Линклар

Шошилинч хабар
25 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 02:41

Мухолифат четлатилиб, ОАВ босим остида қолган Қозоғистон сайловида овоз бериш якунланди

Олмаотада янги парламент — Қурултой депутатлари сайловида овоз бериш жараёни. 2026 йил 23 август.
Олмаотада янги парламент — Қурултой депутатлари сайловида овоз бериш жараёни. 2026 йил 23 август.

Қозоғистоннинг янги бир палатали парламентидаги ўринларнинг аксариятини «Әділет» партияси эгаллайди. Ўзини президент Тоқаев сиёсатининг таянчи деб атаётган партия дастлабки расмий маълумотларга кўра, 23 август куни янги Конституция асосида ўтказилган Қурултой сайловида 71 фоиздан ортиқ овоз олган.

Натижалар кутилган эди. Әділет" партияси катта фарқ билан ғалаба қозониши аввалдан тахмин қилинган эди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, яна тўрт партия парламентга кириш учун белгиланган 5 фоизлик тўсиқдан ўтган. Булар — "Ауыл" (6,26 фоиз), Respublica (5,56 фоиз), "Ақ жол" (5,21 фоиз) ва Умуммиллий социал-демократик партия (5,11 фоиз). Қозоғистон Халқ партияси (3,11 фоиз) ҳамда "Байтақ" яшиллар партияси (1 фоиз) мандатсиз қолган.

Қозоғистонликларнинг 2,5 фоизи "барчасига қарши" овоз берган.

Мамлакат бўйича сайловда қатнашиш кўрсаткичи 74 фоиздан ошган.

"Әділет" расман мамлакат сиёсий саҳнасидаги янги партия ҳисобланади. У сайловдан икки ой олдин рўйхатдан ўтказилган. Бироқ партия Қозоғистонда чорак асрдан зиёд вақт давомида — биринчи президент Нурсултон Назарбоев даврида ва Тоқаев президентлигининг дастлабки йилларида — етакчи партия ҳисобланган "Аманат"ни ўз таркибига қўшиб олган.

"Әділет"га Айбек Дадебай раҳбарлик қилади. У Тоқаев маъмуриятининг собиқ раҳбари бўлиб, президент уни сайлов кампанияси бошланишидан бир неча кун олдин лавозимидан озод этган. Партия сафига йирик бизнес вакиллари, жумладан Forbes Kazakhstan рўйхатига кирган шахслар, таниқли медиа вакиллари ва юқори лавозимли амалдорлар кирган. Партия сиёсий кенгашида президентнинг жияни Дана Медеуова ҳам бор. У Тоқаевнинг туғишган синглиси Қарлиға Избастина ва унинг дипломат турмуш ўртоғи Темиртай Избастиннинг қизи.

Медеуова мандат оладими-йўқми, яқин вақт ичида маълум бўлади. Партия 145 ўринли Қурултойга жами 186 номзод кўрсатган.

Бир палатали парламент Тоқаев ташаббуси ва иштирокида ишлаб чиқилган янги Конституция асосида тузилмоқда. Асосий қонун 1 июлдан кучга кирган. Мажилис ва Сенатдан иборат икки палатали парламент тугатилган. Ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатиш институти ҳам бекор қилинган. Сайловлар партия рўйхатлари асосида ўтказилган.

Сайловда қатнашишига рухсат берилган етти партиянинг бирортаси ҳам президент сиёсатини танқид қилмайди.

Тоқаев президентлигининг етти йили давомида мамлакатда уч партия рўйхатдан ўтказилган ва уларнинг барчаси ҳукуматга мойил — "Әділет", Respublica ва "Байтақ". Мухолиф сиёсий ташкилотлар тузиш истагини билдирган бир неча гуруҳ рўйхатдан ўта олмаган. Уларнинг етакчилари жиноий таъқибларга учраган, айримлари эса қамоққа ташланган.

"Ҳақиқий мухолифат партияларининг йўқлиги"

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси Қозоғистондаги сайлов кампаниясининг бориши ҳақидаги дастлабки ҳисоботида сиёсий рақобат билан боғлиқ муаммоларни қайд этган.

"Барча партиялар президент сиёсатини қўллаб-қувватлайди. ДИИҲБ миссиясининг айрим суҳбатдошлари ҳақиқий мухолифат партиялари ва мустақил номзодларнинг йўқлиги сиёсий иштирок ва плюрализмни чеклаётганини таъкидлади", — дейилади ҳисоботда.

ЕХҲТ кузатувчилари Қозоғистонда ўтган сайловларнинг бирортасини ҳам эркин ва рақобатли деб тан олмаган. Улар 2023 йилги сайлов кампаниясига салбий баҳо берганидан сўнг, Тоқаев ташкилот мамлакатга нисбатан "ўта бирёқлама" муносабатда эканини айтган. У Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида ЕХҲТ хулосаларини холис эмас деб атаган.

Остонага келган ЕХҲТ вакиллари президентнинг бу баёнотига изоҳ беришмади. Улар вазиятни аниқ ва холис баҳолаётганларини билдиришди.

"Менимча, бугун ва ҳозирги босқичда аввалги сайловларга қандай баҳо берганимиз ва бу баҳо маҳаллий раҳбарият томонидан қандай қабул қилингани ҳақидаги аввалги фикрларга жавоб беришимиз шарт эмас, — деди ЕХҲТнинг махсус мувофиқлаштирувчиси Габор Хайду (Руминия) 23 август куни Остонадаги сайлов участкаларидан бирида "Азаттық Азия" мухбирига. — Айтишим мумкинки, ҳозир биз жуда батафсил баҳолаш ўтказяпмиз ва унинг ниҳоятда аниқ ҳамда холис бўлишига ишонаман".

"Бизнинг обрўйимиз бетараф кузатувчилар эканимизга асосланади. Биз ДИИҲБ тўплаган маълумотлар, ўз кузатувларимиз, брифинглардаги муҳокамалар ҳамда кузатувчиларимиз олган барча ахборотга таянамиз", — дея қўшимча қилди ЕХҲТ Парламент ассамблеяси миссияси раҳбари Люция Тацер Перлин.

Ҳокимият доиралари мамлакатда плюрализм етишмаслиги ҳақидаги фикрларга қўшилмайди. Сайловлар олдидан Тоқаев сайлов кампанияси мазмунли ўтганини айтган эди. У овоз бериш куни ҳам шу фикрни такрорлади.

"Менимча, сиёсий кампания анча муваффақиятли ўтди. Теледебатлар жуда самарали ва мазмунли бўлди. Ёшларимиз дебатларни катта қизиқиш билан кузатганини барчамиз кўрдик. Айтишим мумкинки, бу воқеа мамлакатимизни модернизация қилишда янги босқич бўлди", — деди Тоқаев Мустақиллик саройидаги сайлов участкасида журналистларга.

"Муддатидан олдин" берилган саволлар

Янги Конституция фақат парламентни қайта шакллантиришни назарда тутмайди. Мамлакатда вице-президент лавозими ҳам жорий этилади. Бу сайланадиган эмас, тайинланадиган лавозим бўлади. Вице-президент номзодини президент таклиф қилади, уни Қурултой тасдиқлаши керак. Агар депутатлар президент таклиф этган номзодни икки марта тасдиқламаса, давлат раҳбари парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлади. Президент вафот этган ёки истеъфога чиққан тақдирда, унинг ваколатлари вице-президентга ўтади.

"Вице-президент лавозимини ким эгаллаши келаси бир ҳафта ёки ўн кун ичида маълум бўлади. Ҳозир унинг исмини айтишга ҳали эрта. Менимча, бу барчангиз яхши танийдиган машҳур шахс бўлади", — деди Тоқаев овоз берганидан сўнг.

Вице-президент лавозимининг жорий этилиши Тоқаевнинг ўз ворисини олдиндан белгилаш ва ҳокимият элитаси ичидаги курашнинг олдини олишга уриниши сифатида кенг талқин қилинмоқда.

Янги Конституция Тоқаевнинг аввалги президентлик муддатларини нолга туширади ва унга яна бир муддатга номзодини қўйиш имконини беради. Овоз бериш куни президентдан бу ҳуқуқдан фойдаланиш нияти бор-йўқлиги тўғридан-тўғри сўралди. У аниқ жавоб бермади. Тоқаев президент сайлови ўз вақтида — 2029 йилда ўтказиладими ёки муддатидан олдин бўлиши мумкинми, деган саволга ҳам аниқлик киритмади.

"Келгуси сайловларга келсак, ёки сиз айтганингиздек, мен сайловда қатнашаманми-йўқми, у қайси йили бўлади — бу ҳақда ҳозир фикр юритишга эрта. Чунки, аввал ҳам айтганимдек, мамлакатимиз олдида турган жуда кўп вазифаларни бажаришимиз керак, — деди Тоқаев. — Балки келаси йили сизга аниқроқ жавоб берарман".

«Возможно, на следующий год отвечу». Токаев не сказал, пойдет ли он на новый срок
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:40 0:00

Қосим-Жомарт Тоқаевнинг амалдаги президентлик муддати 2029 йилда тугайди. Бироқ Қозоғистонда сайловларнинг белгиланган муддатда ўтказилиши қоидадан кўра кўпроқ истиснодир.

Тоқаев 2019 йилдан буён давлат раҳбари лавозимида. У биринчи президент Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан сўнг лавозимга киришган. Тоқаев зўравонликлар ва тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келган мамлакат тарихидаги энг йирик норозиликлар — Қонли январь воқеаларидан сўнг ҳокимиятни ўз қўлида жамлади.

Январь воқеаларидан кейин Қозоғистонда кузатувчилар "деназарбоевлаштириш" деб атаётган жараён бошланди. Биринчи президент дастлаб мустақил давлат асосчиси сифатида қайд этилган Конституциядан чиқарилди, кейин эса унинг номи бошқа қонунлардан ҳам олиб ташланди. Мамлакатда собиқ раҳбарга ўрнатилган бир неча ҳайкал демонтаж қилинди. Назарбоевнинг ўзи ҳозир жамоатчилик олдида камдан-кам кўринади.

У парламент сайлови куни Остонадаги сайлов участкасига келмади. Назарбоевнинг матбуот котиби унинг яқинда умуртқа поғонасида операция ўтказгани сабабли уйида овоз берганини маълум қилди.

Хорижий оммавий ахборот воситалари Қозоғистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари Тоқаев ҳокимиятини сўзма-сўз "цементлагани" ва унинг ўтмишдоши мавқеини янада заифлаштиргани ҳақида ёзмоқда.

Қозоғистон ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сайлов кампанияси ҳокимият танқидчилари, мустақил ОАВ ва журналистларга босим ўтказилган бир шароитда ўтганини билдирди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, босим сиёсий мотивларга асосланган айбловлар қўлланилиши, ахборот олиш имкониятининг чекланиши ҳамда таъқиб ва қўрқитишнинг бошқа шаклларини ўз ичига олади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси эса сайловлар тинч шароитда ўтгани ва жиддий қоидабузарликлар қайд этилмаганини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG