Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 12:22

“Қайси айбимиз учун бизни мазах қилишяпти?” “Москва” крейсерида бедарак йўқолган матросларнинг ота-оналари сарсон бўлишмоқда


Марк Тарасов.

13 апрель куни украин расмийлари Россиянинг Қора денгиз флоти флагмани – “Москва” ракета крейсерига қанотли ракеталардан муваффақиятли зарба берилганини маълум қилишди. Ўша куни кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги кемада ёнғин чиқиши ва захира снарядлар портлаши муносабати билан экипаж эвакуация қилинганини билдирди. Қурбонлар ҳақида лом-мим дейилгани йўқ. Кема сузувчанлигини сақлагани, аммо кейинроқ шатакка олиб кетилаётганда чўкиб кетгани айтилди.

Севастополда бўлиб ўтган флагман билан видолашув маросимига келтирилган мотам гулчамбарида “Кораблю и морякам” (“Кемага ва денгизчиларга”) деб ёзилганди. Турли ОАВлар журналистлари айни пайтгача “Москва” крейсерининг ҳалок бўлган ёки бедарак кетган камида саккиз нафар матросини қидириб топишди.

Даставвал “Схеми” (Озодлик радиоси рус хизмати) журналистлари ҳалок бўлган мичман Иван Вахрушевнинг шахсини аниқладилар, унинг ўлимини бева хотини ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилган эди.

17 апрель куни эса Ялта турғуни Дмитрий Шкребец муддатли ҳарбий хизматдаги ўғли – 20 ёшли Егор Шкребец ғойиб бўлганини билдирди.

Ҳалок бўлгани тахмин қилинаётган яна бир матрос – Свердлов вилоятининг Сисерт шаҳрида яшаган 20 ёшли Никита Сиромясов бўлиб, онаси Анна унинг тақдири нима бўлганини била олмай бир неча кундан бери сарсон.

Катта матрос Виталий Бегерский ҳалокат вақтида крейсернинг ўнг бортида навбатчиликда бўлган, унинг жасади эвакуация қилинмаган – бу ҳақда “Агентство” нашрига Виталийнинг синглиси Анастасия сўзлаб берди.

Би-Би-Си мухбирлари эса 19 ёшли матрос Андрей Цивов крейсер чўккан кундан бери алоқага чиқмаётганини аниқлашди. “Москва”да хизмат қилган Игорь Кутняк ва Леонид Савинян исмли икки матроснинг тақдири ҳам номаълум, уларни ҳам қариндошлари қидиришмоқда.

Ульяна Тарасова
Ульяна Тарасова

Муддатли хизмат аскари Марк Тарасовнинг онаси, петербурглик 45 ёшли Ульяна Тарасова Север.Реалии билан суҳбатда ўғли “Москва” крейсерида хизматда бўлганини тасдиқлади. Унинг айтишича, Марк армияда хизмат қилиш бўйича шартнома имзоламаган, крейсер чўккани хабар қилинган 15 апрель куни у мессенжерда онасининг саволларига жавоб бермаган. Ульяна ўғли “крейсер ҳалокатга учраганидан сўнг бедарак йўқолган”и тўғрисида “ВКонтакте” тармоғида хабар қолдирган эди. Аммо у бир неча соатдан сўнг хабарини ўчирди ва ортиқ таҳририят саволларига жавоб йўлламади.

Марк Тарасовнинг “Инстаграм”даги охирги икки пости 15 декабрда эълон қилинган. Бирида унинг ўртоқлари билан бирга матрос кийимида тушган сурати бор, остига “Бир йилдан сўнг кўришамиз!” деб ёзилган.

Марк Тарасов (ўнгдан иккинчи)
Марк Тарасов (ўнгдан иккинчи)

Маркнинг қиз ўртоғи Александра “Север.Реалии”га у армияда хизмат қилишга унчалик ҳавасманд бўлмаганини, шартнома асосида қолишни эса мутлақо хоҳламаганини айтди.

“Шу бир йиллик хизмат мобайнида у ўз келажаги хусусида бир қарорга келмоқчи эди. Муддатли хизматдан сўнг нималар қилишни режалагани ҳақида менга сўзлаб берган, шундан хулоса қиламанки, Марк шартнома имзолаб, армияда буткул қолишни асло истамаган”, дейди қиз.

Маркнинг икки дўсти исмлари сир қолиши шарти билан Тарасов ҳарбий-денгиз флотида муддатли хизмат қилиш учун 15 декабрда жўнаганини ва 2022 йилнинг декабрида уйга қайтишни режалаганини айтишди. У “Москва” крейсерида хизмат қилганидан иккови ҳам бехабар экан.

Марк Тарасов Петербург университетини тугатган кунда.
Марк Тарасов Петербург университетини тугатган кунда.

– У билан қалин ўртоқ эдик, Петербург алоқа йўллари университетида бирга ўқиганмиз, – дейди Маркнинг дўсти Артём. – Яхши ўқиган. Армиядан қайтгач, ихтисослиги бўйича РЖДда (“Россия темир йўллари”) ишламоқчи эди. Аспирантурага кирмади, чақирув ёшида бўлгани сабабли армияга боришга мажбур бўлди. Ўтган йили ёзда диплом олган бўлсак, декабрда у ҳарбийга жўнади. Курсимиздан армияга кетган ёлғиз у эмасди, бошқа болалар ҳам бор эди. Армияда хизмат қилишга унчалик ҳуши йўқ эди, лекин РЖДга ишга кириш учун ҳарбий гувоҳнома керак, бошқа чора йўқ эди унда.

Артёмнинг сўзларига кўра, у Марк ўша крейсерда бўлганини ҳалокатдан бир неча кун ўтиб, билган. Айтишича, “Инстаграм”даги саҳифасига троллардан турли хабарлар келибди. Тараснинг бошқа дўстлари ҳам 18 апрель куни шахсий чатдан: “Салом! Марк Тарасовни танийсанми? Гап бундай: у балиқларга ем бўлгани Қора денгиз тубига равона бўлди. Биласанми, нега? Украинанинг тинч шаҳарларини ракетадан ўққа тутгани учун. Мана энди жаҳаннамда ёнсин!” деган хабар келганини тасдиқлашди.

– Кўп ўтмай дўстларимдан бири қўнғироқ қилиб, Марк бедарак йўқолган деб эълон қилинганини билдирди. Бунгача мен унинг қаерда хизмат қилаётганидан бехабар эдим. Ўзаро суҳбатларимиздан биламанки, у мамлакат ҳукуматини, режимни ёқламасди. Шу боис ҳам Марк шартнома бўйича хизмат қилишга рози бўлар эди, деб ўйламайман. Лекин назарий жиҳатдан қарасак, Путин Украинага уруш очган пайтда у аллақачон крейсерда бўлган бўлса, нима ҳам қила оларди? Муддатли ҳарбий хизматчи, кемани тарк этса, низомни буздинг деб айблашлари мумкин. Тўғри, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бўйин товласангиз трибуналга тушмайсиз, муддатли хизматдаги аскарларни Россиядан ташқарига жўнатиш мумкин эмас. Аммо бу қонун-қоидаларни ҳамма аскарлар ҳам билавермайди.

Марк Тарасов ва унинг Петербург алоқа йўллари университетидаги гуруҳдошлари.
Марк Тарасов ва унинг Петербург алоқа йўллари университетидаги гуруҳдошлари.

Тарасовнинг дўсти ўзи ҳам Украина билан бўлаётган урушни оқламаслигини, бироқ Маркнинг ўрнида бўлганида қандай йўл тутиши мумкинлигини тасаввур қила олмаслигини айтади.

– Митингларга, урушга қарши пикетларга чиқмайман, бу мавзуда ҳатто интернетда ҳам ҳеч нима ёзмайман. Чунки судланиш, қамалиш хавфи бор. Қўрқаман, албатта, қаранг – бутун норозилик ҳаракатини бостиришди: бошида минглаб одам чиқарди, энди бўлса саноқли одамлар қолган.

Дмитрий Шкребец ва унинг Москва крейсерида ҳалок бўлган ўғли Егор Шкребец
Дмитрий Шкребец ва унинг Москва крейсерида ҳалок бўлган ўғли Егор Шкребец

Ҳалок бўлган ёки бедарак кетганларнинг аниқ сони ҳамон номаълум. “Медуза” нашрининг Қора денгиз флотига алоқадор манбаси крейсер экипажидан 37 киши ўлганини ва 100 га яқини жароҳат олганини билдирган, аммо бедарак йўқолганлар сонини очиқламаган. Манбага кўра, ҳалокат вақтида кемада қарийб 500 киши бўлган.

20 ёшли кема ошпази Егор Шкребецнинг отаси Дмитрий Шкребец “Москва” крейсерида хизмат қилган ва тақдири ҳеч бир маълумот берилмаётган матросларнинг ота-оналарини “масхара қилишяпти”, деб ҳисоблайди. У фикрининг исботи сифатида Бугорский дивизияси командирининг ўринбосари билан ёзишмаларини ижтимоий тармоқда эълон қилди.

“Аввалбошда одамларга “ўғлингиз тирик” дейишади, эртасига “бедарак кетган”ини айтишади, учинчи куни эса ўлганини маълум қилишади. Шахсан мен билан ҳам худди шундай муносабатда бўлишди. Ҳарбий комиссарликка ариза ёзганимиздан сўнг ўғлим ҳалок бўлганини айтишди. Нималар бўляпти ўзи? Нега бизни мазах қилишяпти?” дея ғазабланади ҳалок бўлган ошпазнинг отаси.

17 апрель куни Дмитрий Шкребец ўғли бедарак йўқолгани ҳақида ижтимоий тармоқда пост ёзиб, қолган умрини “бу воқеаларда ҳақиқатни юзага чиқаришга” бағишлаяжагини билдирди. Шундан сўнг Ялта, Алупка ва Петербургдан уч оила у билан боғланди – уларнинг ўғиллари ҳам муддатли ҳарбий хизматчи бўлган ва крейсер ҳалокатидан сўнг бедарак йўқолган экан.

“Бугун ҳаммамиз биргаликда маҳаллий ҳарбий комиссариатга ариза ёздик, эртага аризаларимиз Симферополь ҳарбий комиссарлигига етиб боради. Бизга болаларимиз қаердалигини ёзма равишда маълум қилишсин, смайллар қўшиб ёзган СМС-хабарлари керак эмас...”, дейди Дмитрий.

“Москва” крейсери Қора денгиз флотининг флагман кемаси эди. Унда П-1000 “Вулкан” комплексининг ҳаракат радиуси камида 700 км бўлган 16 та кемага қарши ракеталари, олисга зарба берувчи С-300 “Форт” ҳаво-ҳужумидан мудофаа комплекслари ва бошқа оғир қуроллар бор эди.

Украина билан уруш давомида крейсер Одесса вилоятидаги Змеиний оролига ҳужумда иштирок этган. Орол ҳимоячисининг “рус ҳарбий кемаси, иди *****!” деган машҳур гапи айнан “Москва” крейсерига қаратилган эди. Бу гап тезда машҳур бўлиб кетди ва уруш рамзларидан бирига айланди.

XS
SM
MD
LG