Линклар

Шошилинч хабар
30 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 02:03

Россиядан Ўзбекистонга нақд пул олиб чиқиш чекланди

Россия президенти Владимир Путин 29 сентябрда эълон қилинган фармон билан жисмоний шахсларнинг Россиядан Ўзбекистонга 1 миллион рублдан ортиқ нақд рубл олиб чиқишини чеклади. Рублнинг жорий қийматига кўра, бу тахминан 11,8 минг долларга тенг. Бундан кўп маблағни белгиланган халқаро аэропортлар орқали, пул банк ҳисобварағидан ечиб олинганини тасдиқловчи ҳужжат билан олиб чиқиш мумкин.

Фармон Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек, Тожикистон ва Озарбайжонга ҳам татбиқ этилади. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг нақд рубл олиб чиқиши ҳам чекланган; улар учун фармонда ҳужжатлар билан белгиланган аэропортлар орқали пул олиб чиқиш каби истиснолар назарда тутилган.

Янги тартиб Россияда ишлаб, жамғармасини Ўзбекистонга нақд олиб қайтаётган меҳнат мигрантларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Фармон банк ёки пул ўтказиш хизматлари орқали юбориладиган маблағларга эмас, чегарадан олиб ўтиладиган нақд рублга тааллуқли. Россиядан 10 минг доллар эквивалентидан ортиқ нақд хорижий валюта олиб чиқиш эса 2022 йилдан бери чекланган.

Пул ўтказмалари ўсишда давом этмоқда

Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги бўйича шарҳига кўра, Ўзбекистонга хориждан жами 9,3 миллиард доллар пул ўтказилган. Шарҳда Россиядан келган маблағ алоҳида кўрсатилмаган. Россия улуши аввалги йиллардаги каби камида 70 фоиз бўлган деб олинса, тахминий ҳисоб-китобга кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Россиядан камида 6,5 миллиард доллар келган бўлиши мумкин.

Чеклов сабаби ҳақида нима маълум?

Фармон Россия фуқароларининг янги мобилизация эҳтимолидан хавотирланиб мамлакатдан кетаётгани ҳақидаги хабарлар фонида қабул қилинди. Янги қоида йирик рубл жамғармасини нақд ҳолда олиб чиқмоқчи бўлган бундай кишиларга ҳам тааллуқли бўлади. Бироқ Россия расмийлари чекловни эҳтимолий мобилизация ёки эмиграция билан боғлагани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ.

​
XS
SM
MD
LG