Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2021, Тошкент вақти: 14:15

Қодиров ўзини Путиннинг "лойиҳаси" деб атади ва коммент учун ўлдириш билан таҳдид қилди


Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзини Путиннинг “лойиҳаси” ва “пиёда аскари” деб атади ва зиммасига юкланган вазифаларни “фахр билан” адо этишини айтди. Бу ҳақда Қодиров инстаграмдаги жонли эфири чоғида сўзлаган.

“Эътиқодим мени шундай бошлиққа хизмат қилишга даъват этади. Сенга масжидлар қуриш ва ўз динингни ўрганишга рухсат бериб қўйилган экан, бундай давлат ва президентни ҳимоя қилишга мажбурсан”, дея Қодировдан иқтибос келтиради “Грозний-Информ”.

Чеченистон раҳбари Россияга ва шахсан Путинга садоқати ҳақида тез-тез гапириб туради, ўзини унинг “пиёда аскари” деб атагани ҳам биринчи марта эмас.

Ўтган йил июлида, генерал-майор унвонини олганидан сўнг Қодиров Россия президентининг содиқ пиёда аскари эканлигини ҳамиша гапиришини ва “агар у амр этса, энг оғир вазифани бажариш учун дунёнинг нариги чеккасига боришга тайёр”лигини айтганди.

Ўтган йили ёзда Қодиров Владимир Путинни Россиянинг “умрбод президенти” қилишни таклиф этган.

Жонли эфири чоғида Қодиров изоҳлар қолдирган фойдаланувчилардан бирига эътибор берган. У Чеченистон раҳбарини “шайтон” деб атаганди. “Мен сени топаман. Кейин кўрамиз шайтон кимлигини. Сени кечалари ухлай олмайдиган қилиб қўяман, ҳозирдан васиятингни ёзиб қўявер, ўлсанг, оилангга қарашиб туришсин”.

Қодиров фойдаланувчидан алоқа рақамларини юборишни сўраган: “Мен жуда кўп шайтонларни йўқ қилдим, сени ҳам йўқ қиламан”, деган у.

Апрель ойи охирларида Грозний суди Чеченистон раҳбарига қарши жиноят иши очишни рад этган терговчининг ҳаракатларида қонунбузарлик йўқ деб топганди.

Қодировни маҳкамага тортишни эса ҳуқуқбонлар талаб қилишган, зеро Чеченистон раҳбари 2019 йилда уларга очиқча таҳдид қилган эди.

Хусусан, у Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумотларни чоп этадиган ҳуқуқбон ва журналистларни, шунингдек, минтақавий ҳокимиятнинг жойлардаги маҳаллий танқидчиларини “ўлдиришга” чорлаганди.

XS
SM
MD
LG