Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2018, Тошкент вақти: 02:07

Назарбоев Трампга Қозоғистоннинг яхлитлигини қўллаётгани учун раҳмат айтди


АҚШ - Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ президенти Дональд Трамп билан. Вашингтон, Оқ Уй, 2018, 16 январь.

Қозоғистон ва АҚШ президентлари Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик, иқтисодий масалалар ва икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди. Президент Нурсултон Назарбоев Дональд Трампга Вашингтон Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Назарбоев режалаштирилган тушлик олдидан журналистларга қисқа баёнот бераётиб, Трампни президентлигининг бир йиллиги билан табриклади.

– Қоғоғистоннинг Америка билан муносабатлари ҳар доим яхши бўлиб келган, биз АҚШни мустақиллигимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз, – деди у.

Назарбоев ушбу гапи айнан нима ҳақда эканини аниқлаштириб ўтирмади. Бироқ Қозоғистон Москванинг собиқ Совет мамлакатларига нисбатан юритаётган сиёсатидан доимий хавотирда. Чунки Россия 2014 йил март ойида Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олди ва Шарқий Украинада қўзғолонлар келтириб чиқарди.

Қозоқлар кўпчиликни ташкил қиладиган Қозоғистонда руслар нуфуси 20 фоиз атрофида. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош шимолий қисмларида истиқомат қилади.

Трамп АҚШнинг Назарбоев билан унинг 26 йиллик раҳбарлиги давомида учрашаётган бешинчи президентидир. У Қозоғистон мустақилликка эришганидан бери бу мамлакатга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўтган вақт мобайнида Назарбоев Қозоғистонни минтақадаги иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатга айлантирди, табиий ресурслар, асосан, нефть қазиб олиш учун жуда кўп миқдорда чет эл сармоясини жалб қилди.

“Стратегик шерик”

77 яшар Назарбоев собиқ Совет республикаларидаги энг кекса президентдир. Сўнгги йилларда унинг вориси ким бўлиши билан боғлиқ саволлар кўпаймоқда.

Трамп Оқ Уйнинг Рузвельт залида Қозоғистонни “кучли, суверен – эгамен ва мустақил” давлат деб атади ҳамда уни “Қўшма Штатларнинг дўсти ва стратегик шериги” дея қўшимча қилди. Яна у Назарбоевга АҚШ ҳарбий жиҳозлари ва ва хизматчиларини Афғонистонга ташишда кўмаклашгани учун миннатдорлик билдирди.

Айни пайтда Назарбоев Қозоғистон икки буюк давлат – шимолдаги Россия билан шарқдаги Хитой ўртасида жойлашганини айтиб, АҚШдан "C5 + 1" деб ном қозонган дастурни қўллаб-қувватлашни давом эттиришни илтимос қилди. Барак Обама президентлиги вақтида бошланган ушбу дастур АҚШнинг Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг яна тўртта мамлакати билан ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.

Назарбоевнинг айтишича, мамлакатининг АҚШ компаниялари билан эришган шартномалари миқдори 7,5 миллиард АҚШ долларига етди. Бунга “Боинг” учоқларини сотиб олиш ва “Женерал Электрикс” компаниясининг 900 та локомотивини Қозоғистонда йиғиш киради.

Иккала раҳбар Шимолий Корея масаласини ҳам муҳокама қилди. Трамп Қозоғистон “Корея ярим оролини ядро қуролларидан холи қилиш борасидаги саъй-ҳаракталаридаги қимматли шерик” эканини таъкидлади.

Назарбоев АҚШ билан Шимолий Корея ўртасидаги воситачилик қилишга тайёр эканини айтди. Унинг фикрича, Қозоғистон жаҳоннинг энг кўп ядро арсеналларидан бирига эга эди, аммо Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг уни ўз ихтиёри билан Россияга топширди.

Оқ Уй иккала президент учрашуви олдидан улар Афғонистондаги кундан-кун ёмонлашиб бораётган вазиятни муҳокама қилмоқчи экани хусусида хабар тарқатган эди.

Россия ва Сурия музокаралари

Давлатга қарашли Казинформ ахборот агентлиги Назарбоев билан Трамп Россия билан алоқалар, Суриядаги уруш ва савдо-сотиқ масалаларини муҳокама қилишини билдирди.

– Сиёсий нуқтаи назардан биз муаммоларга ечим излаш, минтақавий ва глобал хавфсизликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорлик қиляпмиз. Учрашув чоғида Афғонистондаги аҳвол, Сурия можароси ва Россия билан алоқалар музокаранинг асосий мавзуси бўлади, – деди Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев. У Назарбоевнинг маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади.

Қозоғистон айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига раислик қилмоқда.

14 январь куни Қозоғистон элчиси Қайрат Умаров Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва ҳукумат раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашган БМТ делегациясига раҳбарлик қилди.

Назарбоев матбуот хизмати хабарига кўра, у 18 январь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ядро қуролини тарқатмаслик масаласига бағишланган мажлисига раислик қилади.

XS
SM
MD
LG