Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2020, Тошкент вақти: 04:04

Андижонлик она Абдували қори билан йўқолган ўғлини топишга Мирзиёевдан ёрдам сўради


Андижонлик 80 яшар Мамлакатхон Маткаримова президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мактуб йўллаб, 22 йил муқаддам бедарак йўқолган ўғли Рамазон Маткаримовни топишда ёрдам беришни сўради. Маткаримов 1995 йил августида андижонлик таниқли имом Абдували Мирзаев билан Тошкент аэропортида текширувдан ўтгандан кейин ғойиб бўлгани айтилади.​

Онанинг хати

Озодлик почтасига Telegram воситасида юборилган мактубда Мамлакатхон Маткаримова бу йил ёши 58 тўладиган ўғлини топишда ёрдам беришни сўраб, Ўзбекистоннинг "биринчи Президентига ҳам жуда кўп маротаба ариза билан мурожаат қилгани", аммо ҳозиргача бу масалада ҳеч қандай илгарилаш бўлмаганини таъкидлайди:

"Аризаларимиз доимо СНБга, Прократурага, МВДга жўнатилади, Президент кабулларига жуда кўп марта бордик, Президент тугул маслахатчилари ҳам қабул қилишмаган. Анчадан бери ариза ёзишни ҳам бас килгандик. Давлатимизга сиз янги Президент этиб сайланганингиз бизда яна умид уйғотди," деб ёзади Мамлакатхон Маткаримова.

Онасининг ишонч билан айтишича, Рамазон Маткаримов 1995 йил 29 августида Москвада бўладиган исломий анжуманга андижонлик таниқли имом Абдували Мирзаев билан йўл олган ва Тошкент аэропортида текширувдан ўтгандан кейин ғойиб бўлган.

Мамлакатхон Маткаримованинг иддао қилишича, Рамазон Маткаримов "маъмурий орган ходимлари" томонидан ушланган.

"Москвага учиш учун рўйхатдан ва махсус кўрикдан ўтгандан сўнг, маъмурий орган ходимлари томонидан ушланган ва шу кунгачага ўғлимдан ҳеч қандай дарак йўқ", деб ёзади Маткаримова.

Ака нима деди?

Озодлик билан суҳбатда Рамазон Маткаримовнинг акаси Адҳам Маткаримов укаси ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилди.

"Ушлаб, ҳеч ким билмайдиган ерга қамашган уни. У ёлғиз ўзи эмас-ку?!" дер экан, Адҳам Маткаримов укаси Рамазон Абдували қорига ҳамроҳлик қилгани учун ушланганини иддао қилди.

Адҳам Маткаримов: Укам Адували қори билан бирга бўлгани учун йўқолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00
Бевосита линк

ИИВ жавоби

Ички ишлар вазирлиги жавоби
Ички ишлар вазирлиги жавоби

Адҳам Маткаримовнинг 2017 йил 30 сентябрда президент виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатномасига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Транспортдаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси (ТЖХТБ) жавоб йўллаган.

Унда Рамазон Маткаримов Тошкент апэропортидаги милиция бўлинмасига "олиб келинмаганлиги ва унга нисбатан... ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий ҳолатлар расмийлаштирилмаганлиги маълум бўлди," дейилган.

МХХ жавоби

2005 йили МХХнинг ўша даврдаги матбуот котиби Олим Тўрақулов Озодлик саволига жавобан Рамазон Маткаримовга ҳамроҳлик қилган имом Абдували қори Мирзаев ҳақда шундай деганди:

Абдували Мирзаевга 1999 йил 15 май куни Бош прокуратура томонидан бир неча моддалар бўйича сиртдан айблов ва қидирув эълон қилинган. 2001 йилда айбланувчининг қаерда экани номаълум бўлгани сабабли тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган. Яна такрор айтаман, уни МХХ ходимлари ўғирлаб кетган, деган иддаолар қуруқ туҳматдан иборат”.

Абдували Мирзаев ва Рамазон Маткаримов

Абдували Мирзаев
Абдували Мирзаев

1950 йилда Андижонда туғилган Абдували Мирзаев шаҳардаги Жомеъ масжиди имоми сифатида 1990- йиллар бошида аввалига Андижон шаҳри, кейинчалик Фарғона водийсида танилган имомлардан бири эди.

Унинг имомлик фаолияти ва Ислом динига тарғиботи ҳақида жуда зиддиятли қарашлар мавжуд.

Ўзбекистон ҳукумати у кишини мамлакатда "ваҳҳобийлик" оқими асосчиларидан бири, деб айблаган.

Рамазон Маткаримов
Рамазон Маткаримов

Яқинларига кўра, Рамазон Маткаримов 1980- йилларда "Андижон-Москва" поезд йўналишида проводник бўлиб ишлаган, Совет Иттифоқи парчалангач, тижорат билан шуғулланган.

Унинг акаси Адҳам Маткаримовнинг айтишича, Рамазон Маткаримов 90- йиллар бошидан то изсиз йўқолгунга қадар Абдували Мирзаев имомлик қилган масжидга қатнаб юрган.

"Президент жаноблари, ўғлимизни озод қилишга ва қаердалигини билишга ёрдам беринг. Қамалган жойига бориб кўриб турсак ҳам, бизга етарли," дея мурожаатига якун ясаган Мамлакатхон Маткаримова.

Озодлик Рамазон Маткаримов ва Абдували Мирзаев 8174-рақами остида Россия Федерациясининг Федерал қидирувда бўлганлар рўйхатига киритилганини аниқлади.

Шарҳларни кўринг (11)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG