Линклар

Шошилинч хабар
04 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:18

“Видеоларни ўчиришга мажбур қилишди”. Eurasianet журналисти Нукусга сафари ҳақида


Британиялик журналист Жоанна Лиллис.
Британиялик журналист Жоанна Лиллис.

Инглиз тилидаги Eurasianet нашри журналисти Жоанна Лиллис норозилик чиқишлари бўлган куннинг эртасига Қорақалпоғистон пойтахти Нукусга борганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан унинг фаолиятига тўсқинлик қилингани ҳақида сўзлаб берди. Намойишлар чоғида камида 18 кишининг ўлгани ва 243 киши жабрлангани айтилмоқда.

Олмаотада истиқомат қилувчи британиялик журналист Жоанна Лиллис Озодликқозоқ хизматига берган изоҳида намойишлардан бир кун ўтиб – 3 июль тонггида Тошкентдан Нукусга учганини айтди.

“Йўлда ҳеч бир муаммо бўлгани йўқ, билетни онлайн сотиб олдим. Аэропортда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари кўп эди, ҳаммалари каска кийишган ва қўлларида автоматлар бор эди. Аммо ҳеч кимни текширишмади”, дейди Жоанна Лиллис.

Журналистга кўра, у етиб келган пайтда Нукусда намойиш ва тартибсизликлар бўлмаган, шаҳарда ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўп бўлган, йўллар транспорт ҳаракати учун ёпиқ бўлган. Парламент ва ҳукумат бинолари жойлашган шаҳар маркази ҳам тўсиб қўйилган. “Кўчаларда одам сийрак эди, кўпчилик уй-уйларига тарқаган бўлса керак. Шаҳар марказида дўконлар ва муассасалар ҳам ёпиқ эди”, ҳикоясини давом эттиради журналист.

Жоанна Лиллис шаҳар ИИББ қариндошларини қидираётган одамлар издиҳомини кўрганини айтади. Журналист улардан интервью олмоқчи, бир нечта фото ва видео ишламоқчи бўлади.

“Издиҳом ичида интервью ва фотолар олиб турганимда фуқароча кийимли бир одам ёнимга келиб, фото ва видеоларни ўчириб ташлашни буюрди. У хизмат гувоҳномасини кўрсатди, лекин мен қайси идора ходими эканини англаёлмадим. Ўзи эса буни очиқлашни истамади. Ва яна фото ва видеоларни ўчиришни талаб қилди. “Журналистман, Ўзбекистонда ишлашга рухсатномам бор”, деб айтдим ва қайтадан хизмат гувоҳномасини кўрсатишни таклиф қилдим. У рад этди ва бу гал қўполлик билан: “Ўчириб ташланг, акс ҳолда телефонингиздан айриласиз”, деди. Мен ўчиришга мажбур бўлдим. Сўнгра ўз гувоҳномамни кўрсатдим. Лекин у барибир мени ИИББга олиб кетди”, дейди Жоанна Лиллис.

Журналистнинг айтишича, ИИББда ундан Нукусга нима мақсадда келганини суриштирганлар.

“Бу ерга қандай келдингиз?”, деб сўрашди. Менимча, янглишишди: тўғри, Қозоғистон билан чегара ёпиқ эди, лекин мен Тошкентдан учиб боргандим. Нукусда нима қилаётганим, қачон келганим билан қизиқишди. Паспортимни, ТИВ берган аккредитациямни, учоққа чиқиш талонини суратга олишди. Тартибсизликлар ҳақида қандай фикрда эканимни сўрашди. “Баҳо бериш менинг вазифамга кирмайди. Менинг ишим – воқеаларни ёритиш”, дедим. Шундан сўнг қўйиб юборишди, ҳатто узр сўрашди. Телефонимни бир амаллаб қайтариб олдим. Мени ушлаб келган одамга “Бунақа қилишнинг ҳожати йўқ эди”, деб тушунтирган бўлишди”, дейди ўз ҳикоясида Жоанна Лиллис.

Eurasianet журналисти қариндошларини излаб ИИББ биноси олдида тўпланган одамлар ҳақида яна шундай деди:

“Улар яқинлари моргдами, касалхонадами ёки ИИББдами – билишмасди. “Бизга уларни кўрсатишсин ёки қаердалигини айтишсин”, дейишарди. Кейин улар рўйхат тузишди. ИИББ биноси тагида турганларнинг барчаси намойишларда қатнашмаганларини айтишди. Бозорда эса намойишларни ўз кўзи билан кўрганлар бор экан, улар “аҳоли тинч намойишга чиққанди”, деб айтишди”, дейди журналист.

1-2 июль кунлари Нукусда янги таҳрирдаги Ўзбекистон конституциясида Қорақалпоғистон мақомини ўзгартиришга оид таклиф сабаб бошланган оммавий норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетди.

Нукусда нима бўлди? Расмий версия
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:50 0:00

Республикага Ўзбекистон Миллий гвардияси қўшимча кучлари киритилди, мобил алоқа ва интернет чекланди. Президент Шавкат Мирзиёев минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилди.

4 июлда Ўзбекистон расмийлари 18 киши ўлгани ва 516 киши қўлга олинганини маълум қилишди. Қурбонлардан 14 нафари фуқаролар ва тўрт нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларидир. Ўша куни Ўзбекистон парламенти расман мамлакат Конституциясига ўзгартишлар лойиҳасида Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини сақлаб қолишга доир қарорни қабул қилди.

Нукусдаги намойишлардан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиноят кодексининг “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” ва бошқа моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилганини билдирди. Тинч аҳоли вакилларининг ўлими ҳолатлари бўйича тергов ҳаракатлари хусусида шу кунгача расмий маълумот берилган эмас.

Европа иттифоқи Ўзбекистонни “Қорақалпоғистондаги зўравонлик воқеаларини шаффоф ва мустақил тергов қилишга” чақирди. Amnesty International халқаро инсон ҳақлари ташкилоти эса расмий Тошкентни намойишчиларга қарши куч ишлатилгани ҳолатлари бўйича “холис, мустақил ва пухта тергов” ўтказишга ва айбдорларнинг адолатли суд қилинишини таъминлашга чорлади.

БМТ ва АҚШ, ўз навбатида, Тошкентни Қорақалпоғистон воқеалари бўйича “тугал ва шаффоф” тергов олиб боришга чақирди.

6 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Нукусдаги зўравонликлар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам жалб этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тергов ҳукумат кучларининг намойишларни бостириш чоғида қанчалик мутаносиб куч қўллаганига ҳам баҳо беради.

XS
SM
MD
LG