Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 22:32

Бош прокуратура: “Қувасойцемент” устидан жиноят иши тикланди. Ҳиссадорлар дивидендини олади


Иллюстратив расм

Фарғона вилоят прокуратураси томонидан “Қувасойцемент” ОАЖ мансабдор шахсларига нисбатан 2012 йили музлатиб қўйилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари 3 июнь куни тикланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликка маълум қилди.

Озодлик суҳбатлашган “Қувасойцемент” ОАЖ ҳиссадорларининг 5 июнь куни айтишича¸ бу ҳолат 7 йилдан бери тўланмаётган дивидендлар тўланишига йўл очадиган ижобий қадамдир.

Жорий йилнинг 2 июнь куни Озодликка “Қувасойцемент” ОАЖ ҳиссадорлари Мурод Мўминжонов¸ Валентина Микифорова, Икромжон Жабборов¸ Тимур Абдувалиев¸ Шокир Саҳобов имзо чеккан мактуб келди. Мактубда улар 7 йилдан бери дивиденд ола олмаганидан шикоят қилган.

Озодлик бу ҳиссадорлардан тўрт нафари билан 3 июнь куни суҳбатлашди. Уларнинг Озодликка билдиришича¸ дивиденд учун ажратилган пуллар 2012 йилдан бери Фарғона вилоят прокуратураси тарафидан арест қилинганича ëтган эди. “Дивиденд берилмаётганига асосий сабаб қилиб шуни кўрсатишди”, деди “Қувасойцемент” Озодлик суҳбатлашган ҳиссадорлар.

Ҳиссадорлар ҳақини ҳимоя қилган адвокат исми ошкор қилинмаслик шарти билан Озодликка ҳужжатлар тўпламини тақдим қилди.

Фарғона вилоят прокуратурасига оид ҳужжатлардан бирида Қувасойцемент ООО банк ҳисоби арест қилингани, банк ҳисобидаги 57 миллиард сўм Фарғона вилоят прокуратураси депозит ҳисобига ўтказилгани акс этган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодлик сўрови ортидан 57 миллиард сўм хатланганини тасдиқлади:

«Қувасойцемент» ОАЖ бош директори, Қозоғистон фуқароси С.Д. ( “Қувасойцемент”нинг собиқ Бош директори Сергей Денешчук) ва бошқалар томонидан тамагирлик, ўзганинг ишониб топширилган жуда кўп миқдордаги мулкини талон-тарож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, савдо қоидаларини ҳамда экология хавфсизлигига оид нормаларни бузиш жиноятларини содир этишиб, давлат ва акциядорлар манфаатларига 58 млрд. сўм моддий зарар етказишган.

Ушбу зарарнинг ундирилишини таъминлаш мақсадида 57,5 млрд. сўм пул хатланган».

Жиноят иши қидирувдагилар келгунича музлатилган эди

Ҳужатлардан яна бирида 2012 йилда Фарғона вилоят прокуратураси тарафидан очилган жинояти иши фигурантлари мамлакат ташқарисида бўлгани учун иш вақтинча ëпилгани айтилади.

“Вақтинча” деган муддат 7 йилга чўзилиб ҳиссадорлар пули арестда қолишда давом этаётган эди. Ҳиссадорлар ҳақини ҳимоя қилган адвокатнинг фикрича, арест қилинган пулни прокуратура ҳаражатлари учун ишлатилиши мавжуд қоинунлар мантиғига тўғри келмайди. Адвокат Озодликка бундай деди:

- Бизга маълум бўлишича¸ прокуратура ва банк депозитга қўйилган “Қувасойцемент” пулларининг устама фоизини прокуратурага ўтказиб туриш бўйича битим тузишган. Бу йилига 600 миллион сўм дегани. 7 йил ичида қанча бўлишини ўзингиз ҳисоблаб олинг.

Прокуратура ва банк ўртасида депозитга қўйилган пулдан фоиз олиш борасида битим борлигини исботловчи ҳужжат ёки расмий маълумот Озодликда йўқ.

Ҳиссадорлар обрўли юридик ширкатларни ëллаб ўз ҳақини қайтаришга уринаётганини 3 июнь куни Озодликка билдирган эди.

Расмий жавоб

Бош прокуратура ўз расмий изохида жиноят ишининг нима сабабдан тўхтатилганини очиқлади:

« С.Д. (“Қувасойцемент”нинг собиқ Бош директори Сергей Денешук) терговдан яширинганлиги сабабли унга ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган ва ишни унга нисбатан қисми ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан тўхтатилган.

Бош прокуратуранинг Озодликка йўллаган билдирувида ҳиссадорларнинг олиши керак бўлган дивидендлари масаласига ойдинлик киритилган.

«Қувасойцемент» ОАЖ бош хисобчиси Д.М. ва бошқаларга нисбатан жиноят ишининг қисми судга юборилиб, депозит ҳисоб-рақамда сақланаётган пуллардан 38,1 млрд. сўми қонуний эгаларига ўтказилган.

Қолган 19,4 мрд. сўм пуллар С.Д. эълон қилинган айблов билан боғлиқ бўлганлиги ва у қидирувда эканлиги сабабли уларнинг тақдири тергов натижасига кўра суд томонидан қонуний ҳал этилади.

03.06.2019 йилда Фарғона вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тикланган.

Ҳиссадорларнинг дивидендлари масаласига келсак, пул суммасининг катта кисми суд хукми билан конуний эгаларига қайтарилган. Қолган қисми борасида суднинг ҳукми асосида ҳал этилади".

Бундан олдин Фарғона шаҳридаги “Garantiya zakonnost” адвокатлик ширкати жорий йил бошида Фарғона вилоят прокуратурасига сўров жўнатгани, ширкат ўз сўровида “Қувасойцемент” ОООнинг арест қилинган пуллари тақдирини сўрагани Озодликка билдирилган.

Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари¸ адлия катта маслаҳатчиси Б. Исмоилов имзо чеккан 21-122-19 рақамли мактубда “Қувасойцемент”нинг қидирувга берилган собиқ директори терговга келиши жиноят ишининг очилиши учун асос бўлиши айтилган.

Озодликда ҳозир Қозоғистонда қочувда юрган “Қувасойцемент”нинг собиқ Бош директори, 65 яшар Сергей Денешчукнинг Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродовдан ҳуқуқий кўмак сўраб ëзган мактубининг нусхаси бор.

Фарғона вилоят прокуратурасидан жавоб мактуб
Фарғона вилоят прокуратурасидан жавоб мактуб

Ëпиқ ҳалқа

Собиқ Бош директор Бош прокуратурага йўллаган мактубида ўзи устидан очилган жиноят ишини “ўша вақтдаги бошқача режим” билан изохлайди.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари хоҳлаган ишини қонуний процедураларга ҳилоф тарзда қилиб турган пайт бўлгани учун мен қочишга қарор бердим”, деб ëзган “Қувасойцемент”нинг собиқ раҳбари.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167- моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) да айбланаëтган Сергей Денешчук ўзига нисбатан очилган жиноят иши тўхтатилиб ва арестда турган 57 миллиард сўм ҳиссадорларга қайтарилсагина Ўзбекистонга қайтишини ўз мактубида ëзган.

Фарғона вилоят прокурори жавобида “Қувасойцемент” собиқ раҳбари Сергей Денешчук қайтса, қидирув бекор қилиниши, аммо жиноят иши қайтадан тикланиши айтилади. Ўзбекистон Бош прокуратураси жавобида эса¸ дивидендларнинг бир қисми Сергей Данешчук билан боғлиқ бўлгани боис "19,4 мрд. сўм миқдоридаги дивиденднинг қайтарилиши тергов натижаси ва суд ҳукмидан сўнг" ҳал қилинажаги айтилган.

Ҳиссадорлар ҳақини ҳимоя қилган адвокатнинг айтишича, бу “охири йўқ ишга” айланган:

- Сергей Григорьевич қайтса, жиноят иши тикланиб арест қилинган пул масаласи кўриб чиқилиши мумкин, дейилди. Агар у киши келмаса, демак арест қилинган пул прокуратура депозитида ëтаверади йиллаб. Бу пулдан фоиз олаëтган прокуратура вазиятнинг ўзгаришини истамайди. Хулоса шундай чиқяпти.

Ўзбекистон Бош прокуратураси «хатланган» 57 миллиард сўмдан йилига 6 миллион фоиз пулини олиб Фарғона вилоят прокуратураси ўз ҳаражатлари учун ишлатгани борасидаги ҳиссадорлар иддаосини изоҳламади.

Гулнора Каримова изи

2012 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғонадаги “Қувасойцемент” заводининг Қозоғистоннинг United Cement Group ширкатига тегишли акцияларини ҳибсга олган эди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатларда Ўзбекистондаги бошқа йирик ташкилотлар сингари Қувасойдаги Кварц ва Цемент заводларини ҳам Гулнора Каримова назорат қилгани иддао қилинади.

Гулнора Каримова Twitter саҳифаси ёпилишидан аввал (2013 йилнинг ноябрида) эълон қилган шов-шувли маълумотлар битилган мактубида Фарғонадаги ушбу корхоналардаги ноқонуний ишлар онаси Татьяна Каримова "қаноти остида хамирдан қил суғургандек" амалга оширилгани ҳақида ёзганди.

Гулноранинг ўша мактубида Фарғонадаги бир нечта заводдаги мансабдор шахсларни қамаш жараёни 2012 йилнинг бошида бошлангани ва холаваччаси Акбарали Абдуллаевнинг қамалиши ушбу кампаниянинг "авж нуқтаси" бўлгани ҳақида ёзилган.

XS
SM
MD
LG