Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 19:10

Жиззахдаги уйнинг қулаши: Қамоққа олинган ҳоким ўринбосарига яна бир айблов қўйилди


Президент Шавкат Мирзиëев ва Жиззах ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов - коллаж
Президент Шавкат Мирзиëев ва Жиззах ҳокими ўринбосари Акрам Раҳмонқулов - коллаж

19 январь куни Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокимининг икки ўринбосари алмаштирилди.

Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимини Қурилиш вазирлиги Пудрат ва махсус монтаж ишлари бозорини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Баҳром Назаров эгаллаган.

Бу лавозимда 2018 йилдан то 2021 йилнинг 19 январгача ишлаган Акрам Раҳмонқулов устидан жиноят иши очилиб, 15 январь куни қамоқ эҳтиëт чораси белгилангани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Растрата¸ порахўрлик ва "хиëнат"

Жиззах вилоят прокуратураси вакилига кўра, 19 январга келиб Раҳмонқуловга қарши малакаланган Жиноят кодекси моддалари 4 тага етган.

Вилоят кенгаши депутатлари янги тайинловларни бир овоздан маъқуллаган
Вилоят кенгаши депутатлари янги тайинловларни бир овоздан маъқуллаган

«Раҳмонқулов ҳибсга олинган 15 январь куни Жиноят кодексининг 207-моддасида (мансабга совуққонлик билан қараш) кўзда тутилган айблов бор эди. 19 январга келиб яна учтаси қўшилди. Булар 167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш¸ 229-модда. Белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш. Агар айбдор деб топилса, 20 йилга қамаладиган яна бир модда. Буни айтмай тураман, чунки давлат сири» , - деди прокуратура вакили.

Мулозимга кўра¸ 19 январь ҳолатига ўнга яқин мулозим жиноят иши фигурантига айланган ва Раҳмонқуловнинг ўндан зиëд қариндоши жиноий қилмишларга алоқадор дея гумонланиб, ҳибсга олинган.

Бу маълумотларни асли жиззахлик ва ҳозирда Канадада истиқомат қилаётган журналист Улуғбек Ашур ҳам ўз манбаларига таяниб, тасдиқлади.

Жиззахдаги тафтишни билгичлар олиб бормоқда

19 январь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашида қатнашган ва исми айтилмаслигини сўраган махаллий депутатнинг Озодликка айтишича вилоятга президент келиб кетганидан кейин қама-қамалар бошланиб кетган.

“Уй йиқилганидан атиги икки-уч кун олдин замҳоким Раҳмонқуловнинг қилмишлари ҳақида блогерлар ëзганини эслайсиз. Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Жиззах вилоятига келиб, ҳарбий округ артиллерия бригадасини бориб кўрган куни қаттиқ текшир-текшир бошланди. Менинг ўзимдан ҳам Самарқанд ҳокими Турдимов нега Жиззахга келиб кетди, деб сўрашди. Менинг умуман хабарим йўқ бундан, дедим. Ростдан ҳам хабарим йўқ. 11 январдан бери вилоят ҳокими Солиев Тошкентда тиббий кўрикда эди. Бугун 19 январда Тошкентдан келиб, мажлис ўтказди. Тўғриси, мен қўрқаман. Бўлмаса сессияга келган президент советниги Қаҳрамон Қуронбоевдан сўрамоқчи эдим. Нега Раҳмонқулов? Ахир, у киши каттанинг буйруғини бажарди-ку. Доимгидай машинист қолиб, стрелкачи қамаладими?...”

15 январь куни президент Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари, Юнусобод тумани маҳалла раислари ҳамда ёшлар билан мулоқот чоғида Жиззахда қулаган уй мавзусига тўхталиб, «Вилоят ҳокими ўринбосарининг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак» дея таъкидлаган эди.

Президент нима демоқчи бўлди?

15 январь куни президент Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари, Юнусобод тумани маҳалла раислари ҳамда ёшлар билан мулоқот чоғида Жиззахда қулаган уй мавзусига тўхталиб, «Вилоят ҳокими ўринбосарининг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак» дея таъкидлади. Шундан сўнг президент Бош прокурорга қараб, вазиятни назоратга олиш ва мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш бўйича топшириқ берди:

«Бутун эл билиши керак. У порахўрни 9 та бунақа уйи бор. Фақат ҳалоллик керак. Халққа ҳалол, порасиз хизмат қилсаларинг, натижаси бўлади. Баракаси ҳам бўлади. Ўғирласаларинг, барибир етиб бораман». Бу гап айтилганидан сўнг президент ҳоким ўринбосарига асосий айбловни юклади.

«Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бизнинг сиёсатимизга хиёнат қилган. Буни ҳамма билиши лозим. Унинг бутун тўдасига қонуний жазо кўриш керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди».

Сиëсат ва хиëнат. Коса тагида нима бор?

Ўзбекистон бошқарув тизимидаги жараëнлар ëпиқлиги боис қурилишдаги техник ҳалокатга билвосита сабаб бўлган мулозим нега президент тарафидан “сиëсатга хиëнат қилган” ва “эски замонни қўмсаган ноинсоф” дея тамғалангани тушунарсиз қолди.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университетининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов 18 январь куни ўзининг Facebookдаги саҳифасида “Кремль Ўзбекистон президентини ҳуркитдими?” деган саволга жавоб излади. Бундан олдин тармоқларда “глобуслар (Рустам Иноятов ва Алишер Усмонов назарда тутилган-таҳр.) давлат раҳбарини алмаштирмоқчи”, деган гап айланган эди.

“Кремл ўзбек президентини қўрқита оладими, деган савол юзага чиқди. Буни эҳтимолдан соқит қила олмаймиз. Ўзбекистон давлатида ҳукм сураëтган бошбошдоқлик¸ коррупция кўлами ошгани фонида бу мумкин. Коррупциялашган раҳбарият мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишга қодир эмас”, деб ёзди Алишер Илҳомов.

Унга кўра¸ муаммо уйи бузилганларда эмас, балки "биринчи раҳбарнинг ахиллес товони (нозик жойи-таҳр.) бўлган куëвларнинг кундан-кун кўпроқ коррупцияга ружу қўйганидадир".

Жиззахлик маҳаллий депутат ҳам Озодлик билан суҳбатда айни жиҳатга урғу берди:

“Қулаган уй бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов текширув олиб бормоқда. А судьи кто?... Бу одамнинг ўзи тафтишга лойиқ эмасми? Сардоба нега ëрилгани ҳақида саволга ҳануз жавоб топилмади-ку? Қурилиш вазири Зокиров президент гапидан кейин ботирланиб “ўғри” деб гапириб ўтирибди. Шу қурилиш вазири жим турса бўлармиди. Биламизку, вазирликдаги коррупция кўламини. Бугун ўша қурилиш вазирлигида ишлаб, мастер-класс ўтган Баҳром Назаровни чапак чалиб, замҳокимликка тасдиқладик. Икки йил олдин Раҳмонқуловни ҳам шунақа чапак чалиб тасдиқлагандик. Хотели как лучше, а получилось как всегда. Шу гап мухбир ука. Ўзгармайди ҳеч нарса...”

10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилган олти қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушгани ортидан вилоятда текширув ва кадрлар ўзгаришлари бошланиб кетган эди.

Ўтган йили Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши ортидан президент Мирзиёев "қурилишларда коррупция ҳоллари кўп" эканини айтганди.

Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Акрам Раҳмонқулов Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён қурилиш билан боғлиқ жиноят иши фигурантига айланган энг юқори мартабали мулозимдир.

XS
SM
MD
LG