди.

Пригожиннинг исёни ҳақида билган ёки унга ҳамфикр бўлган ҳарбий раҳбарият ва разведка тузилмаларида бошқа шахслар ҳам бўлиши мумкин деган шубҳалар бор.

22 август куни Россия оммавий ахборот воситалари Суровикин Аэрокосмик кучлар қўмондонлигидан четлаштирилгани, аммо Мудофаа вазирлиги “ихтиёрида” қолдирилгани – эҳтимол армиядаги бошқа лавозимга ўтказилгани ҳақида хабар берди.

Аммо, эътиборлиси, ҳали тасдиқланмаган бу хабарларда унинг ҳибсга олингани, армиядан бўшатилгани ёки ҳатто лавозими туширилгани ҳақида айтилмаган.

Суровикиннинг янги вазифалари эълон қилинганидан бир кун ўтгач, Пригожиннинг учоғи ҳалокатга учради.

Форум

XS
SM
MD
LG