Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 08:45

Қайси мамлакатлар энг кўп май ичади?


АҚШ энг кўп вино истеъмол қиладиган мамлакатдир. Аммо Узум ва вино халқаро ташкилотининг (International Organisation of Vine & Wine, OIV) йиллик ҳисоботига кўра, 2020 йилда глобал май истеъмоли 3 фоизга қисқарган.

Ўтган йилда глобал миқёсда тахминан 234 миллион гектолитр (мгл) шароб истеъмол қилинган. Бу 23,4 миллиард литрга тенг келади.

OIV ташкилотига кўра, бу 2002 йилдан буён кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Ташкилот бу ҳолат COVID-19 пандемияси билан боғлиқ эканини тахмин қилиб, 2020 йилги кўрсаткичлар 2008–09 йиллардаги глобал молиявий инқироздан кейин кузатилган кўрсаткичларга ўхшаш эканини билдирди.

"Prosecco [виносини] ҳисобга олмаганда, вижиллаб турадиган вино 2020 йилда энг кўп зарар кўрган май туридир", дейилади OIV билдирувида.

"Умумий ҳажмлар паст бўлиб қолаётган бўлса-да, қутида ташиладиган вино савдоси ҳажми ошди", дея қўшимча қилди ташкилот.

Шу билан бирга, турли мамлакатларда турли тенденциялар кузатилган. Хитойда май истеъмоли тахминан 17 % га қисқарган.

АҚШда эса 2019 йилги кўрсаткичлар сақланиб қолган. OIV э-тижоратга ўтиш пандемиянинг иқтисодий таъсирини юмшатишга ёрдам берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

OIV тўплаган дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йилда қуйидаги мамлакатлар энг кўп шароб ичган:

  • АҚШ – 33 мгл (2019 йил билан бир хил)
  • Франция – 24,7 мгл (2019 йил билан бир хил)
  • Италия – 24,5 мгл (7,5% ўсиш)
  • Германия – 19,8 мгл (0,2% ўсиш)
  • Буюк Британия – 13,3 мгл (2,2 % ўсиш)
  • Хитой – 12,4 мгл (17,4% қисқариш)
  • Россия – 10,3 мгл (3% ўсиш)
  • Испания – 9,6 мгл (6,8% қисқариш)
  • Аргентина – 9,4 мгл (6,5% ўсиш)
  • Австралия – 5,7 мгл (3,7% қисқариш)

Май истеъмолини киши бошига ҳисоблаганда рўйхат умуман бошқачадир.

Жорий йил бошида Америка шароб иқтисодчилари ассоциацияси (American Association of Wine Economists, AAWE) томонидан “Twitter”да улашилган жадвалда 2018 йилда киши бошига (15 ёшдан катталар орасида) неча литр шароб тўғри келганини кўриш мумкин.

Португалияликлар рўйхатда биринчи ўринда бўлиб, мамлакатда киши бошига 62,1 литр май тўғри келади. Люксембург эса иккинчи ўринда – 55,5 литр.

Францияда киши бошига 50,2, Италияда – 43,7, Буюк Британияда – 22,6 литр, АҚШда – 12,4 литр вино ичилган.

Сўнгги ўн йилликлар давомида мамлакатлардаги тенденциялар ўзгарган.

Америка шароб иқтисодчилари ассоциацияси эълон қилган яна бир жадвалда Францияда киши бошига ўртача истеъмол сўнгги 50 йил ичида қарийб икки баробарга озайганини кўриш мумкин.

Италияда ҳам киши бошига истеъмол кўлами қисқарган: 1970 йилда жон бошига 100 литр май тўғри келган бўлса, 2018 йилга келиб ушбу кўрсаткич 40 литрга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG