Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:11

"Ислом давлати"даги тожик полковнигининг ўғли қамоқхонадаги исён ташаббусчиси эканлиги иддао қилинди


Тожикистон расмийлари Ваҳдат қамоқхонасидаги маҳбуслар исёнига Тожикистон ИИВ Тезкор кучлар қўмондони собиқ полковниги Гулмурод Ҳалимовнинг ўғли алоқадор эканлигини иддао қилмоқда. Ҳалимов 2015 йил баҳорида “Ислом давлати” сафларига қўшилган.

Тожикистон расмийларининг иддао қилишича, Ҳалимовнинг 20 яшар ўғли Беҳруз Гулмурод 19 май куни Ваҳдат туманидаги қаттиқ режимли қамоқхонада кўтарилган исённи уюштирганлардан биридир.

Пойтахт Душанбедан 20 км масофада жойлашган қамоқхонадаги тартибсизликлар пайтида жами 32 одам, жумладан, уч қамоқхона нозири ҳалок бўлгани айтилмоқда. Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг исённи бостириш чоғида ҳалок бўлган маҳбуслар рўйхатида Беҳруз Гулмурод исми ҳам бор. Вазирлик ҳалок бўлган маҳбусларнинг 17 нафари “Ислом давлати” аъзоси бўлганини иддао қилди.

Расмийларнинг бу иддаолари қамоқхонада айнан нима содир бўлгани ҳақида янада кўпроқ савол туғилишига сабаб бўлди. Ҳозирча ҳодиса ҳақида расмий билдирувлардан бошқа маълумот йўқ.

Беҳрузнинг оила аъзолари у 20 май куни Фони қишлоғида дафн этилганини тасдиқлади.

Дафн маросимида оила аъзолари қатнашишига рухсат берилмаган. Марҳумга жаноза намози ҳам ўқилмаган. Аутопция ўтказилганини тасдиқловчи маълумот ҳам йўқ.

Беҳрузнинг онаси Назокат Муродова ўғли билан видолашишга рухсат беришмаганини, қамоқхонада исён кўтарилганини ўғли ўлимидаги хабардан сўнг билганини айтди.

Беҳруз Гулмурод 2017 йилда хорижий жангари ташкилотга қўшилишга уринишда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. Беҳрузнинг қўлга олиниши ҳақида маълумот оз: унинг суди ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди ва унинг қўлга олинганини расмийлар ойлаб шарҳламади.

Оила аъзолари Беҳрузни йилига фақат бир марта кўра олган. Назокат Муродова ўғлини охирги марта 4 ой олдин кўрганини айтди.

Тожикистон Адлия вазирлигига кўра, Беҳруз Гулмурод ва яна уч маҳбус “пичоқ ва ўткир жиҳозлар” билан қуролланиб, уч нозирни ўлдирган. Вазирликнинг иддао қилишича, ҳужумчилар бунинг ортидан “Ислом давлати”га аъзо бўлган бошқа бир неча маҳбусни озодликка чиқарган. Бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Расмий билдирувда ёзилишича, тўрт маҳбус бошқа беш кишини, жумладан, Ислом уйғониш партиясининг икки аъзосини ўлдирган. Ички ишлар вазирлиги тартибсизликлар давомида умумий ҳисобда мухолиф Ислом уйғониш партиясининг уч аъзоси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Муродова унинг эри “Ислом давлати’га қўшилганидан бери оиласига тинимсиз босим ўтказилаётганини, ҳозирги кунда уч ёш боласи билан қийинчиликда кун кечираётганини айтди.

Гулмурод Ҳалимовнинг иккинчи хотини Ҳумайро Мированинг тўрт боласи бор. Хабарларга кўра, Мирова 2016 йилнинг февралида Ҳалимов ёнига кетган.

Гулмурод Ҳалимов ҳозир қаерда эканлиги номаълум. Ироқ матбуоти у “Ислом давлати”нинг “уруш вазири”га айланганини хабар қилган.

2016 йилнинг августида АҚШ Давлат департаменти Ҳалимов қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 3 миллион доллар мукофот ваъда қилган.

XS
SM
MD
LG