Қозоғистон суди Ratel.kz хабарлар сайтини ёпиш ҳақида ҳақида қарор чиқарди. Матбуот кузатувчилари сайт билан боғлиқ бу ишни мустақил ОАВни расман таъқиб қилиш усули сифатида танқид қилмоқда.
Алмати шаҳрининг Медеу туман суди 28 май куни Ratel.kz сайтига бир йиллик тақиқ жорий этиб, унинг расмий қайдини бекор қилди. Судья Гулмира Бейсенова Ratel.kz ва Balborsyk.kz домен номларидан фойдаланишни тақиқлади. Бу Ratel.kz материалларини чоп этаётган муқобил сайт номи эди.
Ratel.kz сайти бош муҳаррири Марат Асипов ва унда ишлаётган бошқа ходимларга Ratel.kz номидан бошқа сайтларда материаллар чоп қилиш ҳам ман қилинди.
Асипов суд қарори устидан шикоят аризаси беришини билдирди.
Прокурорлар март ойи охирида берган аризасида ушбу Интернет нашрини рўйхатдан ўтиш тартибини бузганликда айблади. Уларга кўра, журналистлар Ratel.kz доменидан эгаси Геннадий Бендитский ўлгандан сўнг, унинг ҳуқуқларини Balborsyk.kz сайтига ўтказиб, ноқонуний фойдаланган.
Прокурорларнинг яна бир иддаосига асосан, Ratel.kz серверларини қонунга хилоф равишда Қозоғистондан ташқарига жойлаштирган ва материалларини рус, қозоқ ва инглиз тилларида эълон қилган. Ваҳоланки, уни рўйхатдан ўтказиш учун топширилган ҳужжатларда сайт фақат рус тилида юритилиши қайд этилган.
Бундан ташқари, Ratel.kz ва Balborsyk.kz журналистлари “атайдан сохта ахборот тарқатгани” учун айбланиб, иши судда кўрилмоқда. Бунга тадбиркор ва собиқ молия вазири Зейнулла Какимжановнинг судга киритган даъво аризаси сабаб бўлган эди.
Какимжанов ушбу Интернет нашрлари сохта ахборот тарқатиб, ўзи билан ўғлининг обрўсига путур етказганини иддао қилмоқда.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ)хабар қилишича, Ratel.kz 2016 йилнинг май ойидан декабригача Какимжановларнинг гумон қилинган коррупцияли бизнес фоалияти ҳақида хабарлар тарқатган.
Жорий ой бошида CPJ билан бирга яна халқаро матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи 25 та ташкилот “прокуратура ва суд органларининг Ratel.kz ва бошқа бир қанча ОАВга қарши номутаносиб, баъзи ҳолларда ноқонуний хатти-ҳаракатлари Қозоғистон ҳуқуқий тизимини демократияга амал қилиши учун сув билан ҳаводай зарур бўлган нормал танқидни бўғишга қаратилгани”дан хавотир изҳор қилди.
Апрель ойида Human Rights Watch ташкилоти Ratel.kz ва Forbes.kz иши юзасидан баёнот берди. Унда Қозоғистон ҳокимият идоралари “ўз ишини бажараётган журналистларни таъқиб қилиш” учун ишлатилаётган қонунлардан фойдаланишни тўхтатишга чақирилади.