Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2021, Тошкент вақти: 12:14

“Қачон тузум ўзини еб битирса, ўшанда қайтаман”. Беларуслик спортчилар нега ватанларини тарк этмоқда?


"Витязь" гандбол клуби мураббийи Константин Яковлев

Беларуснинг “Витязь” гандбол клуби мураббийи Констатин Яковлев мамлакатни тарк этди. У тинч норозилик юришида иштирок этган ва 2020 йил августидаги президент сайловидан кейинги воқеалар ҳақида ўз фикрини билдирган эди. Июнда Яковлевни рухсат берилмаган оммавий тадбирга оид модда (МҲтКнинг 24.23-моддаси) бўйича 15 суткага қамашган. Ўшанда у машинасидан оқ-қизил-оқ футбол шарфи чиққани учун 15 сутка “ўтириб чиққан” “Tribuna.com” нашри журналисти Дмитрий Рутони кутиб олгани чиққан эди.

“Настояшчее время” телеканали билан интервьюда Константин Яковлев Беларусдан нега кетганини ва қандай шароитда қайтишга тайёрлиги ҳақида сўзлаб берди.

Константин Яковлев: Иккинчи августга ўтар кечаси Киевга етиб келдим. Тушундимки, мени жазолашмоқчи – қамоққа тиқишлари аниқ эди. Ҳозирча маъмурий иш билан чекланишди, аммо таҳдидлардан сезиб турардимки, келгусида менга бирор жиноят ишини “ёпиштиришади”.

“Настояшчее время”: Енгил атлетикачи Тимановская воқеаси Беларусь спорт мулозимларининг асл башарасини очиб ташлади. Айтингчи, Беларусда спорт соҳаси тепасида турганларнинг ҳаммаси шунақа қўпол ва беадабми?

Константин Яковлев: Ҳа. Бунақа одамлар бизда ҳамиша бўлган. Айнан шунақа олғир ва уддабуронлар охиригача амалда ўтиради. Агар кимдир спортни ривожлантирмоқчи бўлса ва жамоа атрофида замонавий Европага хос, демократик асосларда маркетинг яратмоқчи бўлса, мана шунақа одамлар унинг бошига етарди.

Бизнинг спорт туримиз раҳбари ҳам одамлар билан худди шу тарзда гаплашади. Улар барчаси ўзини ҳар доим спортчидан устун билади. Муайян бир инсоний мувозанат йўқ. Улар мисоли хўжайин. Спорт мулозимларимиз мана шунақа. Афсуски, инсофлилари кам. Тизим ҳалол кишиларни синдиради – оғизларини юмиб, кўриб кўрмаганга олиб яшашга мажбур қилади.

“Настояшчее время”: Қандай шароитда Беларусга қайтмоқчисиз? Бунинг учун нима юз бериши керак?

Константин Яковлев: ​Мен сўнгги дақиқага қадар мамлакатдан кетишни хоҳламадим. Охиригача чидадим, кутдим. Мен ватанпарварман, келажагимни Беларусдан айро тасаввур этолмайман. Қайси чет мамлакатда ишламай, ҳамиша ватанимга қайтишни истайман.

Аммо бу режим, ҳокимиятни босиб олган бу тўда бор экан, қайтиш имконсиз. Бирор нима ўзгарса, ўз кўзимиз билан кўрамиз ва бажонидил уйимизга қайтамиз. Биз ўз юртимизга керакмиз. Ёшлар, спортчилар, дастурчилар гурас-гурас бўлиб чиқиб кетишаётганини кўриш жуда аламли.

Қачонки, бу тузум даф бўлса, ўзини ўзи еб битирса, ўшанда қайтаман.

“Раҳбарларим мени ҳимоя қила олишмайди”

Спортчилар Яна Максимова билан Андрей Кравченко Беларусга қайтишдан бош тортди. Бу ҳақда баёнот беришганида улар Германияда эди.

“Беҳад афсуски, ҳозир у ерда нафақат эркингдан, жонингдан ҳам жудо бўлишинг мумкин. Бу ерда эса кўксингни тўлдириб нафас олиш ва ўз дўстлари, қариндошлари ва яқинлари озодлиги учун курашаётганлардан бири бўлиш имкони бор. Биз албатта ғалаба қозонамиз”, деб ёзган Максимова “Instagram”да.

Яна Максимова “Настояшчее время” телеканали эфирида спорт мулозимларини танқид қилганидан сўнг Олимпиададан четлатилиб, Беларусга жўнатишмоқчи бўлган Кристина Тимановская воқеаси таъсирида шу қарорга келганини айтди.

Яна Максимова: Аввалига биз Костя Яковлевни 15 суткага қамаб қўйишганидан сўнг мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлгандик. Бирон баҳона тўқиб бизни ҳам ҳибсга олишса, қизалоғимиз нима бўлади, деб қўрқдик. Шу боис бизнинг чиқиб кетишимизга кўмаклашадиган одам пайдо бўлганида дарҳол бу имкониятдан фойдаландик.

Кеча шу ерда қолишимиз ҳақида “Инстаграм”да хабар эълон қилдим. Айнан кеча қатъий қарор қилдим шу ерда қолишга – бунгача баъзи шубҳалар бор эди. Аммо барибир бу ер менга ғалати туюлади, ўз юртимни севаман, Беларусдаги мен яшаган жой дунёнинг энг сўлим масканларидан бири эди. Афсуски, шундай юртни ташлаб кетишга мажбур бўлдик.

“Настояшчее время”: Нега айнан кеча шу қарорга келдингиз? Бунга нима таъсир қилди?

Яна Максимова: Кристина Тимановскаянинг бошига тушган саргузаштлар. Англадимки, менга дахлдор қандайдир жиддий муаммо бўлса, раҳбарларим мени ҳимоя қила олмайди. Интернетда кўнглимда борини ёзганман доим, менинг нуқтаи назарим барчага маълум. Ўйлайманки, бир куни менга навбат етган бўлур эди.

“Настояшчее время”: Тимановская воқеаси ҳақида қандай фикрдасиз?

Яна Максимова: Шу тобда аниқ бир нима дейишим қийин, аммо режимга зарба берадиган ҳамма ишни ёқлайман. Кристинани қўллаб-қувватлайман ва ҳеч кимдан чўчимай, спорт фаолиятини давом эттиришини тилайман.

XS
SM
MD
LG