Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 22:33

Эксперт: 9 яшар боланинг ота-она босими остида рўза тутиши конвенцияга зид!


Қўқон шаҳридаги 8-мактаб директори 6 май куни дарсдан сўнг рўза тутган бошланғич синф ўқувчиларини мактаб ҳовлисида югуртиргани ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида “эътиқод учун сазойи” дея таърифланди.

Маҳаллий нашрлар Қўқондаги мактаб ўқувчилари “рўза тутгани учун жазо сифатида атайин иссиқда стадионда югуртирди” деб ëзди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 8-сонли умумий таълим мактабида рўза тутган ўқувчилар мактаб ҳовлисида югуртирилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берди.

"Ўрганиш давомида, мактаб директори томонидан жорий йилнинг 6 май куни рўза тутган бошланғич синф ўқувчиларини мактаб ҳовлисида югуртиргани ҳолати ўз тасдиғини топмади", дейилади прокуратура хабарида.

Mаълум бўлишича Қўқондаги 8-мактабда стадион ҳам йўқ.

Мактаб дунëвий давлат қонуни асосида ишлайди

Фарғона вилоят Xалқ таълими бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган ходими “6 май куни 3-синф ўқувчилари режадаги спорт мусобақасида иштирок этганлигини” билдирди.

Бошқарма мулозимига кўра¸ 3-синф ўқувчиларига рўза тутиш тавсия қилинмайди ва улар мактаб режасидаги машғулотда эркин қатнашган:

- Ўқувчиларни соғломлаштириш мақсадида дарсдан кейин ташкил қилинган мусобақада 3-синф болалари ўз ихтиëри билан югуришди¸ деди мулозим.

Тақводор ота-оналар таҳдиди боис исми очиқланмаслигини сўраган мулозим 3-синф ўқувчиларининг ота-она босими остида рўза тутгани на исломий ва на дунëвий нормага тўғри келмаслигини таъкидлади:

- Ўзбекистон - дунëвий давлат. Таълим тизими давлат қонунлари асосида ишлайди. Рўза тутди, деб мактаб режасидаги машғулотларни бекор қила олмаймиз. Иккинчидан, 9 яшар бола рўза тутсин, деган талаб йўқлигини масжид имомининг ўзи бизга айтган. Шундай ҳам яхши еб-ичмайдиган камқон болалар саломатлиги учун хатар бу. Яқинда сиз айтган 8-мактабда рўза тутган ўқувчи дарс қилишга ярамай қолгани учун уйига қайтарилди¸ дейди бошқарма мулозими.

Бола ҳуқуқлари бўйича эксперт Наргиза Исамуҳаммедованинг 9 май куни Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 24-моддаси болаларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган анъанавий амалиётга барҳам беришни талаб қилади:

- Конвенцияни ратификация қилган давлат бу моддада кўзда тутилган талабни бажариши керак. Бола саломатлигига зарар етадиган амалиëтга мажбурланса¸ давлат аралашиб бунга чек қўйиши керак. Ëш гўдак ота-она босими остида 15 соат сувсиз¸ овқатсиз қолдирилишини диний эътиқод билан хаспўшлаб бўлмайди¸ дейди бола ҳуқуқлари бўйича эксперт.

Қўқондаги воқеа мисолида тўхталган суҳбатдош “мактаб ташқи мафкуравий таъсирлардан холи туриши керак”лигини урғулади:

- Мавзуни тармоқлардан кузатиб турибман. Мактаб ўқитувчилари белгиланган дарс режаси ва дарсдан сўнгги машғулотларни ўқувчиларга бажартириши керак. Рамазон ойи учун имтиëз белгиланмаган. Ота-оналарнинг ўқитувчига босим қилгани ҳам нотўғри. Ҳуқуқ-тартибот органлари¸ вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспекторлар ўз фарзандига ва ўқитувчига босим ўтказган ота-оналар билан суҳбат ўтказиши лозим¸ дейди эксперт.

XS
SM
MD
LG