Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2021, Тошкент вақти: 10:18

Қирғизистонда Ҳабиб Нурмагомедов турнир ўтказди. Тадбир жиноий авторитетнинг туғилган кунига бағишлангани айтилмоқда (ВИДЕО)


Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида енгил вазнда UFC собиқ чемпиони, россиялик Ҳабиб Нурмагомедов ташкил қилган турнир ўтказилди. Норасмий манбалар мусобақа жиноий авторитет Қамчи Кўлбоевнинг туғилган куни муносабати билан ташкил этилганини маълум қилмоқда. Нурмагомедов бу маълумотни инкор этди. Милиция эса унга изоҳ бергани йўқ.

Аввалроқ Нурмагомедов “Instagram”даги саҳифасида уни тантанали қабул қилиш маросимида президент Садир Жапаров ҳамда Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (ДМХҚ) раиси Қамчибек Ташиевнинг ўғиллари билан тушган видеоси ёйинланган эди.

Бу воқеа жамиятда жиноят олами намояндаларига қарши курашга доир баҳс-мунозараларни қайта оловлантирди.

“КТРК Спорт” телеканали Ҳабиб Нурмагомедовнинг “Eagle Fighting Championship 38” турнирини жонли эфирда намойиш қилди.

Мусобақада ғолиб чиққан россиялик кикбоксчи Алексей Фёдоров ўз мураббийи ва рақибига миннатдорлик билдирар экан “ҳурматли бир инсон”ни таваллуд куни билан табриклади ва гап ким ҳақидалигини ҳам билишини айтди.

Ижтимоий тармоқлар 3 август Қамчибек Кўлбоевнинг туғилган куни эканини эслатиб, спорт тадбирини унинг шахсий байрами билан боғлашмоқда.

ИИВ матбуот хизмати вакили Карима Жапарқулова милиция хавфсизликка кўз-қулоқ бўлганини айтди, аммо мусобақа томошабинлари орасида жиноят олами намояндалари ўтирганига изоҳ бермади. “Бу саволни ташкилотчиларга беришингиз керак. Бунинг бизга дахли йўқ. Биз фақат жамоат тартибини сақладик”, деб гапни қисқа қилди у.

Ўша куни Ҳабиб Нурмагомедов шарафига кок-бору бўйича мамлакатнинг икки энг кучли жамоаси – “Интимак” ҳамда “Достук” ўртасида ўйин бўлиб ўтди.

Кок-бору федерацияси ва “Eagle Fighting Championship 38” турнири ташкилий гуруҳи матбуот котиби Нурпери Садирбекова спорт тадбирларининг Кўлбоев билан боғлиқлигига доир тахминларни инкор этди:

“Кок-бору ўйинлари дастурга киритилганди. Биз Ҳабибга қирғиз миллий ўйинини кўрсатмоқчи бўлдик. Кўлбоев ҳақидаги гап-сўзларни изоҳлай олмайман, чунки турнир туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинди. Садир Жапаров ҳамда Қамчибек Ташиевларнинг ўғиллари ҳақида айтадиган гапим йўқ, чунки уларни кўрмадик. Учрашув бошқа жойда ўтказилган бўлса керак. Қирғизистонда Ҳабибни кўришга иштиёқмандлар кўп. Унинг турнири спорт тадбири сифатида ўтказилди”, деди у.

Нурмагомедовнинг ўзи 4 август куни матбуот анжуманида турнирнинг Кўлбоевга ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтди.

Аввалроқ Ҳабибнинг “Instagram”даги саҳифасида президент Садир Жапаров ҳамда ДМХҚ раиси Қамчибек Ташиев ўғилларининг байрам дастурхони атрофида ўтиргани акс этган видео ва фототасвирлар ёйинланган эди.

“Криминалга қарши кураш фақат оғизда”

46 яшар Қамчи Кўлбоев саккиз йил муқаддам “жиноий гуруҳ ташкил қилиш, қурол ва гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш, ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш, одам ўғирлаш”да айбланиб уч йилга қамалган эди. 2014 йил 8 июнда у озодликка чиққан.

Ўтган йили октябрда Кўлбоев яна қўлга олинди. Президентнинг яқин дўстларидан бири бўлмиш Қамчибек Ташиев ДМХҚ раҳбари этиб тайинланганидан сўнг Қўлбоевнинг тадбиркорларга босим ўтказишда айби борлиги исботланса, у жавобгарликка тортилишини айтганди.

Жиноят олами авторитетининг қўлга олиниши видеоси ижтимоий тармоқларда “саҳналаштирилган томоша” деб баҳоланди.

Махсус хизматлар Кўлбоевга ҚР ЖКнинг “Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш” моддаси бўйича айблов эълон қилди. Қисқа вақтдан сўнг уни, соғлиғи ёмонлашгани сабабли 47-сонли колонияга ўтказишди.

Жорий йилнинг март ойида эса жиноий авторитетдан яшаш жойини тарк этмаслик ҳақида тилхат олиб, қўйиб юборилди. ДМХҚ у 250 млн сом миқдордаги жиноий йўл билан топилган маблағни легаллаштиргани ва давлат фойдасига 50 млн сом тўлаганини расман эълон қилди. Гарчи идора “маблағнинг қолган қисмини апрель ойи охиригача қайтариш чора-тадбирлари кўрилмоқда”, дея урғулаган бўлса-да, Кўлбоев пулнинг қолганини тўладими, йўқми – жамоатчилик ҳануз бехабар.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси Кўлбоев озод этилганидан ташвишда эканини билдирганди. Вашингтон унинг жиноий гуруҳига доир маълумот учун мукофот пулини 5 млн долларга кўтарди. Аввалроқ жиноий авторитет халқаро уюшган жиноятчилик аъзоси сифатида “қора рўйхат”га тиркалган эди.

Март ойида Садир Жапаров “Озодлик”ка берган интервьюсида ҳукумат Кўлбоев иши бўйича далилларни тақдим этишни сўраб АҚШга мурожаат қилганини айтган.

“ТИВ орқали АҚШнинг ҚРдаги элчихонасига чиқиб, Қамчи Кўлбоевнинг жиноят ишини, унга қарши фактлар ва далилларни тақдим этишларини сўрадим. Биз эса, ўз навбатида, очиқ суд ўтказган бўлур эдик, элчихона вакиллари унда иштирок этиши мумкин бўларди. Бу иш билан шуғулланмаганимизда ҳам бошқа гап эди, эътироз билдиришса ўринли бўларди. У (Қамчи Кўлбоев ‑таҳр.) аввалига “Ноқонуний даромад орттириш” моддаси бўйича қамоққа олинди, шундан сўнг давлатга қанчадир пул тўлади, қолган зарарни чиққанидан кейин қоплади. Ҳеч кимни ўлдирмаган у. АҚШ расмийлари у гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганини, фактлар борлигини иддао қилишмоқда. Бизга беринглар ўша далилларни деяпмиз, лекин беришмаяпти”, деган эди давлат раҳбари.

Эксперт Турат Акимов Чўлпон отадаги воқеа Кўлбоев номини оқлашга уриниш эканини айтади:

“Ҳаммасини Кўлбоев ташкил қилган бўлиши мумкин. Бизда ҳозир оқ билан қора ўртасида айирма қолмади ҳисоб. Бу турнирнинг давлат даражасида ёритилишини Қамчи Кўлбоевни оқлашга уриниш, деб биламан. Ҳозирги раҳбарлар Кўлбоев даврида қамоқда ўтиришган. Кўлбоев бу воқеалар тафсилотларидан яхши хабардор. Ким билсин у (ҳукуматга) қанақа босим ўтказган. Айтганимдек, оқ билан қора аралашиб кетди. Кўлбоев қизини узатганида собиқ бош прокурор Элмурза Сотиболдиев тўйда шахсан қатнашиб, ҳатто келин-куёвга вакил ота бўлган эди. Кўчманчилар ўйинлари чоғида эса Кўлбоев катта раҳбарлар билан қўл сиқишиб, фахрий жойларда ўтирган. Ҳозирда у мамлакатда энг обрўли одам саналади”, дейди Акимов.

Илгари қирғиз милицияси мамлакат жиноят оламида Қамчи Кўлбоев, Азиз Батукаев, Алмаз Бокушев ҳамда Мақсат Абакировлар ташкил қилган тўртта гуруҳ мавжудлигини билдирган эди. Кейинроқ “Ғаввос” лақабли Мақсат Абакиров номи тилга олинмай қўйди. У ўтган йилнинг октябрида коронавирус инфекцияси билан оғриб, вафот этган.

XS
SM
MD
LG