Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 01:28

Бош прокуратура Қодировнинг “жиноий шериги” ҳибсдан шартли қўйиб юборилганини тасдиқлади


30 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировнинг "жиноий шериги" сифатида кўрилган Алишер Ходиев ҳибсдан озод этилгани ҳақидаги Озодлик хабарини тасдиқлади. Бош прокуратуранинг Озодликка берилган расмий баëнотида айтилишича¸ кўнгилли равишда Испаниядан Ўзбекистонга қайтиб¸ тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган 40 яшар Ходиевга нисбатан илгари сурилган айбловлар олиб ташланмаган.

Алишер Ходиев Ўзбекистонда товламачалик, фирибгарлик ва жиноий йўллар билан топилган пулларни легаллаштиришда айбланмоқда.

Унга қарши илгари сурилган айбловлар Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

27 август куни Озодлик Испания суди Алишер Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги 17 июль куни чиқарган дастлабки ажримини бекор қилиб¸ уни ҳибсдан озод этгани ҳақида хабар берган эди.

7 август кунги янги ажримда экстрадиция қарорининг бекор қилинишига Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Алишер Ходиев халқаро қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташлагани сабаб бўлгани билдирилган.

Испан суди дастлаб Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида ажрим чиқарди
Испан суди дастлаб Ходиевни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида ажрим чиқарди

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг алоҳида таъкидлашича, Алишер Ходиев қидирувдигилар рўйхатидан чиқарилганига қарамай¸ унга нисбатан қўйилган айбловлар олиб ташланмаган.

"А. Ходиевнинг Бош прокуратура қарори асосида ҳибсдан озод этилганини тасдиқлаймиз. Бундай қарорга ҳибсдаги А. Ходиевнинг Ўзбекистон Республикасига ўз ихтиёри билан қайтиш ва тергов билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги мурожаати асос бўлди. Сентябрь бошида А. Ходиевнинг Ўзбекистон Республикасига ўз ихтиёри билан қайтиши ва тергов билан ҳамкорлик қилиши кутилмоқда. Унинг ҳибсдан озод этилиши Ходиевга нисбатан тергов версиясининг ўзгарганини англатмайди. Ходиев унга нисбатан барча пунктлар бўйича ҳали ҳам айбланувчи ҳисобланади," - дейилади Бош прокуратуранинг Озодликка йўллаган жавобида.

Бош прокуратура Алишер Ходиевнинг ёзма мурожаати нусхасини ҳозирча Озодликка тақдим қилмади.

27 август куни Озодлик саволларига ëзма жавоб берган Алишер Ходиевнинг испан адвокати Хуан Карлос Ўзбекистондан Испанияга келган Бош прокуратура вакили Исроил Адҳамовга расман ишончсизлик билдирганини маълум қилган эди.

Хуан Карлос Брейнинг иддао қилишича, Испания судида ҳимоя томони тақдим этган ҳужжатларнинг Ўзбекистонда олиб борилаётган тергов ишларига бириктирилмагани, Ўзбекистон прокуратураси ходимининг "объективлигига шубҳа" борлиги эътирозга сабаб бўлган.

Бош прокуратуранинг Озодликка йўллаган ёзма жавобида Алишер Ходиев устидан қўзғатилган ишда айбланувчининг иқтисодий "зарарни қоплаш"ига алоҳида эътибор қаратилиши билдирилган.

"Тергов пайтида у (Алишер Ходиев - таҳр.) нинг барча важлари текшириб чиқилади. Бош прокуратура иқтисодий ишларда айбланаëтганларнинг моддий зарарни қоплашига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу муносабат билан Ходиевга ўз ихтиëри билан Ўзбекистонга қайтиш ва тергов ишларида қатнашиш имкони берилди," дейилади Бош прокуратура жавобида.

Озодликка юборилган расмий ҳужжатларга кўра¸ Алишер Ходиевга қарши илгари сурилган айблов хулосаси бир шахс - Ўзбекистондаги қатор йирик корхоналар раҳбари, етакчи тижорий банклардан бири "Инфинбанк"нинг энг йирик ҳиссадори - Фарҳод Маматжонов берган шикоят аризаларига асосланган.

Бош прокуратура томонидан Испания судига тақдим этилган ҳужжатларда иддао қилинишича, Алишер Ходиев "жиноий жавобгарликка тортиш" билан таҳдид қилиб, Фарҳод Маматжоновдан 2009-2013 йиллар давомида жами етти ҳолатда 2 миллион 600 минг доллардан кўпроқ маблағни олиб қўйган.

Мазкур жиноятларни, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг даъво қилишича, Алишер Ходиев Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров, унинг ўғли Алишербек Қодиров, тижорий шериги Хайрулло Мусабоев ва бошқалар билан бирга "олдиндан жиноий тил бириктириб" амалга оширган.

15 йил Бош прокурор вазифасини бажарган Рашитжон Қодиров шу йил 22 февралда ҳибсга олинганди
15 йил Бош прокурор вазифасини бажарган Рашитжон Қодиров шу йил 22 февралда ҳибсга олинганди

2018 йил 22 февраль куни ҳибсга олинган 67 яшар генерал Рашитжон Қодиров 2000 йилдан 2015 йилга қадар Ўзбекистон Бош прокурори бўлган.

Собиқ бош прокурорга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси ("товламачилик"), 167-моддаси ("ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш", 184-моддаси ("солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш"), 210-моддаси ("пора олиш") ва 236 моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) билан айбловлар илгари сурилган.

Бош прокуратура расмий баëнотига кўра¸ Қодиров иши доирасида жами 24 шахсга нисбатан айблов эълон қилинган ва улардан 21 нафари ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG