Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2020, Тошкент вақти: 05:43

Пандемия боис уйига қайтган юзлаб муҳожир Ўзбекистон чегарасидан ўтказилмаëтир (ВИДЕО)


25 март куни "Жибек жоли" постида 500дан зиёд ўзбекистонлик мамлакатга киришни кутиб турибди.

25 март куни ўзбек-қозоқ чегарасида 500 дан зиёд¸ ўзбек-қирғиз чегарасида эса 150 дан ошиқ ўзбекистонлик ўз ватанига киритилмай¸ чегарада ушлаб турилипти.

Вазиятдан хабардор қозоқ ва қирғиз мулозимлари Тошкент расмийлари билан юзага келган вазият бўйича сўзлашувлар бораëтганини маълум қилди.

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ ўзбек мулозимлари чегарада қолаëтган ўзбекистонликларни жойлаштириш учун карантин жойи ҳозирлангач, уларнинг мамлакатга киритилишини билдирган.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида меҳнат қиладиган нукуслик 35 яшар Пўлат ўзбек-қозоқ чегарасининг Манғистов вилоятидаги “Тажен” постидан ўта олмаганлардан бири.

Пўлатнинг 25 март куни Озодликка айтишича, чегарадан ўта олмагач, Атирауга қайтишга мажбур бўлган.

Атирауда 3 ой ишладим. Уйга бола-чақа олдига қайтмоқчи эдим. 23 март куни “Тажен” постига бордим. 400 дан зиёд одам бор эди. Қозоғистонда ишлаётганлар ва Россиядан Қозоғистон орқали қайтаётганлар. Ҳеч кимни ўтказмаяпти. Чегарани бутунлай ёпиб ташлаган. Кутиб -кутиб Атирауга қайтиб келдим. Бошқа танишларим ҳам таксида орқага қайтишди. Лекин кўпчилик чегара очилишини кутиб ўтирибди”, деди нукуслик Пўлат.

“Тажен” постидан Озодликка жўнатилган видеода ҳам юзлаб одамнинг чегарада тургани кўрилади. Вазиятни тасвирга олган йигит “чегара ёпиқлиги боис одамлар Ўзбекистонга ўта олмаётгани”ни айтади.

Ўзбек-қозоқ чегарасидан ўта олмаётган ўзбекистонликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

Қозоғистоннинг “Жибек жоли” (Ўзбекистоннинг “Ғишткўприк”) чегара постида ҳам юзлаб ўзбекистонлик уйига қайта олмаяпти.

Озодликка жўнатилган видеода ярим тунда чегара пост яқинида асфальтда ётган ўзбекистонликлар тасвирланган.

24 март куни кечқурун Ўзбекистон қариялар ва болали аёлларни чегарадан ўтказди. Лекин биз ҳалиям чегарада ўтирибмиз”, дейди Телеграм орқали боғланган йигит исмини очиқламаслик шарти билан.

Қозоғистондаги ўзбекларнинг “Дўстлик” ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов чегарада муаллақ қолаëтган ўзбекистонликлар аҳволидан хабардорлигини айтади:

- Ўзбекистон элчихонаси бизга чиқишди. Шахсан ўзим “Жибек жоли” постига бориб, у ердаги ўзбекистонликлар билан учрашдим. Тўртта ҳожи она қилган хайрия эвазига чегарада турган ўзбекистонликларга егулик олиб бордик. 23 мартдан бошлаб Ўзбекистон чегарани ёпди. Шунга одамлар чегарада тўпланиб қолаяпти. Лекин Ўзбекистон одамларни йиғиб ўтказаяпти. Сабаби, уларни жойлаштириш учун карантинга жой тайёрлаяпти. Шунча одамни жойлаштириш осон эмас. Ўзбекистон 23 март куни 629 одамни чегарадан ўтказди. 24 мартда 800 га яқин одам ўтказилди. Уларнинг ҳаммаси карантинга жойлаштирилган. Бугун ҳам чегарада 500га яқин ўзбекистонлик кутиб турибди. Бугун яна ходимларимиз улардан хабар олиш учун кетишди. Тўла назоратга олганмиз, деди Икром Ҳошимжонов Озодлик билан суҳбатда.

Ҳошимжонов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00
Бевосита линк


Икром Ҳошимжоновга кўра, ўзбек-қозоқ чегарасидаги ўзбекистонликлар орасида 47 нафар тожикистонлик ҳам бор:

- 47 тожикистонлик Ўзбекистон орқали уйига ўтмоқчи бўлганлар. Менимча¸ Тожикистон элчихонаси уларга Ўзбекистондан коридор очиб бериш масаласида музокара олиб бораяпти.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” чегара постидан Озодликка йўлланган суратларда ҳам ўнлаб одамнинг чегара яқинида ўтиргани акс этган.

24 март куни “Дўстлик” чегара постидан Озодликка боғланганлар Ўзбекистонга ўта олмаётганидан шикоят қилган эди.

“Дўстлик” чегара постида ўтирибмиз. Ўзбекистонга ўта олмаяпмиз. 300га яқин одам бор бу ерда. Кеча келганлар ҳам бор орамизда. Ёмғир ёғаяпти. Ёмғирда ўтирибди одамлар”, деганди Телеграм орқали Озодликка боғланган йигит, аноним қолиш шарти билан.

25 март куни Озодликнинг Ўшдаги мухбири Шерзод Юсуф “Дўстлик” чегарасидаги вазиятни ўрганди.

- “Дўстлик” чегара постида ўзбекистонликлар икки кун давомида ўта олмай қолиб кетишди. Мен қирғиз чегарачилари масъули билан гаплашдим. Унинг айтишича, Ўзбекистон томони ўз фуқароларини қабул қилмаяпти. Кеча Қирғизистон томони ўтказган музокаралар натижасида кечқурин 320 ўзбекистонлик чегарадан ўтказилган. Лекин бугун - 25 март куни Тошкент вақти билан соат 14:00да “Дўстлик” постида яна 150 нафар ўзбекистонлик чегарада ўтирибди. Ўзбекистон уларни ҳам қабул қилмаяпти. Қирғиз чегарачилари масъулига кўра, яна музокаралар олиб борилаяпти, деди Шерзод Юсуф.

(Сурат 24 март куни "Дўстлик" постида олинган)

16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилди¸ фуқароларнинг четга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланди, ҳукумат хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш чораларини кўрмоқда.

Хориждан қайтган ўзбекистонликлар чегарадан ўтиши билан¸ ҳукумат қарорига мувофиқ¸ 14 кунлик карантинга олинмоқда.

XS
SM
MD
LG