Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2022, Тошкент вақти: 06:43

"Проект": Путин саратон хасталигига чалинган бўлиши мумкин


Президент Владимир Путин Кремлдаги маросимда. Москва, 23 май, 2019

Владимир Путин бот-бот онкологик хасталикларни даволашга ихтисослашган шифокор кўригидан ўтади. Бу ҳақда “Проект” интернет нашри хабар қилди. Нашр Россия президентига унинг сафарларида ҳамроҳлик қилувчи тиббий персонал рўйхатини қўлга киритганини айтмоқда.

“Россия раҳбарининг доимий ҳамроҳларидан бири Марказий клиник шифохона ходими Евгений Селиванов бўлиб чиқди. У “Қалқонсимон без саратони билан оғриган катта ёшли ва кекса беморларга ташхис қўйиш ва уларни жарроҳлик йўли билан даволашнинг хос хусусиятлари” мавзусида диссертация ёқлаган”, дейилади суриштирувда.

“Проект” маълумотига кўра, Селиванов Путинни тиббий кўрикдан ўтказиш учун Сочи шаҳрининг ўзига камида 35 марта учиб борган.

Нашр Путиннинг бирон хасталикка чалинганини иддао қилмаган ва муайян ташхисни тилга олмаган.

Айни чоғда “Проект” камида икки ҳолатда Путин, катта эҳтимол билан елка соҳасида жарроҳлик амалиёти ёки бошқа жуда жиддий муолажани бошидан кечирганини таъкидламоқда. Ва бу ҳолатлар Путиннинг жамоатчилик назаридан “йўқолиб қолган” пайтларга тўғри келади.

Суриштирувда айтилишича, Путин сўнгги йилларда Сочига сафари чоғида кўпинча ўзи билан уч шифокорни олиб келган. Улар – Алексей Шчеглов, Игорь Есаков (иккиси ҳам отоларинголог) ҳамда юқорида тилга олинган жарроҳ-онколог Евгений Селивановлар.

“Ўтган тўрт йил давомида Шчеглов Сочига – Путиннинг ҳузурига 59 марта учиб келган ва унинг ёнида 282 кун бўлган. Селиванов эса 35 марта учиб келган ва 166 кун Путиннинг қароргоҳида қолган”, деб ёзади “Проект”.

Нашрга кўра, ушбу шифокорлар гуруҳи президент нафақат Сочидаги қароргоҳида расман бўлган пайтларда, балки “ғойиб бўлган” пайтларда унинг ёнида бўлади.

Шунингдек, Путиннинг соғлиғига бағишланган суриштирувда у Олтойга сафар қилган чоғларида гўё ёш буғу шохлари экстрактидан тайёрланган ванна қабул қилиши айтилади.

Журналистлар ўтган йилнинг сентябрь ойида Путин тўсатдан ўзини яккалаганига эътибор беришган эди. Ўшандан сўнг у кўпчилик билан, жумладан чет мамлакатлар лидерлари ҳамда теварагидаги одамлар билан орада катта масофа сақлаган ҳолда сўзлашадиган бўлди – Россия раҳбарининг хорижий олий мартабали меҳмонлар билан учрашувлари ҳатто интернет-мемлар мавзусига айланди.

“Проект” Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковдан изоҳ сўрагани ва “Булар бари нотўғри маълумот. Бу ерда ҳаммаси ҳақиқатдан йироқ”, деган жавобни олганини билдирди.

Ҳозирда ёпилган “Эхо Москви” радиостанциясининг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктовнинг ёзишича, Дмитрий Песков “Проект” маълумотини уйдирма ва ёлғон деб атаган, аммо “Президент Путин саратон билан оғримагани ростми?” деган саволга “рост” деб жавоб берган.

Қалқонсимон без саратони, бошқа онкологик касалликларга нисбатан енгилроқ кечади ва кўп ҳолларда муолажа қилинади.

XS
SM
MD
LG