Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 06:38

8 йилга озодликдан маҳрум қилинган сиёсатчига қарашли телеканал иши тўхтатилди


Бишкек шаҳар, Биринчи май туман суди "Сентябрь" нодавлат телеканали фаолиятига тақиқ қўйди. Бунга Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи Абдилда Қапаровнинг телеканал жонли эфирда берган баёноти сабаб бўлгани айтилди.

"Бош прокуратуранинг “Сентябрь” телеканалига нисбатан берган аризасини кўриб чиққан суд, 2016 йилнинг 29 сентябрида “Сентябрь” телеканали эфири орқали экстремистик руҳда материал берилгани тан олиниши ва телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, www.september.kg Интернет сайти фаолияти тўхтатилиши ҳақида қарор қабул қилди”, дея эълон қилди судья Жилдиз Жумабаева.

Бош прокуратура телеканал кўрсатувида Абдилда Қапаров Ўш вилояти, Аравон туманидаги мактабнинг очилиши вақтида Ўзбекистон гимни янграганини танқид қилгани муносабати билан ариза берган эди. Бундан ташқари Абдилда Қапаров ўз интервьюсида Сооронбай Жээнбеков (Қирғизистон президенти сайлови муносабати билан куни кеча истеъфога чиққан Бош вазир) ва унинг укаси Асилбек Жээнбековлар (Қирғизистон парламентининг собиқ спикери) “2010 йилнинг июнь воқеалари даврида барқарорлаштириш мақсадларига ажратилган 3 миллион долларни ўзлаштириб олганларини” ҳам айтиб ўтган эди. Бош прокуратура хабарларига кўра, Абдилда Қапаровнинг айтган сўзлари тегишли экспертизадан ўтказилди ва экстремистик руҳдаги баёнот дея қабул қилинди.

Телеканал раҳбарияти ўз навбатида суд қароридан норози эканликларини ва юқори суд инстанцияларига мурожаат қилишларни айтишди. Канал вакили Қайиргул Урумканованинг айтишича, Абдилда Қапаровнинг интервьюси “Сентябрь” телеканалининг Жалолободдаги муқобил эфирида берилган:

- Биз Бош прокуратура аризасини олмадик. Ҳатто бизнинг шаънимизга билдирилган айблов билан танишишга улгурмадик ҳам. Иккинчидан, Абдилда Қапаровнинг интервьюси бизнинг рақамли телеканалимизда эфирга узатилмади. Интервью Жалолободдаги "Сентябрь" телканалининг муқобил эфирида берилди. Бу мутлақо бошқа телеканалдир. Мен, улар қарор чиқаришганда қайси қонунларга асосланишганини тушуна олмаяпман.

Бунга жавобан Бош прокуратура “Сентябрь” телеканали ҳам Бишкекда, ҳам Жалолободда қайта рўйхатдан ўтган ва хар икки ташкилот битта ОАВ ҳисобланади,деди.

Айни дамда Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Абдилда Қапаров Норин шаҳридаги колонияда жазо муддатини ўтамоқда. Ўш вилоят судининг 21 июн кунги қарори билан у ака-ука Жээнбековларнинг қадр-қиммати ва шаънига зарар етказгани, миллатлараро нафрат уйғотганликда айбдор деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Қапаров қўйилган барча айбловларни инкор қилмоқда, жиноий иш Жээнбековлар томонидан илгари сурилганини айтмоқда.

"Сентябрь" телеканали мухолифатдаги сиёсатчи, "Ата Мекен" партиясининг етакчиси, “Коррупция” моддаси бўйича 8 йил муддатга озодликдан махрум этилган Ўмурбек Текебаевга тегишли.

Қирғизистонлик бир қатор таҳлилчилар ва сиёсатчилар Ўмурбек Текебаевнинг қамалиши ва унга қарашли телеканалнинг ёпилиши ортида сиёсий мотивлар борлигини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG