Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:50

Қозоғистонликлар озиқ-овқатни насияга олишмоқда. “Арзончилик шаҳри” – Чимкентдан репортаж (ВИДЕО)


Қозоғистон ҳукумати нарх-навони ушлаб тура олмаяпти. Расмий инфляция 9 ой якуни бўйича 8.9 фоизни ташкил қилган, аммо аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари қарийб икки баравар қимматлаб кетганидан ёзғирмоқда. Дўкон ва бозорларда одамлар озиқ-овқатни насияга ола бошлаган. Давлатнинг “барқарорлаштириш чоралари” ишламаяпти – ҳамиша “арзончилик шаҳри” саналган Чимкентга сафар қилган Озодлик мухбири бунга амин бўлди.

“СУТ-ҚАТИҚҚА ПУЛ ОРТМАЯПТИ”

Чимкент турғуни Эрбўл – беш боланинг отаси. У юрист бўлиб ишлайди, хотини ҳомиладорлик таътилида. 200 минг танга (470 доллар) ойлик ва болаларига 55 минг танга (130 доллар) нафақа олади. Бу пул оиланинг томоғига зўрға етяпти. Харажатларни назорат қилиш учун Эрбўл ҳар маошидан бир ойга етарли бозор қилиб қўяди.

“Нархлар анчагина ошди, лекин ойликлар ўзгармади. Энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва кир ювиш воситаларини 60 минг тангага олдим. Яна салкам 20 минг сабзавотга кетади. 60 мингга от гўшти харид қиламан. Коммунал хизматлар учун ойига 30 минг танга тўлаймиз, шунингдек, бензинга 20 минг, йўлкира ва болаларнинг кунлик эҳтиёжларига яна шунча сарфлайман. Қолгани – кийим-кечакка, аммо уни одатда насияга оламиз. Баъзан сут-қатиққа пул етказолмаймиз”, дейди у.

Махсус нархда сотилаëтган сабзавотлар. Чимкент. 23 октябр 2021 йил
Махсус нархда сотилаëтган сабзавотлар. Чимкент. 23 октябр 2021 йил

Эрбўлнинг айтишича, бир йил аввал 100 минг танга озиқ-овқат ва коммунал хизматларни кўтарарди. Ҳар куни сут-қатиқ, мева-чева сотиб олиш мумкин эди. Мисол учун, 2020 йил охирида бир литр сут 200 танга бўлган, ҳозир эса 300 танга. Бир йил аввал 50 минг танга турган 25 кило от гўшти ҳозир 60 мингга чиққан.

“Пайқаган бўлсангиз, аксар дўконлар молларини қарзга ёки муддатли тўловга таклиф қиляпти. Демак, менга ўхшаб кийим-кечак, егулик ва дори-дармонни насияга олаётганлар кўп. Бу одамларнинг турмуш даражаси тушиб кетганини билдиради. Айниқса, кредит тўлаётганлар ёки ижарада яшовчиларга қийин бўлди”, дейди у.

Чимкентдаги Грамад савдо марказида харидорлар. 23 октябр 2021 йил
Чимкентдаги Грамад савдо марказида харидорлар. 23 октябр 2021 йил

“УННИНГ НАРХИ ОСМОНГА ЧИҚИБ КЕТДИ”

Чимкентда кундалик эҳтиёж моллари нархи ошганини савдогарлар ҳам, маҳаллий маъмурлар ҳам тан олади. Озодлик мухбири одатда нарх-наво арзонроқ бўладиган савдо марказлари ва бозорларни оралади.

Марказий бозорда аксар харидорлар сабзавот ва гуруч расталари ёнида куймаланишмоқда. Сут-қатиқ ва гўшт расталари атрофида одам кам. Кийим-кечак бозорида эса харидорлар жуда сийрак.

“Бу гал нархлар бирдан сапчиб кетди. Айниқса ун. Икки ҳафта олдин биринчи нав уннинг қопи 7700 танга эди, энди 9500 дан сотяпмиз”, дейди исмини аташни хоҳламаган бир аллоф.

Грамад савдо марказида ун нархлар. Чимкент. 23 октябр 2021 йил
Грамад савдо марказида ун нархлар. Чимкент. 23 октябр 2021 йил

Афтидан, қурби етадиган нархдаги маҳсулотни топа олмаган бир харидор ён-веридаги одамларга юзланади: “Бу кетишда қандай яшаймиз? Нарх-навони назорат қиладиган ҳукумат борми ўзи бизда?”

Акимат вакили ҳам ун ва ўсимлик мойи кескин қимматлаганини тан олади.

“Бу йил ўсимлик ёғининг нархи анчагина ошди. Ун ва ун маҳсулотларига келсак, бизда уларнинг баҳоси шимолий минтақаларга боғлиқ. Бу йил қурғоқчилик ун нархига таъсир қилди, – дейди Озодлик билан суҳбатда акиматнинг қишлоқ хўжалиги бошқармаси мулозими Қайрат Бозорбеков.

Ўсимлик ëғи нархлари. Чимкент. 23 октябр 2021 йил
Ўсимлик ëғи нархлари. Чимкент. 23 октябр 2021 йил

Бозорда тухум билан сут-қатиқ ҳам қиммат. Сотувчиларга кўра, сўнгги икки ҳафтада тухум 10-15 тангага, сут эса 50 тангага ошган. Мол гўштига харидор камайиб, нисбатан анча арзон товуқ гўштига талабгорлар кўпайган.

Бозордаги нарх-наво айрим савдо марказларидагидан баландроқ. Чунончи, шакарнинг килоси бозорда 320 танга, савдо марказларида эса 287 танга. Аммо савдо марказларида киши бошига икки килодан ортиқ беришмайди. Энг арзон гуруч бозорда 270 танга турса, савдо марказларида 223 тангадан сотилмоқда.

Тухум нархлари. Чимкент. 23 октябр 2021 йил
Тухум нархлари. Чимкент. 23 октябр 2021 йил

Савдо марказларида сабзавот баҳоси бозордаги улгуржи нархлар билан бир хил экан. Картошканинг килоси 160 танга, пиёз 70, сабзи 180 ва карам 185 танга.

АРЗОН ТУХУМЛАР ҚАНИ?

Қайрат Бозорбековга кўра, маҳаллий маъмурият тадбиркорлар билан келишган ҳолда 19 турдаги кундалик эҳтиёж моллари нархини барқарорлаштириш устида ишламоқда. Бунинг учун акимат тадбиркор ва фермерлар билан шартнома тузади, уларга махсус фонддан ссуда беради, тадбиркорлар эса маҳсулотларини аҳолига бозор баҳосидан арзонроққа сотади.

Магнум савдо марказидаги нархлар. Чимкент. 23 октябр 2021 йил
Магнум савдо марказидаги нархлар. Чимкент. 23 октябр 2021 йил

Бу рўйхатга гуруч, биринчи нав ун, нон, сут-қатиқ, мол гўшти, ўсимлик ёғи, шакар, туз, картошка, сабзи ва пиёз киритилган. Акимат мулозимига кўра, бу маҳсулотлар кўчма ижтимоий бозорчалар орқали бозордагидан 10-15 фоиз арзонроқ нархларда сотилади.

Бозорбеков савдо марказларида биринчи нав тухум донаси 33 тангадан сотилаётганини айтган эди. Аммо Озодлик мухбири иккита савдо марказида бўлиб, бу нархда тухум топа олмади. Энг арзон тухумнинг донаси 45 танга. У мол гўштининг ўртача баҳосини килосига 2200 танга деб маълумот берган бўлса, энг арзон жойларда 2400–2700 тангадан сотилаётган экан.

Грамад савдо маркази. Чимкент. 23 октябр 2021 йил
Грамад савдо маркази. Чимкент. 23 октябр 2021 йил

Чимкентдаги йирик савдо марказларида акиматнинг “нархларни барқарорлаштириш” механизмига мувофиқ сотувга қўйилган мева-сабзавот бозордагидан тахминан 20-50 танга арзон, аммо сифати ҳам шунга яараша паст. Картошка, сабзи, пиёзлар майда ва чирик аралаш.

“Ижтимоий муҳим маҳсулотлар” рўйхатига киритилган 475 граммли ноннинг нархи 73 танга бўлиб, киши бошига икки буханкадан ортиқ берилмаслиги ҳақида эълон осиб қўйилган. Аммо пештахта бўм-бўш: харидорлар янги нон келишини кутиб, атрофда куймаланиб юришибди.

Расмий маълумотларга кўра, Чимкент озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси индексига кўра Қозоғистон вилоятлари ва республика аҳамиятидаги шаҳарлари орасида 11-ўринда туради. Яъни, у нарх-наво арзон шаҳарлардан биридир. Аммо шундай “арзончилик шаҳрида” ҳам вазият анча оғир.

Қозоғистонда инфляция бир неча ойдан бери рекорд устига рекорд қайд этмоқда. Августда йиллик инфляция 8.8 фоизни, сентябрда эса 8.9 фоизни ташкил этди.

30 октябрда ҳукумат “ижтимоий муҳим озиқ-овқатлар нархи ўсиши секинлашди”, дея эълон қилди. Яъни, нархлар аввалгидан тез бўлмаса ҳам, барибир кўтарилишда давом этмоқда.

Ҳукумат товуқ гўшти ва тухуми қиммат минтақаларда ишлаб чиқарувчиларга нисбатан тафтиш ва суриштирув ўтказилиши ҳақида огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG