Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

Прокуратура Қўқондаги коллежда бир неча ўн қиз ўз жонига қасд қилишга уринганини тасдиқлади


Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи 45 тарбияланувчисининг кесилган ёки бошқа тан жароҳатлари ва улардан қолган чандиқлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳозирда судда кўрилаётган жиноят ишига қўшилган ва жиноят иши доирасида баҳо берилади.

Бу ҳақда Озодликка Бош прокуратура матбуот хизмати билдирди.

Маълум бўлишича, прокуратура ходимлари тилга олинган коллежда Озодлик 5 апрелда эълон қилган мақолада келтирилган фактлар юзасидан текширув ўтказган.

Озодлик ўз мақоласида Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йил октябридан буён бир неча ўн ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилгани тўғрисида тиббиёт муассасаси ҳужжати ва воқеанинг бевосита гувоҳларига таяниб хабар қилган эди.

Қуйида Бош прокуратура матбуот хизмати билдирувини тўлалигача келтирамиз:

“Қўқондаги Тарбияси оғир қизлар коллежида 6 ойда 10 дан ортиқ ўқувчи ўз жонига қасд қилди” номли мақолада кўрсатилган ҳолатлар ўрганилганда қўйидагилар аниқланди.

Қўқон Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида, коллежда таълим олаётган айрим тарбияланувчилар гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш учун Қўқон шаҳар ИИБга чақирилган ва психологлар иштирокида сўроқ қилинган.

Ушбу жараёнда коллежда таълим олаётган айрим тарбияланувчилар муассаса ҳудудидан чиқиш учун, ўзларига турли даражада тан жароҳатлари етказганликлари ҳолатлари юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилиб, қарор қабул қилинган.

Жумладан, 2018 йилнинг 16 октябрида да қорин оғриғи шикояти билан 2002 йилда туғилган бемор Д.А.нинг ошқозон-ичак тизимида ёт жисм аниқланмаганлиги сабабли, мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра 2018 йилнинг 21 октябрида ЖПК 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

2018 йилнинг 20 октябрида 2002 йилда туғилган Ф.М.нинг пиёла синиғини ютганлиги, И.Д.нинг игна ютганлиги, Х.А.нинг пиёла синиғини ютиб юборганлиги, Х.К.нинг сопол товоқ синиғини ютганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра Қўқон шаҳар ИИБ томонидан 2018 йилнинг 29 октябрида ЖПК 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

2018 йил, 20 октябрда 2002 йилда туғилган бемор Х.А. 2 ҳафта олдин қорин соҳасига игна тиққанлигини билдирган. Тиббий кўрик жараёнида чап қовурға остки соҳаси қизарган бўлиб, тикув игнаси аниқланиб, олиб ташланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 2018 йилнинг 29 октябрида ЖПК 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу жараёнда айрим тарбияланувчилар муассаса ҳудудидан чиқиш мақсадида “игна ютиб юбордим”, “пиёлани синиғини ютиб юбордим” каби баҳоналар билан соғлиғи ёмонлашганлигини айтганлиги сабабли, улар шаҳар ШТТЁШга олиб борилиб, УЗИ аппаратида текширувдан ўтказилган ва “ошқозон-ичак тизимида ёт жисмлар йўқ” деб ташхис қўйилиб, жавоб бериб юборилган.

Жумладан, 2018 йил 17 октябрдан 31 октябргача бўлган санада Қўқон шаҳар ШТТЁШга олиб келинган 20 нафар қизлар (айримлари такроран) тиббий текширувдан ўтказилиб, ошқозон ичак тизимида ёт жисмлар аниқланмаганлиги сабабли уларга жавоб бериб юборилган.

Бундан ташқари, коллежнинг 45 нафар тарбияланувчиларининг кесилган ёки бошқа тан жароҳатлари улардан қолган чандиқлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳозирда судда кўрилаётган жиноят ишига қўшилган ва жиноят иши доирасида баҳо берилади.

Қўқон махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида тарбияланаётган вояга етмаганлар – М.Б., Г.М., Ф.Т. ва С.А.лар 2018 йил, 15 ноябрь кеч соат 17:30 ларда ўзаро тил бириктиришиб муассасанинг ошхонаси ортида мавжуд бўлган нарвон ёрдамида муассаса деворидан ошиб тушиб қочиб кетган.

Қўқон шаҳар прокуратураси ва ИИБ томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида вояга етмаган М.Б. 2018 йил, 16 ноябрь соат 11:00ларда ўз ихтиёри билан муассасага қайтиб келган.

Шу куни тарбияланувчи Ф.Т. Олтиариқ туманида ва қолган 2 нафар тарбияланувчилар (Г.М., С.А.) Фарғона шаҳар ҳудудида юрганликлари аниқланиб, ИИБ ходимлари томонидан муассасага олиб келинган.

Мақолада кўрсатилган, 2019 йил, 2 февралда коллеж тарбияланувчиси бўлган “М.” исмли шахснинг ўз томирини кесиб юборганлиги ҳақидаги важ ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам шу куни соат 20:20 ларда бўлган чақирувга асосан Қўқон шаҳар Тез тиббий ёрдам шифохонаси шифокори О.Т. бошчилигидаги навбатчилик гуруҳи коллежга борганлиги, коллеж тарбияланувчиси 2002 йилда туғилган М.М.нинг чап қўл билак соҳасининг ўрта қисмида тирналган жароҳат бўлганлиги сабабли шаҳар ШТТЁШга олиб келинганлиги, амбулатор ёрдам кўрсатилганидан сўнг коллежга қайтариб юборилганлиги аниқланди.

Шифокор томонидан бемор билан ўтказилган суҳбатда, у деразани беркитаётган вақтида ойна синиб қўлини тирнаб ўтганлигини билдирганлиги сабабли, бу ҳолатда ўз жонига суиқасд қилиш ёки бошқалар томонидан қасддан тан жароҳати етказишга шубҳа уйғотадиган ҳолат йўқ деб хулосага келинган ва бу ҳақда ички ишлар органларига хабар берилмаган.

Мазкур ҳолат бўйича Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, - дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати билдирувида.

Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йилнинг 14 октябрида кенг қамровли текширувлар бошланган эди.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ​Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизлар жинсий зўрлангани юзасидан тергов бошлагани тўғрисида Озодлик 23 октябрда хабар қилган эди.

Шу кунда 247 нафар тарбияси оғир қиз ўқийдиган, 100 нафар атрофида педагог ва бошқа ишчи-хизматчилар ишлайдиган Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежининг собиқ директори, унинг ўринбосари, хўжалик бўлими мудири, қоровули ҳамда коллежга алоқаси бўлмаган бир шахс тергов изоляторида сақланаётгани, улар устидан бошланган суд жараёни давом этмоқда.

Айнан шу жараённи назарда тутаяпти Бош прокуратура матбуот хизмати мана бу хабарида: "Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи 45 тарбияланувчисининг кесилган ёки бошқа тан жароҳатлари ва улардан қолган чандиқлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳозирда судда кўрилаётган жиноят ишига қўшилган ва жиноят иши доирасида баҳо берилади".

Коллеж собиқ раҳбарлари муассаса ҳудудида притон ташкил қилганликда айбланмоқда. Ҳозирча улар устидан қачон ҳукм чиқарилиши Озодликка маълум эмас.

Ўтган йил октябрида бошланган текширувлар ортидан коллежнинг 17 тарбиячиси ва 10 нафар қават тарбиячиси ишдан бўшатилган. Озодликка шикоят қилган тарбиячилар иддаосича, улар ишдан ноқонуний бўшатилган.

XS
SM
MD
LG