Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:38

Қайта қамалган собиқ МХХ полковниги яқинлари президентдан уни озод қилишни сўрамоқда


Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил мартида МХХни қайта ташкил этишга буйруқ берган ва унинг номини ДХХга ўзгартирган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил мартида МХХни қайта ташкил этишга буйруқ берган ва унинг номини ДХХга ўзгартирган эди.

Қарийб етти йил қамоқда ўтириб, жорий йил апрелида озодликка чиққан Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ МХХ) Қашқадарё вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев яна ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка 13 сентябрь куни маълум қилган маҳкумнинг яқинларига кўра, 70 кундан буён на адвокат ва на қариндошлари Деҳқонбоев билан учраштирилган.

Маҳкумнинг яқинлари иддаосича, Зангиотадаги колонияда сақланаётган Иброҳим Деҳқонбоев телефон сўзлашувлари ва хат ёзишишдан маҳрум қилинган ҳамда қамоқхонада оғир ишларга мажбурланмоқда.

Эри сохта айбловлар билан қамалганини иддао қилган маҳкумнинг рафиқаси Малоҳат Деҳқонбоева президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, эрини озодликка чиқаришни сўради.

Полковник Деҳқонбоев 2014 йили Қашқадарёда ўнлаб МХХ ходимларининг қамалашига оид шов-шувли жиноят ишида асосий фигурант сифатида кўрилган эди.

16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Деҳқонбоев жорий йил апрелида муддатидан аввал озодликка чиқарилган ва орадан уч ой ўтиб, қайта қамалган.

13 сентябрь куни Озодликка боғланган Иброҳим Деҳқонбоевнинг яқинлари МХХ (ҳозирги ДХХ) идораси собиқ бошлиғи тақдирига оид шу пайтгача матбуотга номаълум бўлган маълумотларни тақдим қилишди.

Полковник Иброҳим Деҳқонбоев
Полковник Иброҳим Деҳқонбоев

Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги МХХ идораларини 22 йил бошқарган полковник Иброҳим Деҳқонбоев қамоқдан озод қилинганидан 90 кун ўтиб, қайта қамалган.

Жиноят кодексининг 210-модда (Пора олиш) ва 301-модда (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айбланиб, 16 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган полковник Деҳқонбоев жорий йилнинг 6 апрель куни озодликка чиқарилганди.

У озодликка чиқарилганидан икки ҳафта ўтиб, интернет орқали президентга видео мурожаат билан чиқиб, ўзининг “эски тизимнинг ноҳақ қурбони бўлгани”ни айтиб, озод этилгани учун Мирзиёевга миннатдорчилик билдирган эди.

Деҳқонбоев ўз чиқишида Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ва МХХнинг шахсий хавфсизлик бошқарма бошлиғи Рустам Назаров, Сурхондарё МХХ бошқармаси Тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақуловларнинг “қасддан қилган айбловлари сабаб қамалгани”ни иддао қилган.

Деҳқонбоев ўз чиқишида унга нисбатан қамоқхонада қийноқ қўлланилганини ҳам айтади.

Яқинларининг иддаосича, Деҳқонбоев қамоқда қийноққа солинган.
Яқинларининг иддаосича, Деҳқонбоев қамоқда қийноққа солинган.

Иброҳим Деҳқонбоев яқинларининг Озодликка иддао қилишича, уни ушбу чиқишидан сўнг Тошкентдаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига чақириб, таҳдид қилишган.

“Интернетдаги шу видеодан сўнг Иброҳим акани ГУИН (Жазони ижро этиш бош бошқармаси. таҳр)га чақиртиришди. Тепадагиларга Интернетдаги чиқиш ёқмаган экан. Улар Иброҳим акага таҳдид қилиб, жим юрмаса, бир умрга қамалиб кетиши мумкинлигини айтишган”, -деди Деҳқонбоевнинг яқинларидан бири аноним қолиш истаги билан.

Жорий йилнинг 5 июль куни, Деҳқонбоев яқинларига кўра, уни Жазони ижро этиш бош бошқармасига қайта чақиртиришган ва у шу куни ушбу бинодан қайтиб чиқмаган:

“5 июль куни ГУИНга кириб кетган Иброҳим акани ҳайдовчи кечгача кутиб ўтирган. Қайтиб чиқмагач, уйга қайтган. Иброҳим аканинг қайта қамалганини август ойида билдик. Уни “нотўғри озод қилингани учун” қайта қамалганини айтишди”.

Озодликка тақдим қилинган расмий ҳужжатга кўра, Иброҳим Деҳқонбоев Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 22-жазони ижро этиш муасасасига жорий йилнинг 6 июль куни келтирилгани қайд этилган.

Маҳкумнинг рафиқаси Малоҳат Деҳқонбоева президент Мирзиёевга қилган мурожаатида эри сохта айбловлар билан қамалганини иддао қилган:

“Турмуш ўртоғимга тазйиқ ва босим ўтказиб, яна қамоққа олишди”, деган Деҳқонбова эрининг бир умрга қамалганини тахмин қилади.

Малоҳат Деҳқонбоеванинг президентга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:59 0:00

Деҳқонбоев яқинларига кўра, унинг қайта қамалганига оид бирор ҳужжат берилмаган.

Деҳқонбоева эрига нисбатан қамоқхонада ғайриинсоний муносабат қилинаётганидан ҳам шикоят қилган:

“Турмуш ўртоғимга қамоқхонада қуйидаги ҳолатлар қатъиян таъқиқланган:

Биринчидан, адвокат билан учрашиш ёки гаплашиш;

Иккинчидан, бир ойда бир маротаба бизлар билан телефон орқали сўзлашиш;

Учинчидан, бандероль ёки посилка олиш;

Тўртинчидан, хат ёзиш ёки олиш ҳамда ариза билан Инстанцияга мурожаат қилиш;

Бешинчидан, қисқа ёки узоқ муддатли учрашувлардан фойдаланиш;

Олтинчидан, муассаса дўконидан бирон нарса сотиб олиш ва ҳоказо.

Бундан ташқари, буюртмага асосан турмуш ўртоғимни кун давомида қаттиқ назорат қилиб, уни соғлиғига қарамасдан энг оғир ишларда соат эрталаб 07:00 дан мажбурлаб кечқурун соат 21:30 гача ишлатади”.

Маҳкумнинг яқинларига кўра, 70 кун ичида Иброҳим Деҳқонбоев билан бирор марта учрашув ёки сўзлашувга рухсат берилмаган.

Деҳқонбоев қариндошлари унинг аввалги қамоқ пайти қийноққа тутилганини айтиб, бунга исбот сифатида бир қанча ҳужжат ва суратларни Озодликка тақдим қилишди.

“Суратларда унинг баданида турли жароҳат излари бор. Ҳужжатларда бу чандиқлар колонияга тушмасидан олдин бўлмагани ёзилган. Суратларда бемалол кўрса бўлади қийноқ изларини. Ҳозир ҳам унга қийноқ қўлланилмаётганига ҳеч ким кафолат бермайди. Биз унинг бир умрга қамалганини тахмин қиляпмиз”, -дейди Деҳқонбоев қариндошларидан бири.

13 сентябрь куни Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Озодлик боғланган масъули Иброҳим Деҳқонбоевга нисбатан қамоқхонада ҳеч қандай чеклов қўйилмаганини айтди.

Бироқ масъул Деҳқонбоевнинг қайта қамалиши сабаби ва қамоқ муддатига ойдинлик киритмади.

Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ МХХ) Қашқадарё вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев 2014 йилнинг август ойида ҳибсга олинган.

Қашқадарёдаги энг нуфузли шахслардан саналган Деҳқонбоев ўша пайтда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш, давлатга катта миқдорда иқтисодий зиён етказиш, товламачилик каби жиноятларда айбланган.

Деҳқонбоев жиноий гуруҳ тузганликда айбланган ва унинг жиноий гуруҳига алоқадорлик айблови билан ўнлаб МХХ ходимлари ушланган эди.

Ўша пайтда “Деҳқонбоевнинг Қашқадарё ва Тошкент вилоятида маҳаллий бизнес устидан назорат ўрнатгани ва унинг ўнлаб миллион АҚШ долларига тенг бойлиги борлиги” ёзилганди.

2021 йилнинг 13 сентябрь куни Озодликка маълум бўлишича, Иброҳим Деҳқонбоев 2014 йилнинг декабрида суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айбдор деб топилиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2015 йилда Деҳқонбоев устидан қайта суд ўтказилган ва унинг қамоқ жазосига яна 1 йил қўшиб берилган.

ДХХга айланган МХХ

2018 йилнинг 19 январь куни президент Мирзиёев Сурхондарëда ўтказган йиғилишда МХХ фаолиятидан қониқмаслигини айтиб, Каримов даврининг энг қудратли генералларидан саналган Шуҳрат Ғуломовни "ватан хиёнатчиси" деб танқид қилган эди.

Ғуломов 2017 йилгача Ўзбекистон МХХ раиси ўринбосари бўлиб ишлаган ва шу йили Ўзбекистон Олий ҳарбий суди уни Конституцион тузумга тажовуз ва наркотиклар контрабандасини уюштиришдан тортиб оғир иқтисодий жиноятларда айбдор деб топиб, унга умрбод қамоқ ва давлатдан ўғирланган миллиард доллардан ошиқ маблағни қайтариш ҳақида ҳукм чиқаргани хабар қилинган.

Мирзиёев МХХ фаолиятини 37-йилдаги қатағонга қиёслади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00

МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган Мирзиёев, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонларга солиштирган.

Шундан сўнг хавфсизлик хизматлари қайта ташкил этилиб, ДХХ (Давлат хавфсизлик хизмати)га айлантирилди.

Ислоҳотлар деб тақдим этилган ўзгаришларга бошчилик қилган ДХХнинг биринчи раиси Ихтиёр Абдуллаев 2019 йил февралида лавозимдан четлаштирилди ва уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва қатор иқтисодий жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 18 йилга қамалди.

МХХ тизимидаги "тозалашлар" битта шахсни четлаб ўтди: Каримов давридаги энг қудратли амалдор саналган - МХХ раиси генерал Рустам Иноятовгина дахлсиз қолди.

President.uz сайтидаги маълумотга кўра, Иноятов ҳозирда Ўзбекистон Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Рустам Иноятов кетди. МХХ нима бўлади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:20 0:00

XS
SM
MD
LG