Қирғизистондаги "Сўз эркинлигини ҳимоя қилиш қўмитаси" президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг журналист Кабай Карабековга нисбатан моддий эътирозларини қайтариб олиши билан боғлиқ ижобий жараённи олқишлади. Бу борадаги баёнот ташкилот томонидан бугун тарқатилди.
Қўмитанинг фикрича, «бу амалдаги президент томонидан мустақил матбуот ишига аралашмаслик ва мухолифатга босимларни тўхтатиш масаласида олиб борадиган сиёсатининг таркибий бўлишига умид уйғотади».
Шу билан бирга, "Сўз эркинлигини ҳимоя қилиш қўмитаси" собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам амалдаги давлат раҳбаридан ўрнак олиб журналистлар Нарин Айип, Дина Маслова, Дайирбек Орунбеков, ҳуқуқ ҳимоячиси Чолпон Жакуповага нисбатан илгари сурган даъво аризасини қайтариб олишини талаб қилди, «агарда у тарихда ва жамият хотирасида ижобий маънода қолишни истаса, у бошқа амалдор ва депутатларга нисбатан бағрикенгликни намойиш қилиши лозим, чунки ҳар бир машҳур шахс ҳар қандай танқидларга чидаши керак», дейилади баёнотда.
17 апрель куни президент Сўўрўнбай Жээнбеков журналист Кабай Карабековга нисбатан моддий эътирозидан воз кечгани маълум бўлди. Ўтган йилнинг сентябрида «24.kg» ахборот агентлиги сайтида Карабековнинг «Сочига ташриф. Кремлга меросхўрнинг яхшилигини яна бир бор тушунтиришмоқда» деб номланган мақоласи эълон қилинган эди. Президентликка номзод Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайловолди штаби бу мақолани ҳақоратли деб ҳисоблаган ва судга мурожаат қилган эди.
Даъвогар мақола муаллифи Кабай Карабеков ва ахборот агентлигидан 5 миллион сўм талаб қилган. Шундан кейин учта инстанция судлари Сооронбай Жээнбековнинг даъвосини қаноатлантирган.
Кабай Карабековнинг иши билан деярли бир пайтда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилган Бош прокуратуранинг даъвосига биноан, суд Zanoza.kg сайти ва унинг таъсисчисидан умумий ҳисобда 27 млн сўм (400 минг доллар) ундирилиши борасида ҳукм чиқарган.
Бу пулларнинг 15 млн сўми бевосита сайт томонидан қопланиши керак, Нарин Айип 9 млн сўм, бошқа таъсисчи Дина Маслова - 3 млн сўм тўлаши керак эди. Яна 13 млн сўм бошқа жавобгарлар - «Адилет» ҳуқуқий клиникаси директори Чолпон Жакупова (3 млн сўм) ва «Ата Мекен»нинг икки адвокати( 5 млн сўмдан) тўлаши борасида суд томонидан ҳукм чиқарилган эди.