Линклар

Мирзиëевнинг қароридан кейин рассомлар Оқтошдаги ижод уйидан маҳрум бўлди

  • Абдулла Искандар/Озодлик

Таниқли рассом Неъмат Қўзибоев мўйқламига оид "Оқтошдаги рассомлар уйи" асари.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туман, Сойлиқ қишлоғида жойлашган “Оқтош” ижод уйи яқинда ташкил қилинган “Илҳом” жамоат фонди тасарруфига бадалсиз ўтказиб берилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган тошкентлик санъатшунос Акмал Ризаевга кўра¸ рассомларнинг қалам ҳақидан чегирилган пуллар эвазига Совет даврида бунëд қилинган ижод уйи ўтган ҳафта рассомлар учун эшигини ëпган:

- Совет даврида ўзбек рассомларининг жамоавий мулки сифатида ташкил бўлган бу оромгоҳ рассомлардан сўрамасдан¸ яқинда ташкил бўлган ва мақсадлари ўта мавҳум ташкилотга текинга бериб юборилди. Бу ҳолатдан рассомлар норози¸ - деди мунаққид.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг ўзини "академия раиси Акмал Нуритдиновнинг ўринбосари", деб таништирган мулозими "Оқтош” ижод уйининг бошқа ташкилотга бадалсиз бериб юборилганлигини тасдиқлади.

- Бино ва унга туташ ер майдони Ўзбекистон президентининг 2017 йил 9 августдаги қарорига асосан берилди. Тўғри “Оқтош” ижод уйи ўзбек рассомлари гонорарлари чегирмаси ҳисобидан қурилган коллектив мулк эди. Аммо академияга вазирлик мақоми берилгандан кейин бу мулк автоматик тарзда давлат мулкига айланди. Давлат мулк эгаси сифатида бинони жамаот ташкилотига бадалсиз берди. Бу ерда юридик низо йўқ¸ -дейди мулозим.

Ўзбекистон президентининг "Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори тўққизинчи бандида “Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Оқтош” ижод уйи янги тузилган“Илҳом” жамоат фонди тасарруфига ўтказилиши айтилган.

Қарорга кўра¸ бу ижод уйи бундан буëн янги тузилган фонд аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун хизмат қилади.

Ўзбекистон бастакорлар¸ театр арбооблари ва журналистлар уюшмаси фонд аъзолари сифатида қайд қилинган.

Тошкентлик санъатшунос Акмал Ризевнинг айтишича¸ Совет даврида бастакорлар¸ театр арбоблари ва журналистлар уюшмаларининг ҳам ижод уйлари мавжуд бўлган:

- Рассомлардан фарқли ўлароқ, бу ташкилотлар бошига келган раҳбарлар ўз ташкилотларига оид оромгоҳларни шубҳали схемалар асосида сотиб юборишди. Рассомлар ташкилоти эса ўз ижод уйини асраб-авайлаб келишди. Бугун бу ижод уйини рассомлардан олиб айтайлик журналистларга берилиши инсофсизлик,- дейди мунаққид.

Ризевга кўра¸ “Ëш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш” каби мавҳум мақсадни кўзлаган бу ташкилот илк қадамлариданоқ мавжуд ресурсларни қайта тақсимлаш йўлига ўтган:

- Бунëд қилиш йўлидан эмас¸ балки тортиб олиб эгалик қилиш йўлидан бормоқда бу ташкилот. Президент қарорига кўра, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг 7 миллиард сўм миқдордаги маблағи Фонд ҳисоб рақамига хайрия асосида ўтказилган. Ҳайрия дегани ўз ихтиëри билан дегани. Лекин ҳайрия қилинсин деб қарорда ëзилишини ўзи савол уйғотади. Шунингдек, Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий суд ноқонуний йўл билан топилган ва мусодара этилган даромадлар ҳисобидан Фондга 13 миллиард сўм маблағ йўналтириши ҳам қарорда кўрсатилган. Бировлардан қақшатиб олинган пул “Илҳом” жамоат фонди аурасини ижобий қилмаса керак¸ дейди мунақққид.

Ўзбекистон Президентининг қарори билан Бастакорлар уюшмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ташкил этилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG