Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:27

Остона Нурсултон деб аталадиган бўлди


Нурсултонга айланган Остона шаҳри

Қозоғистон парламенти мамлакат пойтахти номини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Парламент палаталарининг қўшма мажлисида пойтахт номини ўзгартиришни ёқлаб Мажлиснинг (қуйи палата) 103 ва Сенатнинг (юқори палата) 43 депутати овоз берди. Бу ҳақда хабар қилган Мажлис раиси Нурлан Ниғматуллин қабул қилинган қарорни “тарихий”, деб баҳолади.

Остона шаҳри номини Нурсултонга ўзгартиришни Қозоғистоннинг янги президенти Қосимжўмарт Тўқаев таклиф қилди.

Қозоғистон Сенатининг раиси Қосимжўмарт Тўқаев 20 март куни вақтинча президент сифатида қасамёдга келтирилди. Конституцияга мувофиқ¸ Сенат раиси амалдаги президент ўз вазифасини бажаролмай қолганида ёки истеъфо берганида навбатдаги сайловга қадар президент ваколатини бажариб туради.

Тўқаевни қасамёдга келтириш маросими қозоқ парламенти палаталарининг қўшма йиғилишида, маҳаллий вақт билан соат 12да ўтказилди.

Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарган 79 яшар Назарбоев 19 март куни халққа қилган жонли телемурожаатида истеъфога чиққанини билдирган эди.

Назарбоев ўз истеъфоси ҳақида баёнот берар экан Тўқаевни: “Қозоғистонни бошқариш учун биз ишонч билдирадиган одам”, деб атаган эди.

Янги президент ишни Назарбоев номини абадийлаштиришдан бошлади

Қосимжўмарт Тўқаев президент сифатида қасамёдга келтирилганидан сўнг сўзлаган нутқини Нурсултон Назарбоевни алқашга бағишлади.

Янги президент Назарбоевни Қозоғистоннинг “абадий элбошиси, миллат отаси” қаторида сифатлади ҳамда унинг номини абадийлаштириш йўналишида қилинадиган ишларни санаб ўтди.

-Пойтахтимиз президентимиз номи билан Нурсултон деб аталиши лозим. Мамлакатимиз пойтахтида Қозоғистоннинг биринчи президенти шарафига монумент ўрнатилади. Барча шаҳар ва вилоят марказларининг асосий кўчаларига Нурсултон Абишевич Назарбоев номи берилади. Мен элбошимиз мамлакатимизнинг энг олий мукофоти -Халқ қаҳрамони унвонига муносиб деб ҳисоблайман. Унинг суратлари давлат ва бошқа барча муассасаларда давлат рамзи сифатида сақланиб қолинади. Парламент қабул қилган қонунга асосан Нурсултон Абишевич Назарбоев умрбод ва ягона элбоши-миллат отаси бўлиб қолади, -деди Қосимжўмарт Тўқаев ва нутқи сўнггида Назарбоевга Халқ қаҳрамони унвонини гулдурос қарсаклар остида топширди.

Назарбоев бундан ташқари «Нур Отан» партияси лидерлигини, Хавфсизлик кенгаши раиси ҳамда фахрий Сенатор лавозимини ўзида сақлаб қолди.

XS
SM
MD
LG