Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2021, Тошкент вақти: 00:53

Қидирувга берилган Effect.uz журналистлари уйида. Улар судга босим ўтказганини рад этмоқда


Бош прокуратура Effect.uz сайтининг икки журналистига нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланганини айтган.

Effect.uz сайти журналистларининг Озодликка айтишича, улар Термиз туман суди биносига бостириб кирмаган, балки Миллий гвардия ходими рухсати ва унинг ҳамроҳлигида кирган ва бу ҳолат сайт ўз вақтида эълон қилган видеода акс этган.

Бош прокуратура 6 апрелда эълон қилган баёнотда эса, бунинг акси айтилган. Назорат идорасининг хабар қилишича, Effect.uz сайтининг икки журналистига айблов эълон қилиниб, улар қидирувга берилган.

Жорий йилнинг 12 январида Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган воқеа ва унинг оқибатлари тўғрисида Бош прокуратура баёноти билан журналистлар берган изоҳлар бир-бирига зид келмоқда.

Бош прокуратуранинг 6 апрелдаги баёнотидан маълум бўлишича, Effect.uz сайти икки журналисти устидан Жиноят кодексининг 236-ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

  • 236-модда. Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш - уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • 219-модда. Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бош прокуратура баёнотида исми тилга олинмаган икки журналистга бу моддалар бўйича сиртдан айблов эълон қилинишига Effect.uz сайти тайёрлаб, эълон қилган видеоёзув асос бўлгани айтилган.

12 январда нима бўлган эди?

Озодлик Бош прокуратура исмларини тилга олмаган икки журналистнинг бири 34 яшар Акбар Нуримбетов, иккинчиси 30 яшар Элёр Тожибоев экани маълум бўлди.

Фарғоналик Элёр Тожибоев 7 апрелда Озодлик саволларига жавобан, шу йилнинг 12 январида Термиз туман судида бир фуқаро устидан кўрилган ишни ёритишда қатнашганини, бироқ прокуратура баёнотида айтилганидай, ҳамкасби билан судьяга ҳеч қандай босим ўтказмагани, буни ўз вақтида эълон қилинган видеода ҳам кўриш мумкинлигини билдирди.

Элёр Тожибоевнинг ҳамкасби, навоийлик Акбар Нуримбетов Бош прокуратура баёноти ортидан ижтимоий тармоқларда ўз баёнотини эълон қилди.

Биз судьяга ҳеч қандай босим ўтказган эмасмиз. Судьяга нисбатан қўпол сўз ишлатмаганмиз.

“Биз судьяга ҳеч қандай босим ўтказган эмасмиз. Судьяга нисбатан қўпол сўз ишлатмаганмиз. Ҳолатни борлигича кўрсатиб берганмиз. Ким ҳақлигини халқ, Ўзбекистон кўриб турибди”, - дейди журналист ўз видеобаёнотида.

Акбар Нуримбетовнинг фикрича, уни ва ҳамкасбини судьянинг хонасига бостириб кирди, унинг иш фаолиятига босим қилди, деб айблаш учун мутлақо асос йўқ:

“Биз суд биносига киришдан олдин Миллий гвардия ходимларига ўзимизни таништирганмиз ва биргаликда кириб бордик. Ва Миллий гвардия ходимлари кўргазмаси билан (кўрсатган йўл билан) суднинг қабулхонасигача етиб борганмиз. Етиб борганимизда “буларни чиқариб ташла, булар ким ўзи”, деб судьянинг ўзи ўшқириб чиққан. Олдинига унинг кимлигини ҳам танимаганмиз. Оддий бир фуқаро сифатида чиқиб, ўзини таништирмасдан “опчиқиб ташла, кирмасин, чиқар буларни, йўқот буларни”, дегандан кейин биз мухбирларимиз томонидан кескин сўроқлар берилди ва ўшандан кейин мана шу тортишув юзага келган. Лекин биз у жойда ҳеч кимни ҳақоратламаганмиз, ҳеч кимни сўкмаганмиз. Ва судда бўлиб ўтган ҳолатниям тасвирга олганмиз. Судья ажрим чиқарган, суддан чиқиб кетишимизни сўраган, биз чиқиб кетганмиз”, дейди Акбар Нуримбетов.

Журналист айтаётган, шу йилнинг 12 январида Сурхондарё вилоят, Термиз туман суди биносида бўлган воқеани мана бу жойда кўриш мумкин.

Бу видео шу кунгача 600 мингдан ортиқ марта кўрилган, унинг остида 4500 дан зиёд шарҳ қолдирилган. Шарҳларда асосан, суд ходимлари танқид қилинган.

Бош прокуратуранинг 6 апрелдаги баёнотида айтилишича, видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни Судьялар олий кенгаши раиси Бош прокурордан сўраган, Термиз туман прокуратураси текширув ўтказган ва Жиноят кодексининг 236- ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғаган, тергов ҳаракатларини Сурхондарё вилоят прокуратураси олиб борган.

Чақирув қоғоз билан боғлиқ "баҳс"

Бош прокуратуранинг билдиришича, “Effect.uz” ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган”.

Журналист Элёр Тожибоев бир марта ҳам чақирув қоғози олмаганини, буни исботловчи ҳужжатлари мавжудлигини айтди ва ўша ҳужжатлардан бирини Озодликка тақдим этди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маҳаллий ИИБ ходими ва бошқалар имзолаган далолатномада Элёр Тожибоев номига келган чақирув қоғози унинг уйига 1 март куни олиб борилгани, бироқ чақирилувчининг уйида ҳеч ким бўлмагани учун уни топшириш имконсиз бўлгани айтилган.

Журналист Элёр Тожибоев терговга чақирув қоғози олмаганини тасдиқловчи далолатнома.
Журналист Элёр Тожибоев терговга чақирув қоғози олмаганини тасдиқловчи далолатнома.

Журналист Акбар Нуримбетов эса, 7 апрелдаги видеобаёнотида у 30 мартда олган чақирув қоғозида ундан 18 ва 23 март кунларига терговга келиш талаб қилинганини айтган.

“Бу чақирув қоғозлари Сурхондарё вилоятидан 23 март куни жўнатилган экан. Савол туғилади: агар мен ҳеч қандай чақирув қоғози олмаган бўлсам, қандай қилиб терговдан қочишим мумкин?”

Қидирувга берилганлар ўз уйида эканини айтди

Бош прокуратуранинг билдиришича, “номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлаган 2 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219- ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Журналист Элёр Тожибоевдан олинган маълумотга қараганда, уни қидиришга ҳожат йўқ: у шу кунда Фарғонадаги уйида.

“Коронавирус юқтириб олганим учун 3 апрелдан буён уйдаман, карантиндаман”, - деди журналист.

Журналист Акбар Нуримбетов эса, 7 апрелдаги видеобаёнотида бундай дейди:

“Бизни терговга келмади, терговдан яшириниб юрибди, деган айбловларни қўйишяпти. Лекин мен ўз уйимда яшаб турибман. Ҳар куни уйимдаман, кўчадаман, халқнинг дарди билан юрибман”.

Таҳририят журналистлари қидирувда эканидан бехабар эди

Effect.uz сайти бош муҳаррири Акмал Эшонхоновнинг 7 апрелда Озодликка айтишича, журналистлари 25 март куни қидирувга берилганидан у 6 апрелда хабардор бўлган. Унгача бу ҳақда на унда, на журналистларнинг ўзида бу ҳақда маълумот бўлган.

АОКА, Бош прокуратура, Олий суд билан боғланиб кўрдик, лекин тайинли бир жавоб ололганимиз йўқ.

“Журналистларимиз қидирувга берилгани маълум бўлганидан кейин бир қатор идоралар: АОКА, Бош прокуратура, Олий суд билан боғланиб кўрдик, лекин тайинли бир жавоб ололганимиз йўқ. Биз, албатта, ўз журналистларимизни ҳимоя қилиш учун ҳаракатларимизни бошлаб юборганмиз. Шуниям айтишим керакки, айнан ўша 12 январдаги воқеадан сўнг бизга нисбатан босимлар, таҳдидлар кўпайиб кетди”, - деди бош муҳаррир Акмал Эшонхонов.

Озодлик 7 апрель куни кун давомида Термиз туман ва Сурхондарё вилоят суди билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ бу икки муассасанинг очиқ манбалардаги телефонларини ҳеч ким кўтармади.

АОКА жавобсиз қолдирган савол

Effect.uz сайти журналисти Фазлиддин Меҳмонов ҳамкасблари билан боғлиқ воқеа юзасидан фикр билдирар экан, бундай деди:

“Журналистларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар жуда кўп бўлади. Ваҳоланки, бизни ҳимоя қиладиган бир неча қонун бор. Лекин ҳеч ким у қонунларга эътибор бермайди. Ҳар доим журналистни хафа қилган томоннинг қўли баланд. АОКА ҳам ҳар доим расмий идоралар муносабатини беради. Мана, кеча ҳам Бош прокуратуранинг баёнотини эълон қилди. Иккинчи томонни эшитадиган одам, идора борми? Журналистни ҳимоя қиладиган ташкилот борми?!”

Озодлик журналистнинг бу саволига жавоб ва Effect.uz билан боғлиқ можарога муносабатини сўраб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига (АОКА) мурожаат қилди. Агентлик матбуот хизмати ходими Аҳмад Юсупов саволни эшитгач, “кечга яқин жавоб тайёрлаб қўйишини” айтди. Айтилган вақтда “раҳбарият бу масала бўйича расмий хат билан мурожаат қилишингиз лозимлигини билдирди”, дейиш билан чекланди.

Блогер ва журналистлар билан боғлиқ тилга тушаётган вилоят


Effect.uz сайти журналистлари билан боғлиқ Сурхондарёда бошланган можаро бу вилоят билан боғлиқ бу йилги биринчи можаро эмас.

11 март куни Сурхондарё вилоят Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни бошланган, 3 апрелда жараённинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган.

Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг 1 март кунги баёнотига кўра, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан айбланмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён журналист ва блогерларни фаолликка чақириб келади. Бундай чақирув давлат раҳбари тилидан 18, 19 март кунлари Тошкент вилоятига қилган амалий сафари давомида ҳам янграган эди.

"Ҳамма менга қарши" - Отабек Сатторий судида гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

XS
SM
MD
LG