Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:46

“Салимбойвачча - Қирғизистоннинг таянчи”, деган баёнот янграган видео можарога сабаб бўлди


Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот. Ўртада Салим Абдувалиев.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан скриншот. Ўртада Салим Абдувалиев.

Икки қирғизистонликнинг ўзбекистонлик йирик тадбиркор Салим Абдувалиевни (“Салимбойвачча”) “Қирғизистоннинг таянчи”, деб мақтагани тасвирга туширилган видео қирғизистонликлар орасида қизғин муҳокама бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда 12 февраль куни эълон қилинган видеога Абдувалиев билан бирга тушган икки кишини қирғизистонликлар “мамлакатимиз обрўсини туширди”, деб танқид қилмоқда.

51 секундлик видеода эгнига зарбоф чопон, бошига зар салла ўраган икки киши Салим Абдувалиевнинг қирғиз халқи билан бирга эканлигидан фахрланишларини айтиб, уни “Қирғизистоннинг таянчи”, деб мақтайди. Зар чопон кийганларнинг айтишича, Салим Абдувалиев Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековни қўллаб-қувватлайди.

- Салимбой Қирғизбоевич биз билан. Биз бундан фахрланамиз! Салимбой ака бизнинг таянчимиз. Салимбой ака бор экан, қирғизларнинг таянчи бор. Салимбай ака бизнинг президентимиз Сўўрўнбай Жээнбековни қўллайди! - деган видеодаги икки қирғизистонликдан бири.

Қирғизистонликларнинг ўртасида туриб видеога тушган Салим Абдувалиев икки қўшни мамлакат дўстлиги мустаҳкамланаверишига тилак билдирган. Видеога тушганларнинг барчаси рус тилида гапирган.

Видеонинг қачон суратга олингани номаълум. Озодлик радиоси қирғиз хизмати ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳларга таяниб, видеода акс этган икки қирғизистонликдан бири Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг собиқ мулозими, полковник, Ўшдаги таниқли тадбиркор, иккинчиси эса, Жўғўрқу Кенешнинг экс-депутати эканлиги тўғрисида ёзди.

Видеони "Фейсбук”даги саҳифасида эълон қилганлардан бири, фуқаролик жамияти фаоли Шайирбек Маматокторов видеода акс этган қирғизистонликларнинг гапларини танқид қиларкан, Салим Абдувалиевни “нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда таниқли криминал авторитет”, деб атади. Маматокторовнинг фикрича, мана шундай одамга нисбатан Қирғизистон ИИВ собиқ мулозими ва экс-депутатнинг бундай ялтоқланиши ножоиздир.

Қирғизистон президенти маъмурияти видеодаги "Салимбой Абдувалиев Сўўрўнбай Жээнбековни қўллайди" деган баёнотга ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Видео билан бир пайтда Салим Абдувалиевнинг Қирғизистондаги бир қатор қирғизистонликлар - парламент депутатлари ва тадбиркорлар билан тушган сурати эълон қилинди.

Салим Абдувалиев (чапдан иккинчи) билан суратга тушган қирғизистонликлар. Сурат Азаттиқ радиосидан олинди.
Салим Абдувалиев (чапдан иккинчи) билан суратга тушган қирғизистонликлар. Сурат Азаттиқ радиосидан олинди.

Суратдагилардан бири – депутат Салайдин Айдаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, сурат бундан 2 ёки 3 йил муқаддам олинган:

- У (Салим Абдувалиев -таҳр.) спорт соҳасида юрган одам. Ўзбекистон кураш федерацияси вице-президенти. Ҳеч қандай криминал эмас. Суратдаги Шаршенбек Абдикеримов Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари. Сурат бундан 2-3 йил олдин Ўзбекистонда спорт мусобақаси пайтида олинган, - деди депутат Айдаров.

Кейинги йилларда Салим Абдувалиевнинг номи Қирғизистондаги сиёсий воқеалар билан боғлиқ бир неча бор тилга олинган.

Маълумотларга қараганда, Абдувалиевнинг ишончли вакили эканлиги айтиладиган Шомурод Шофайзиев 2015 йили, Қирғизистон парламентига сайловолди жараёни давом этаётган кунларда (23-24 август) Иссиқкўлдаги пансионатлардан бирида қирғизистонлик ўзбеклар вакиллари ва “Қирғизистон” партияси лидерлари билан учрашув ўтказганига оид видео Интернетда эълон қилинган. Учрашувни “Қирғизистон” партияси раис ўринбосари Шаршенбек Абдикеримов уюштиргани маълум бўлган. Абдикеримовнинг Абдувалиев билан таниш эканлигини партия раиси Канат Исаев тасдиқлаган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати Абдикеримовнинг “Аю” фирмаси 2010 йилги Ўш воқеалари бўйича сиртдан айбланиб умрбод озодликдан маҳрум қилинган экс-депутат Иномжон Абдурасуловнинг корхоналарини сотиб олганини ўрганган. Шундан сўнг Салимбой Абдувалиевнинг иштироки бор корхоаналарнинг Қирғизистондаги вакиллари “Қирғизистон” партияси рўйхати билан парламент сайловида депутатликка номзод сифатида қатнашгани аниқланган.

Салимбой Абдувалиевнинг номи Қирғизистонда яна бир бор 2016 йил ёзида “Халқ қурултойи” ҳаракати лидери, мухолифатчи Эрнест Карибеков қамоққа олинганда тилга олинди.

2016 йилнинг 27 мартида Қирғизистон Биринчи жамоатчилик миллий телеканали “Халқ қурултойи” ҳаракати етакчиси Эрнест Карибеков Ўзбекистон давлат махфий хизматлари билан ҳамкорлик қилганини исботловчи аудиоматериаллар Миллий хавфсизлик хизмати томонидан эълон қилингани тўғрисидаги лавҳани намойиш этган эди.

16 дақиқали лавҳада Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётган мухолифатчи Эрнест Карибеков Ўзбекистон МХХ га алоқаси бўлган Фарход Парпиев билан учрашиб тургани, Эрнест Карибековнинг сўнгги пайтларда Тошкентга тез-тез сафар қилиши Қирғизистон махсус хизматларида шубҳа уйғотгани ва Фарход Парпиев жиноят оламида Салимбойвочча номи билан танилган Салимбой Абдувалиевнинг ишонган одамларидан бири экани, Ўзбекистонда криминал дунё Миллий хавфсизлик хизмати назоратида экани иддао қилинган эди.

Ўзбекистонда танилган йирик тадбиркор Салим Абдувалиев жорий йил 6 январида Миллий олимпия қўмитаси янги раиси Алишер Султоновнинг ўринбосари этиб тайинланди.

Салим Абдувалиев 1997 йилдан бери Ўзбекистон спорт кураши ассоциацияси президенти лавозимини ҳам эгаллаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG