Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Қирғизистон: Президент жиянининг қайлиғи ҳибсга олинди


Лаззат Нуркожоева.
Лаззат Нуркожоева.

Бишкекнинг Биринчи май тумани суди Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг жияни Лаззат Нуркожоеванинг қайлиғини қамоққа олдирди. Бу ҳақда Озодликка суд матбуот хизмати маълум қилган.

Айтилишича, Афтандил Сабирбековга нисбатан мазкур қарор 6 июлда қабул қилинган бўлиб, у жуда кўп миқдордаги гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлашда (Қирғизистон ЖКнинг 282-моддаси 3-қисми) айбланмоқда. Айби исботланган тақдирда у мол-мулки мусодара қилиниб, 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Президентнинг матбуот котиби Аскат Алагозов воқеага изоҳ бераркан, йигитнинг асосий мақсади “ўз ноқонуний фаолиятини ҳимоя қилиш учун ҳукумат ичидан одам (“ҳомий”) топиш бўлган”, деб ўйлаш учун барча асослар мавжудлигини айтган.

Нуркожоеванинг қайлиғи июн ойи охирларида қизнинг қўлини сўраш маросимини тоғда дабдаба билан ўтказгани ва ҳатто бунинг учун Қирғизистон ФВВ вертолётини ижарага олгани ортидан тилга тушган.

Қўл сўраш маросими видеоси интернетда шов-шув бўлганидан сўнг унга президент Садир Жапаровнинг ўзи муносабат билдирган. “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида президент давлат раҳбарининг яқин қариндошлари одобда барчага намуна бўлишлари кераклигини айтган ва жиянининг хатти-ҳаракатлари учун фуқаролардан узр сўраган.

Лаззат Нуркожоева Садир Жапаровга жиян бўлади. Қизнинг отаси Давлатбек мамлакат президентининг кенжа укасидир.

XS
SM
MD
LG