Линклар

Шошилинч хабар
15 июн 2021, Тошкент вақти: 08:21

Қозоғистонда Назарбоевга “худо мақоми” берилгани ҳақида ёзган сатирачига жиноят иши очилди (ВИДЕО)


“Instagram”даги сатирик руҳдаги янгиликлар саҳифаси муаллифи Темирлан Енсебек

15 май куни Олмаота полицияси “Instagram”даги сатирик руҳдаги янгиликлар саҳифаси муаллифи Темирлан Енсебекнинг уйида тинтув ўтказди, сўнг уни узлуксиз беш соат сўроқ қилди. Аввалроқ Енсебек Қозоғистон мусулмонлари диний идораси “Назарбоевга худо мақомини бериш”ни таклиф қилгани тўғрисида ҳазил хабар ёзиб қолдирган эди.

Енсебекнинг ўзи айтишича, унинг саҳифасида барча хабарлар сатира, тўқима ва ҳазил эканлиги, “ҳаётда мавжуд одамлар билан ҳар қандай ўхшашликлар тасодиф”лиги “кўрга ҳасса қилиб” ёзиб қўйилган.

Бироқ ҳукумат ҳазилни тушунмабди. Қизиқчи йигитчага нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 274-моддаси (“Жамоат тартибининг бузилиши ёки фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига ёхуд жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига сезиларли зарар етказилиши хавфини туғдирувчи ёлғон маълумотларни била туриб тарқатиш”) бўйича жиноят иши очилган. Унга катта жарима ёки бир йилгача озодликдан маҳрум бўлиш жазоси хавф солмоқда.

“Мен ҳеч қандай ёлғон маълумот тарқатмадим!” дея урғулаган Енсебек сўроқдан чиққанидан сўнг.

Қозоғистон ИИВ сайтида Енсебекнинг уйи тинтилиб, ўзи ҳибсга олингани ҳақидаги хабар “Сохта янгиликлар муаллифи жазоланди” деган сарлавҳа билан эълон қилинган. Лекин кейинроқ сарлавҳани ўзгартирганлар.

Полиция ҳазил-мутойиба саҳифасида чоп қилинган маълумот “жамиятда турли муносабатларга сабаб бўлгани ва фуқароларни чалғитган”ини маълум қилди.

Темирлан Енсебек – “Oyan Qazaqstan” (“Уйғон, Қозоғистон”) фуқаролик ҳаракати фаолидир. Унинг сафдошлари унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тугатишни талаб қилиб, “Сатира – жиноят эмас!” деб ёзилган плакатларни кўтариб пикетга чиқишди. Енсебекнинг ҳамкасблари ва журналистлар ҳам ҳукумат идораларининг хатти-ҳаракатидан ғазабда.

“Казньюс 24”нинг инстаграмдаги саҳифаси администратори Темирлан Енсебекка нисбатан очилган иш 274-модда бўйича тергов қилинаётгани нотўғри деб ўйлайман, – дейди “Factchek” сайти (Олмаота) бош муҳаррири Думан Смаков.

Мазкур сайт Қозоғистон ҳукуматига мурожаат йўллаб, сатира жиноят эмаслигини таъкидлаган.

– Қозоғистон Конституциясида ижод эркинлиги ҳақида, мамлакатда цензура тақиқлангани ҳақида эслатмалар мавжуд. 100-200 минг ўқувчиси унинг саҳифасидаги сатирик янгиликни ёйинлаган бўлса, бунда Есенбекнинг айби йўқ. Ахир у саҳифасида эълон қилинган барча хабарлар тўқима ва ёлғонлиги ҳақида огоҳлантирган-ку!”

Сатирик Асқар Наймантоев, аксинча, Қозоғистон аҳолиси, унинг ҳукуматидан фарқли равишда, “худо мақоми” тўғрисидаги ҳазилни ва умуман, вазиятнинг абсурдлигини жуда яхши англаганларини айтади. Енсебекнинг ҳибсга олиниши эса, унинг наздида, Қозоғистондаги цензура даражасини кўрсатади.

“Унинг қўлга олингани, ҳар ёққа судрашаётгани факти жамиятнинг нега бунақа ишларни мазах қилишини кўрсатиб берди: чунки одамлар вазиятнинг тутуруқсизлигини кўриб-билиб туришибди, – дейди у. – Қаранг, ҳукумат Элбошининг худога тенглаштирилиши ҳақидаги ҳазилни гўёки қабул қила олмаяпти, ҳолбуки жуда кўп одамлар уни ростдан ҳам худога менгзайди. Назарбоев истеъфога чиққанида парламент депутатларидан бири ҳўнграб йиғлаганини кўриб роса кулгандик. Нега ўшанда судга беришмади. Ахир бутун халқ кулганди-ку?”

Наймантоев сатирачилар ҳамиша Қозоғистон ҳукумати тарафидан муаммоларга дуч келишаётганидан ёзғиради.

“Биз, сатирачиларни ҳозир ким эфирга чиқара олади? Ҳеч ким! Ҳамма ёқда цензура!” – дейди у.

Назарбоев 2010 йил майдан бери Қозоғистонда Миллат етакчиси расмий мақомига эга. Ўшанда парламент, Қозоғистоннинг биринчи президентига махсус имтиёзлар тақдим этишни, уни ва унинг оила аъзоларини жиноий жавобгарликдан буткул озод қилишни назарда тутувчи тузатишларни қабул қилган.

Қозоғистон Жиноят кодексида Назарбоевнинг суратларига шикаст етказиш, уни омма олдида ҳақорат қилиш ва таржимаи ҳолидаги фактларни бузиб талқин қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.

Мамлакатда биринчи президент тирик бўла туриб шаҳар, аэропортлар, музейлар, ОТМлар, кўчалар ва бошқа масканларга унинг номи берилган, унга ҳайкаллар ўрнатилган.

XS
SM
MD
LG